16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Қашқадарёнинг мустақилликдан кейинги биринчи ҳокими

Қашқадарёга оид

Темир Пўлатович Хидиров 1945 йил 14 ноябрда Қарши туманининг Гунгон қишлоғида туғилган. 1968 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини тамомлаган. Сўнг Қашқадарё вилояти суғориш тизимлари бошқармаси муҳандиси, Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги бирлашган бошқармаси бош муҳандиси вазифасида иш олиб борган. Шунингдек, Яккабоғ КМК бошлиғи ва Қашқадарё вилояти «Эскиангарканалстрой» трести КМК бошлиғи бўлган.

1973 йилдан 1991 йилгача коммунистик партия аъзоси бўлиб, 1976 йилдан бошлаб Ўзбекистон компартияси Қашқадарё вилояти қўмитаси сектор мудири лавозимида ишлаган. 1980 йилда Тошкент Олий партия мактабини тамомлаган.

1983 йилда  партия марказий қўмитасида инструктор бўлиб ишлаган. 1984 йилдан Қашқадарё вилояти қўмитаси бўлим мудири ва Қарши тумани қўмитаси биринчи котиби вазифасида фаолият юритган.

1988 йилдан Ўзбекистон компартияси Қашқадарё вилояти қўмитаси котиби ва 1990 йилдан Қашқадарё вилояти ижроия қўмитаси раиси. 1991 йил май ойидан Ўзбекистон коммунистик партияси Қашқадарё вилояти қўмитасининг биринчи котиби бўлган.

1992 йил 27 январда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг буйруғи билан Темир Хидиров Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимига тайинланган. Ушбу вазифада 1995 йилгача фаолият олиб борган.

Гулшанми, кўли шан?

Биласиз, Қарши шаҳридаги Жайҳун кўчаси ва Қарши-Шаҳрисабз йўли кесишмаси тарафда Гулшан номли маҳалла бор. Ушбу жой номи гулзор деган маънони англатадими ёки бошқа маънога эгами?

Бу борада вилоятда энг йирик мутахассис саналган Тўра Нафасов маълумотларига таянсак, эски «Қарши»  чойхонаси шимолидаги баланд жой – Катари тепалиги атрофи ўтмишда кўл бўлган. Ана шу кўл Гулшан, Гулшанг деб аталган. Кўлга Бешкент ариқдан сув тушган. Тепаликнинг орқа томонидан Қорасув Ғузор томондан оқиб келиб Қашқадарёга қуйилган. Катари тепалиги сув билан ўраб олинган  бўлиб, ўтмишда йирик қўрғон бўлган.

Гулшан – тожикча сўз. Гул кўп ўсган жой, гул экиб обод қилинган жой – гулшан. Бу – гулшан сўзининг ҳозирги маъноси. Ўтмишда бошқа маънолари бўлгани ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Мутахассиснинг фикрича, кўл+и+шан бирикмасининг ўзгарган шакли бўлиши ҳам мумкин. Кўлишан – катта кўл ёки чуқур кўл дегани.

Чўли ота ким?

Қарши туманидаги Чўлиота деган жой ҳақида кўп эшитганмиз. Хўш, бу жой номи қандай маъно билдиради, Чўли ота ким?

Гап шундаки, қишлоқ хўжалиги соҳасининг ҳақиқий фидойиси ва етук билимдони, ўзининг моҳир ташкилотчилик ва жонкуяр раҳбарлик фаолияти билан ном қозонган Чўли Бегимқулов айни шу ерда туғилган, аниқроғи, 1902 йилда Қарши туманининг Дашт қишлоғида дунёга келган. Айни шу одамнинг исми кейинчалик ҳудуд номига кўчган.

Бунга боис шуки, барваста келбатли, полвонсифат Чўли Бегимқулов ёшлик йилларидаёқ ўзидаги ташкилотчилик, раҳбарлик, бошқаларни ортидан эргаштира олиш сифатларини намоён этган. Ўтган аср 30-йилларида колхозлаштириш ҳаракати бошлангач, ўзи яшаб турган ҳудудда колхоз ташкил этган. 1931 йилда ўша колхозга, 1939 йилда эса туман ижроия қўмитасига раис этиб сайланади.

Чўли Бегимқулов 1943 йилнинг январь ойида Қашқадарё вилоятини ташкил этиш бўйича ташкилий қўмитага раҳбарлик қилади. Шу йилдан 1945 йилга қадар вилоят ижроия қўмитасига раҳбарлик қилади.

1945 йилдан яна ўзининг аввалги ишига қайтиб, колхоз раиси сифатида фаолият юрита бошлайди. Чўли Бегимқулов раҳбарлигида колхозда деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш салмоғи йил сайин ортиб боради. Айниқса, қоракўлчиликда жуда катта ютуқларга эришилади. Натижада 1946, 1947, 1957 йилларда ўз даврининг энг юксак орденлари билан тақдирланади. 1958 йилда эса Чўли Бегимқуловга «Меҳнат қаҳрамони» унвони берилади.

Чўли Бегимқулов 1963 йилда, 61 ёшида вафот этган. 1973 йилдан у раҳбарлик қилган колхоз Чўли Бегимқулов номи билан аталган.

Колхоздан адабиётга…

Истеъдодли ўзбек адабиётшуноси Бобомурод Даминов 1913 йилда Қамаши туманидаги Дўстберди қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келган.

Ўрта маълумот олгач, Самарқанд давлат университети ва Москвада олий партия мактабида таҳсил олади. Бухоро ва Самарқанд вилоятларида туман партия қўмитасида, совхоз директори, колхоз раиси лавозимларида хизмат қилади.

Бобомурод Даминов ижод билан мунтазам шуғулланган. Унинг «Одамдан яхши ном қолсин», «Момо ер нафаси», «Бобо деҳқон», «Адолат, сенга таъзим», «Томир», «Тугалланмаган портрет», «Абадият лаҳзалари» номли китоблари нашр этилган. «Ишониш керак» романи, «Рухсора» қиссаси ва қатор ҳикоялари Москвадаги «Советский писатель» нашриётида рус тилида кўп минг нусхада чоп этилган. 25 йил мобайнида 4 жилддан иборат «Пешонада бори» («Энди ғингшима», «Тақдир ўйини», «Жанг майдони», «Тош бўлсин-а») тетралогиясини ёзиб тамомлаган. Мазкур романларида муаллиф азалий инсоний муносабатлар мавзусига янгича назар ташлайди.

Бобомурод Даминов «Эл-юрт ҳурмати» ордени, «Шуҳрат» медали, Ўзбекистон Республикаси Давлат  мустақиллиги муносабати билан эсдалик нишони билан тақдирланган.

Жовлининг маъноси нима?

Эскининг одамларига Жовли деган исм қўйилган. Кишилар кўз ардоғи, фарзанди аржумандига раво кўрган бу сўзнинг маъноси нима?

Бу ҳақда атоқли шоир Эшқобил Шукурнинг «Бобосўз изидан» китобида қуйидагиларни ўқиймиз:

«Жовли сўзини «мойли» маъносида тушунамиз. Мойли деган исмлар ҳам бор. Ёғни шевада жов ҳам дейишади. Хуллас, биз учун Жовли – «мойли»дир. Мен «Қутадғу билиг»ни варақлаб ўтириб, «жавли» сўзининг бошқача маъносига дуч келдим:

Кэлир қут кишикӓ аты жавланур.

Маъноси:

Кишига бахт келади, оти шуҳратланур.

Маҳмуд Кошғарийда жавли сўзи ǰаwлї ва чаwлї шаклида берилиб, маъноси ёқиш учун қўлланадиган ёнғоқ пўчоғи деб изоҳланади. Лекин Кошғарий чаwландї сўзини «шуҳрат қозонди» деган маънода изоҳлайди. Тўн юқуқ ва Моюн Чур битиктошларида čав сўзи «шуҳрат, донг, машҳур, номдор» маъноларида келади. ХIV асрга оид «Китаб ат туҳфа аз-закиййа» луғатида шавли сўзи «таниқли, шуҳратли» маъноларида келган. Балки шов-шув сўзидаги шов ўша шавли сўзига алоқадор эмасмикин? «Изоҳли луғат»имизда шов сўзи шунга ўхшаш товушдан дейилган. Шовқин сўзи ҳам асли шу «шов-шув»даги «шов»дан келиб чиққан бўлиши керак. Хуллас, шунча манбаларни кўриб, Жовли мойли деганимикин ё шуҳратли деганимикин деб ўйлаб қолдим. Лекин барибир биз учун Жовлибой мойли бой-да».

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.