16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Илм-фан

“ҚАШҚАДАРЁ СТАРТАП ЛИГАСИ” ҲУДУДИЙ СТАРТАП ТАНЛОВИГА СТАРТ БЕРИЛДИ

Вилоят ҳокимининг 2026 йил 22 июндаги тегишли фармойиши билан ҳудудда барқарор стартап лойиҳалар экотизимини шакллантириш, стартап лойиҳаларни ғоядан масштаблаштириш ва инвестиция босқичига олиб чиқиш,  ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишнинг инновацион ечимларини излаб топиш мақсадида ўтказилаётган танловда қатнашиш учун аризалар 15 июлга қадар tanlov.qashqadaryo.uz платформаси орқали онлайн қабул қилинади.

Кимлар иштирок этиши мумкин?

Тасдиқланган низомга кўра, танловда қатнашиш ихтиёрий бўлиб, унда вилоятдаги олий таълим ташкилотлари талабалари, магистрантлари, докторантлари, ёш тадқиқотчилар ва тадбиркорлар ҳамда 5 нафаргача аъзодан иборат ташаббускор жамоалар иштирок этиши мумкин. Ариза берувчиларнинг ёш чегараси 18 ёшдан 30 ёшгача бўлиши шарт.

Танловга келиб тушган аризалар асосида  16 июлдан 30 июлга қадар олий таълим ташкилотларида ички ва ОТТларига оид бўлмаган эркин даъвогарлар ҳамда ташаббускор жамоалар учун вилоят марказида дастлабки саралаш амалга оширилади. Агар олий таълим ташкилотларига оид бўлмаган эркин даъвогарлар ҳамда ташаббускор жамоалар сони кўпайиб кетса, заруратга қараб танловнинг туман (шаҳар) қўшимча саралаш босқичи ўтказилиши ҳам мумкин.

Бунда, саралаш якунларига кўра, ҳар бир олий таълим ташкилотидан ва туман (шаҳар)дан энг юқори балл тўплаган учтагача стартап танловнинг 1 августдан 15 августга қадар ташкил қилинадиган вилоят финал босқичида иштирок этиш учун тавсия этилади. Лойиҳалар сони ва сифати юқори бўлган тақдирда ОТТлари қўшимча 1-2 та лойиҳани «захира номзод» сифатида тақдим этиши мумкин.

Танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими 30 августга қадар уюштирилади.

Йўналишлар ва баҳолаш мезонлари

Танлов қуйидаги ўнта устувор йўналиш бўйича ташкил этилади:

– ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва рақамли хизматлар;

– агротехнологиялар ва сув тежамкор ечимлар;

– таълим технологиялари;

– тиббиёт ва ижтимоий хизматлар;

– молиявий технологиялар;

– давлат хизматлари ва ҳудуд бошқарувини рақамлаштириш;

– яшил технологиялар;

 – туризм ва хизмат кўрсатиш;

– саноат, логистика ва маҳаллий ишлаб чиқариш;

– вилоятдаги аниқ муаммоларни ҳал этишга қаратилган бошқа стартаплар.

Тақдим этилган лойиҳаларнинг ҳар бири 8 та мезон бўйича 100 баллик тизим асосида очиқлик, рақобат, шаффофлик, амалиётга йўналтирилганлик ва тенг имкониятлар принципларига қатъий таянган ҳолда баҳоланади.

Бунда стартап ўзида мужассам этган муаммонинг реаллиги, аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ёки ҳудуд иқтисодиёти учун аҳамияти, унинг кўлами ва ечимга бўлган эҳтиёж; 

таклиф этилаётган ечимнинг янгилиги, мавжуд ечимлардан фарқи, рақобатда устунлиги ва муаммони ҳал қилиш самарадорлиги;

ишчи намуна, прототип, дастурий маҳсулот ёки амалий моделнинг мавжудлиги, тайёрлик даражаси ва синов натижалари;

мақсадли мижозлар, бозор эҳтиёжи, рақобат муҳити, маҳсулот ёки хизматдан фойдаланувчиларни жалб қилиш имконияти;

вилоят ҳудудида синаб кўриш, жорий этиш, кенгайтириш ҳамда реал буюртмачига боғлаш имконияти;

даромад олиш модели, асосий харажатлар, молиялаштиришга эҳтиёж ва лойиҳанинг барқарор ишлаш имконияти;

жамоа аъзоларининг билими, тажрибаси, вазифалар тақсимоти, лойиҳани амалга ошириш қобилияти ва унга садоқати;

лойиҳани аниқ ва ишончли тақдим этиш, вақтдан самарали фойдаланиш ҳамда муаллифларнинг ҳакамлар саволларига асосланган жавоб бериши ҳисобга олиниб, тегишли баллар тақдим этилади.  

Ғолиблар пул олади ва истиқболли лойиҳалар қўллаб-қувватланади

Танлов низомида белгиланганидек, совриндорлар биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин, шунингдек, келиб тушган стартапларнинг йўналиши, долзарблиги ва хусусиятидан келиб чиқиб, бештагача махсус номинация асосида тақдирланади.

Бунда, ғолиблар диплом, кубок ёки статуетка ҳамда мос тарзда 50, 30, 20 миллион сўм маблағ билан рағбатлантирилиши; номинациялар учун 10 миллион сўмдан мукофот берилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, барча финал қатнашчиларига танловда иштирок этганлигини тасдиқловчи электрон сертификат берилади.

Танлов ғолиблари ва истиқболли деб топилган стартапларни тадбиркор-ментор, техник  мутахассис ёки соҳа экспертини бириктириш; акселерация ёки инкубация дастурига жалб этиш; ҳамкор ташкилотларнинг инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятини бериш; бизнес-режа, бизнес-модел, молиявий ҳисоб-китоб ва инвестиция тақдимотини тайёрлашга ёрдамлашиш; банклар, хусусий инвесторлар, тадбиркорлар ва венчур фондлар вакиллари билан учрашувлар ташкил этиш; маҳаллий, республика ва халқаро грантлар дастурларига ариза топширишга кўмаклашиш; лойиҳани реал сектор, давлат ташкилоти, ОТТ ёки тадбиркорлик субъектида пилот синаб кўриш тарзида қўшимча қўллаб-қувватлаш ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, совриндорлар пул мукофоти тўланган кундан бошлаб 15 кун ичида лойиҳани кейинги олти ой давомида ривожлантириш бўйича йўл харитасини танлов Ташкилий қўмитасига тақдим этган ҳолда кўрсатилган даврда унда кўзда тутилган мақсадларга эришилиши мониторинг қилиб борилади. Якунда энг яхши натижа кўрсатган лойиҳаларни кейинги босқичда қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Қандай натижага эришилади?

Танлов стартаплар муаллифларини фақат мукофотлаш эмас, балки уларнинг лойиҳаларини менторлик, пилот, акселерация ва инвестицияга тайёрлаш орқали ривожлантиришга қаратилган амалий механизм ҳисобланади.

Унинг замирида холис аниқлаган энг истиқболли стартапларни тадбиркорлар, инвесторлар ва реал сектор субъектлари билан боғлаш ғояси  мужассам. Шу тарзда ўзаро амалий ҳамкорлик йўлга қўйилиб, истиқболли стартаплар вилоят иқтисодиёти учун фойдали ечимларга айлантирилади.

Ўз мухбиримиз