16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

Қашқадарё ўрта аср шаҳарлари ҳақида китоб нашр этилди

Дунёнинг энг қадимий цивилизациялари – Миср, Икки дарё оралиғи, Хитой ва Ҳинд тамаддунлари қаторида Амударё, Сирдарё, Зарафшон ва Қашқадарё ҳавзаларида шаклланган Ўрта Осиё цивилизацияси ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. Дарҳақиқат, Жанубий Суғд – яъни Қашқадарё воҳасидаги илк шаҳарлар бўлмиш Узунқир, Подаётоқ, Сангиртепа (Китоб, Шаҳрисабз) ҳамда Ерқўрғон (Қарши) ёдгорликлари ўрганилган, бироқ ўрта асрларнинг қарийб 7-8 асри давомида Қашқадарёда қандай шаҳарлар мавжуд бўлган? Кеш, Насаф-Шуллуктепа, Таллисортепа, Кофиртепа, Косонтепа, Олтинтепа ҳақида нималарни биламиз? Занжирсаройда олиб борилган археологик қазишмалар қайси тарихий фактларни аниқлаштиришда қўл келади? Қарши воҳасининг Чиғатойлар давридаги моддий маданияти ва ҳунармандчилиги қандай бўлган?

Тадқиқот

Бу ҳақда яқиндагина чоп этилган «Қашқадарё воҳасининг VIII-XIV асрлар даври шаҳарлари ва тарихий топографияси» китобида батафсил маълумотлар олиш мумкин. Археолог олим, тарих фанлари доктори Абдисабур Раимқулов муаллифлигидаги ушбу китоб Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги «Очун» нашриётида 1000 нусхада чоп этилди.

Қайд этилишича, мазкур даврда Қашқадарё воҳасида камида 30 та шаҳар фаолият кўрсатган бўлиб, монографияда уларнинг шаклланиши, тараққиёт босқичлари, ўзига хос хусусиятлари, турлари, шаҳарлар ривожидаги асосий омиллар, Буюк Ипак йўлининг Қашқадарёдан ўтган тармоқлари, халқаро ва маҳаллий савдо йўллари, воҳанинг ўрта асрлардаги тарихий географияси кенг кўламли ўрганишлар ва манбалар асосида баён қилинган.

Китоб муаллифи Абдисабур  Раимқулов номи илмий доираларда анча машҳур. Олим 1958 йил Самарқанд вилояти Пайариқ туманида туғилган. Унинг илмий фаолияти тарих ва археология фанининг бир неча йўналишларини қамраб олган.

Биринчи йўналиш – Қашқадарё воҳасининг илк ва ривожланган ўрта асрлар, чиғатойлар даври моддий маданияти, археологияси, урбанизациясига оид изланишлардан иборат бўлса, иккинчи йўналиш – Ўрта Осиё маданиятида динлар таъсири тадқиқига бағишланган. Шу изланишлар сабаб олим Ватикан Шарқ тадқиқотлари институтининг грантини олишга муваффақ бўлган.

Учинчи йўналиш – Марказий Осиёда кўчманчилар дунёси цивилизацияси ҳамда Қашқадарё воҳасининг кўчманчилар шаҳарларини тадқиқ этишдир.

Олимнинг кейинги тадқиқотларида Қаршидаги Қалъаи Зоҳҳаки Морон қадимги кўчманчи юэчжиларнинг биринчи пойтахти экани, Қарши қалъаси ва Занжирсарой эса Чиғатой улуси даврида кўчманчилар томонидан қурилган ўзига хос шаҳарлар эканлиги асослаб берилган. А.Раимқулов бу борадаги тадқиқотлари боис Германиянинг DAAD жамғармаси грантини ютган.

Абдисабур Раимқулов айни пайтда Самарқанд археология институтида фаолият кўрсатади.

Б.САЙФИЕВ