16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

ҲАЁТНИНГ ЭНГ КАТТА ИЗТИРОБЛАРИ ВА ҚУВОНЧЛАРИ НИМАДА?

Сараланган сатрлар

Ҳар бир инсон болалигини қўмсаб яшайди. Болаликнинг беғубор дамлари, бепоён осмон, инсон ва табиат бирлиги, турфа ташвишлардан холи беғаму осуда кунлар ёдига тушганда, энтикмайдиган, юраги ҳаяжонга тўлмайдиган одамни топиш қийин. Яна денг, болаликда дунё ўзгача ранг-тусда бўлгандек, одамларнинг барчаси яхши, ёмонликлардан йироқдек туюлади.

Умр эса тўхтаб турмайди. Ҳаёт инсон қошида турли “ҳадя”лар билан ҳозир бўлади: моддий дунё ялтироқликлари, мансаб пиллапоялари, икир-чикиру бола-бақра ташвиши баҳонаси – инсонни БОЛАЛИК аталмиш беғубор дунёдан буткул четга улоқтириб ташлайди. Бинобарин, қалбида болалигини сақлаб қола олган инсон нақадар бахтли!

Рей Бредберининг “Момақаймоқ” романида болаликнинг сеҳрли ва унутилмас фасли бўлмиш ёз мавсуми воқеалари, ҳаётнинг майда, аммо чуқур маъноли тафсилотлари орқали инсон умрига назар солинади.

Рей Бредберини фантастик асарлари орқали яхши биламиз, аммо “Момақаймоқ”ни ўқиб кўринг: жуда ноёб услуб ва катта сўз санъаткорини кўрасиз. “Бу роман – менинг юрагим, болалигим, ёз ҳақида эслаган барча мўъжизаларимдир. Бу мен учун хотира, қувонч ва қайғу билан аралашган тириклик мадҳиясидир”, деб ёзганди муаллиф.

Асарда бахт машинасини яратаман, деб ҳақиқий бахти – оиласидан маҳрум бўлаёзган кашфиётчи; умри урушларда ўтган, аммо кексайиб, нега ва қайси томонда урушганини ҳам унутган полковник; ўзини сеҳрлашганига ишониб қолган, бироқ ландовурлигини тан олмайдиган хоним; шаҳарда юз бераётган қотилликларга сабаб сифатида кўрилган Одамхўр; ўйингоҳдаги жодугар ичига инсон қамаб қўйилган деб болалар уни ўғирлаб кетишлари; шиша ичига қамалган ёз – момақаймоқ шарбати билан боғлиқ кечинмаларни, кўплаб қизиқарли сюжетга эга манзараларни кўрасиз.

Романда фалсафа, фантастика, детектив, саргузашт – ҳаммасини учратиш мумкин. Шу китобниям ўқиб қўйсангиз, зарар қилмайди.

*  *  *

Ёз жазирамасида тоғдаги музликка чиқиб бориш қандай роҳат!

*  *  *

Инсоният борган сари табиатдан ўғрилайди, табиат эса қайтариб беришга мажбур қилади, шаҳар узил-кесил ғалаба қилмайди, унсиз хатар мангу қутқу солиб туради; инсон боласи чопқи билан қуролланди, ўроқ машина ихтиро қилди, каттакон қайчиларни ишга солиб, буталарни кузади, зарарли қурт-қумурсқалару газандалар устига заҳар сепди, у цивилизасия амри билан шиддат-ла олдинга сузаверди, бироқ, қарабсанки, ҳар бир уйни яшил тўлқинлар қоплаб олади ва мангуликка кўмиб ташлади. Қачондир Ер юзида сўнгги инсон зоти йўқолиб кетадию, унинг ўроқ машинаси, белкураклари занглаб емирилади ва кулдек тўкилиб тушади.

*  *  *

Сенга нимадир керак бўлса, уни ўзинг қўлга кирит.

*  *  *

“Ҳаётнинг энг катта изтироблари ва қувончлари нимада экан?” деб ўйларди. Дунёга келасан, улғаясан, қарийсан, ниҳоят, ўласан. Туғилиш ўзингга боғлиқ эмас, лекин етуклик, қарилик, ўлим – буларни ўзгартириш мумкинми?

*  *  *

Мана нима экан?! Демак, ҳамманинг қисмати бор. Ҳар ким ўзи билан ўзи овора, ёлғиз! Дунёда одамлар қанча кўп бўлмасин, ҳар бир одам ўзича, ҳеч ким унга ёрдам бермайди ва у доим қўрқади!

*  *  *

“Сизга ўхшаган ёшларнинг камчилиги ҳам шунда-да. Дунёдаги барча яхши нарсаларни йўқ қилишга тайёрсиз. Кам вақт сарфлаш, камроқ меҳнат қилиш – мана, нима безовта қилади сиздақаларни! Сиз менчалик яшаб кўринг, майда ишлар йирикларига қараганда муҳимроқ эканини ўшанда биласиз. Баҳор кунлари эрта тонгда пиёда сайр қилиш автомобилга ўтириб, соатига саксон мил тезлик билан учгандан афзал. Нима учун, биласизми? Чунки атрофда ҳамма нарса ўсади, гуллайди, муаттар ҳид таратади. Пиёда юргач, атрофга разм солишга, ҳар битта майда гўзалликларни кўришга улгурасиз. Тушунаман, сиз ҳамма нарсани бирваракайига кўришни, қамраб олишни хоҳлайсиз. Бу – ёшларга хос хислат. Бироқ газета мухбири ҳадеб тарвузларни кўравермасдан, майда узумларни ҳам кўра билиши керак”.

*  *  *

Боғда ер ковлаш фалсафа тўқиш учун айни муддао! Буни ҳеч ким сезмайди, ҳеч ким таъна қилмайди, одамларнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ, сен эса чинакам файласуф бўлиб кетасан.

Пионгуллар орасида юрган Афлотунга, ўзига ўзи заҳарли гиёҳ етиштираётган Суқротга айланасан-қоласан. Бир қоп ўғитни елкасига ортиб, ўтлоғида ташиб юрган одам куррайи заминни елкасида кўтарувчи Атласга ўхшайди. Бир вақтлар эсквайр Семюэлл Сполдинг бундай деган эди: “Эрни ағдар, ерни эмас, қалбингни ағдар!”

*  *  *

Шунақа одамлар бўлади – ҳамма нарсани билиши керак: дунё қандай қурилган, у нима, бу нима, бунақа одам ғам-ғуссага тўлиб циркда, дор устида ўйнаб туриб йиқилади ёки бўғилиб ўлади, чунки қўққисдан бўйин мушакларим қанақа ишлайди, деб хаёлга чўмган бўлади.

*  *  *

Ҳаётдан оладиган энг биринчи сабоғинг шу бўладики, аҳмоқ эканингни англайсан. Охирги сабоғинг ҳам шундан нари бўлмайди – ўша-ўша аҳмоқ эканингга амин бўласан.

*  *  *

Вақт одамларни алдайди. Одам тўққиз ёшида ўзини бутун умр тўққиз ёшда қоладигандек ҳис қилади. Ўттиз ёшида бир умр етукликнинг шу гўзал чегарасида турибман, дея ишонади. Етмиш ёшда ҳам худди шундай. Инсон ҳозирги замонда яшайди, бу замонда у ёш бўладими, қари бўладими – барибир, лекин у бошқасини ҳеч қачон кўрмайди ва билмайди.

*  *  *

Урушда ҳеч ким ғалаба қозонмайди. Урушнинг интиҳоси фақат мағлубиятдан иборат, ким охирги бўлиб ютқазса, тинчлик сўрайди. Мен нуқул мағлубиятлар бўлганини эслайман, мағлубият ва алам, фақат бир марта яхши бўлган, бу – ҳаммаси тугаган пайт эди. Мана шу охирини ғалаба деб аташ мумкин.

*  *  *

Ёнингда дўстинг чуғурчуққа ўхшаб ҳуштак чалади, ҳўл тупроқ бўлакларини оёқлари учи билан осмонга итқитади, сен бўлсанг учқур от устида кетаётгандек тупроқ йўлларда сакрайсан ва чўнтагингдаги калитларни шиқирлатасан, ҳамма нарса чеки йўқ даражада яхши, ҳамма нарсани ушлаб кўриш мумкин, дунёдаги ҳамма нарса сенга яқин ва таниш, доимо шундай бўлади.

Бу кун шунақа ажойиб эди.

*  *  *

Коинотда ҳеч нарса изсиз йўқолмайди. Ҳаёт бошлангандан буён талаффуз этилган ҳамма сўз, айтилган қўшиқлар ҳозир ҳам Коинот бўшлиқларида кезмоқда, балки, Сентавра юлдузлар туркумига учиб бориб, Жорж Вашингтон тушида алаҳлаб айтган сўз ёки Юлий Сезарнинг кўкрагига пичоқ санчишгандаги қичқириғини эшитиш мумкиндир.

Товушлар шундай экан, ёруғликнинг қисмати қандай кечади? Ахир кимдир ниманидир бир марта бўлса ҳам, кўрган бўлса, у нарса ўзидан бирор из қолдирмасдан ғойиб бўлиши мумкин эмас! Демак, қаерларнидир яхшилаб титкилаб чиқса, дунёнинг барча рангларию манзараларини топиш мумкин.

*  *  *

Одам ўн еттига кирганида ҳамма нарсани билади. Агар у йигирма еттига кириб ҳам ҳануз ҳамма нарсани билса, демак, у ҳали ҳам ўн етти ёшда.

*  *  *

Аёлни доим ғийбат қилишади, ҳатто тўқсон бешга кирган бўлса ҳам.

*  *  *

Даҳлиздаги, бувамдан қолган соатни ярим асрдан буён кузатаман. Уни бураб қўйишганда неча соатдан кейин тўхтаб қолишини олдиндан аниқ айтиб бера оламан. Кекса одамларда ҳам худди шундай бўлади. Буров кучсизланаётгани ва маятник борган сари имиллаб-имиллаб тебранаётганини улар сезишади.

*  *  *

Чин муҳаббат, гарчи жисм гоҳо ўзи бунга ишонмаса-да, кўнгилда, руҳда бўлади. Жисм фақат ўзини ўйлайди; ейиш-ичиш ва тунни кутиш. Моҳиятан у – тун қуши. Руҳ эса қуёшдан туғилган, қуёшдек теграмизда бедор туриб, ҳаммасини ўзига сингдириб олади.

*  *  *

ҲАММА НАРСАГА ИШОНАВЕРМАСЛИК КЕРАК, ЧУНКИ:

…масалан, машиналарга. Улар бузилади, занглайди, чирийди… ёки ўз умрини гаражда ўтказади…

…ёки теннис туфлисини олайлик, уни кийиб, маълум мил масофани, маълум бир тезлик билан югуриб ўтиш мумкин, кейин ер сени яна ўзига торта бошлайди…

ҲАММА ОДАМЛАРГА ҲАМ ИШОНАВЕРМАСЛИК КЕРАК, ЧУНКИ:

…улар кетиб қолади…

…баъзи одамлар ўлади…

…танишлар ҳам…

…дўстлар ўлади…

…одамлар бир-бирини ўлдиради… китоблардаги каби… қариндошларинг ҳам ўлиши мумкин…

ДЕМАК… ҲАЁТДА ЯҚИН ДЎСТЛАР, ТАНИШЛАР, ҚАДРДОНЛАР КЕТИБ ҚОЛИШИ, БОҚИЙ ДЕБ ҲИСОБЛАГАНЛАРИ ЎЛИШИ МУМКИН ЭКАН. ДЕМАК, КАМИНА ДУГЛАС СПОЛДИНГ ҲАМ КУН КЕЛИБ…

*  *  *

Одамлар дунёсига пулингни, вақтингни, ибодатингни бағишлашинг мумкин, лекин эвазига ҳеч нарса кутма.

*  *  *

Баъзи одамлар жуда эрта ғамга ботадилар. Ҳеч қанақа сабаб бўлмаса-да, қайғуга тушиш уларда туғма хислат ҳисобланса керак. Ҳамма нарсани ўзларига оғир оладилар, тез чарчайдилар, йиғлаб юборишлари ҳам жуда осон, ҳар қандай ғам-ташвишни узоқ эслаб юрадилар, қарабсанки, ёшлик пайтларини ҳавога совуришади.

*  *  *

Сукут сақлаш ҳам бахт.

*  *  *

Одам қариганда кунларнинг ҳам ранги ўчиб кетади, бунга кун келиб, ўзларингиз гувоҳ бўласиз; ҳаммаси бир-бирига ўхшаб қолади.

*  *  *

Июнь тонглари, июль чошгоҳлари, август оқшомлари – ҳаммаси тугади, бадар кетди, фақат хотиралар қолди. Олдинда узоқ куз, оппоқ қиш, яшилланадиган салқин баҳор. Шу вақт ичида ёзни яхшилаб ўйлаб кўриш, якунлар ясаш керак.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.