Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига
Маълумки, Шарқ халқлари тафаккурида ҳаким тушунчаси кўпинча икки маънони англатади: биринчиси: файласуф – донишманд; иккинчиси: моҳир табиб. Мусулмон халқлари илмий тафаккурида бу тушунчанинг мустаҳкам ўрин тутишида ва турли талқинлари пайдо бўлишида Қуръони каримнинг аҳамияти катта. Зеро, унинг бир неча оятларида бу сўз такрорланиб мўъжизакор моҳиятни ифодалаб келади. Жумладан, «Бақара» сурасининг 129-оятида «Албатта, Сен қудрат ва ҳикмат эгаси (ҳаким)дирсан», «Луқмон» сураси 2-оятида: «Ушбулар ҳикматли (ҳаким) китоб оятларидир», «Ёсин» сураси 2-оятида «Қуръони Ҳаким ила қасам», дейилади.
Кўриниб турганидек, илоҳий китобда Аллоҳ таолонинг барча оламлар сир-синоатларини билувчигина эмас, уларни тартибга солувчи беқиёс илм-ҳикматга эгалиги, мўъжиза соҳиби экани ифодаланган. Лекин илмий, адабий ва бадиий асарларда ҳаким сўзи кўчма ва мажозий маънолари билан бирга ўзакдошлари (ҳукм, аҳком, ҳоким, ҳикмат, муҳокама, ҳакам, маҳкум, маҳкама, истеҳком, мустаҳкам ва ҳоказо) англатган маънолардан ҳам кўпроқ тушунчаларни ифода этади.
Шарқ адабиётида «ҳаким» жуда фаол сўзлардан бўлиб, у асосан, ақлли, фозил, тадбиркор, донишманд, файласуф, табиб бўлган комил шахсни англатади. Кўпгина шоиру адиблар, айниқса, сўфийлик адабиёти намояндалари юнон файласуфларини ҳам ҳаким деб атайди. Баъзи буюк сўз санъаткорлари, масалан, Низомий Ганжавий ўзини донишманд атаса-да, ўша файласуфлар қаторига қўяди.
Улуғ мутафаккир Алишер Навоий ҳам ўз ижодида ҳаким (ҳукамо) тимсолига бир неча мақсадлар билан мурожаат қилади. Бу мавзу кўп тадқиқотчилар эътиборини тортган. Лекин ёндашувларда, бизнингча, ҳаким тимсолига буюк шоир мурожаатининг асл моҳияти тўлиқ ва чуқур таҳлилга тортилмайди, баъзан иллюстрациялар билан чекланилади.
Масалан, Абдулла Аъзамнинг «Навоий ва юнон донишмандлари» номли дақиқ мақоласида мутафаккир тилга олган файласуфларнинг исмлари шарқ тилларига қандай мослаштирилгани, уларнинг қачон ва қаерда яшагани, фалсафада тутган ўринлари каби масалалар ёритилган. Ҳолбуки, Навоий уларнинг таржимаи ҳоллари ёки таълимотлари ҳақида сўз юритишни мақсад қилмаган, балки уларнинг образлари орқали ўз фалсафий қарашларини ифодалаган. Умуман, Навоий ижодида ҳаким образининг поэтик талқини ва ундан мутафаккир кўзлаган мақсад алоҳида тадқиқот манбаи бўла олади. Бу ўринда биз мавзунинг асосий хусусиятлари ҳақида тўхталамиз:
1. Ҳаким образи бадиий адабиётда Навоийгача ҳам бор эди. Буюк мутафаккирнинг хизмати шундаки, бу образ талқинини мислсиз поэтик юксакликка кўтарди. Бунинг асосий омили, биринчидан, Қуръон ва Ҳадис, иккинчидан, Шарқ мутафаккирларининг бадиий анъанасидир. Е.Э.Бертельс «Сўфийлик ва сўфийлик адабиёти» монографиясида бир ҳадис келтирган: «Ҳикматни мушриклар оғзидан бўлса ҳам олинглар».

Шунингдек, олим мўътазилийлар ҳукмронлик қилган Маъмун даврида (813-833 йиллар) араб тилига қадимий юнон тилидан фалсафа ва мантиқ илмига доир кўплаб асарлар кенг миқёсда таржима қилинганини айтади. Бу иш учун Маъмун қадимий юнон адабиётларини Исломдан олдин таржима қилиш билан шуғулланган шомийлар аксар қисмини ташкил қилган махсус таржимонлик бюросини тузади. Бундай таржимонлар гуруҳлари Маъмундан ташқари Мансур, Хорун ар-Рашид каби халифалар даврида ҳам фаолият кўрсатган. Улар юнон тилидан бадиий (Ҳомер), тиббиёт (Гален), фалсафа (Платон, Аристотел, Эвклид, Птолемей, Плотин, Аммоний Саккас), шунингдек, астрономия, риёзиёт, ҳандаса, география, физика, алкимё ва бошқа фанларга доир кўплаб асарларни таржима қилган. Машҳур «Ихвону ас-сафо» олимлар гуруҳи томонидан йирик қомус яратилиб, Ислом оламида диний илмлар билан бир қаторда, гарчи баъзи мутаассиб оқимлар қаршилик кўрсатса-да, дунёвий илмларнинг ҳам жадал тараққиётига имкон яратилади. Тасаввуф бундай тараққиётни қўллаб-қувватлар эди. Унинг намояндалари бу фанларни, кўпроқ фалсафа илмини ўз амалиётларига татбиқ қилди, янада ривожлантирди.
Муҳйиддин ибн Арабийдан Абдураҳмон Жомийгача яшаган сўфий мутафаккирларнинг фаолиятида фалсафа (философия) ҳикмат, ҳикам шаклларида қўлланиб, исломий руҳда бойитиб келинди. Навоий бу анъанавий таълимот ва образдан баҳра олганига шубҳа йўқ. Лекин у яратган ҳакимлар образларида, уларнинг сияру каломларида буюк мутафаккир Навоийнинг маърифий, маънавий, сиёсий ва ахлоқий қарашларидан бошқа нарсани излаш ўринли бўлмас.
2. Эпик тасвирда Навоий қаламга олган ҳакимлар ташқи кўриниши, фикрлаши ва сўзлари билан бир-биридан фарқланмайди. Уларнинг турмуш тарзлари деярли бир хил: тоғлар бағридаги ғорларни макон тутиб, қаноат билан умргузаронлик қилади. Улар дунё ҳою ҳавасларидан кўнгил узиб, моддият лаззатларидан ўзини тийиб, маънавий комилликка интилади, лекин ҳукмдорлар хизматида бўлган ҳакимлар бундан мустасно. Маънавий комилликнинг бу йўли Навоийнинг ижод концепцияси асосида вужудга келган.
«Хамса»даги фалсафий-ғоявий талқинларни ўрганган Алибек Рустамов Навоий наздида маънавий дунёсини бойитиш учун киши дастлаб инсоннинг, жумладан, ўзининг кимлигини яхши билиб олиши ва сўнгра: 1) нафсоний қувватларни маънавий қувватларга бўйсундириши; 2) илм олиши ва ҳунар ўрганиши; 3) илмини, ҳунарини, бўлса моли ва ҳукмини оламга эзгулик уруғини сочишга сарф этиши; 4) кўнглини шу қилган гўзал ишлари ва оламдаги, хусусан, инсондаги гўзаллик билан овутиши зарур. Ана шундай етук инсон абадий саодат эгаси бўлади.
3. Достонларда муаллиф ҳакимларнинг қадим юнон фалсафасига доир фикрларидан фойдаланмайди, балки номларини келтириш шоир яшаган даврда ихтилоф келтириб чиқариши мумкин бўлган ёки кибор табақа назарида паст ҳисобланган, омма орасида шуҳрат қозонмаган, хуллас, зикри «боиси шараф» бўла олмайдиган тасаввуф олимлари қайдлари синтезидан туғилган ўз хулосаларини келтиради.
«Фарҳод ва Ширин» достонида Суқротнинг Фарҳодга айтган сўзлари бунинг исботидир: Ҳақ инсонни мавжуд этмоғидан мақсуд – уни Ҳақ амриға маъмур, ўзгадин маъзур қилмоқ эди. Шунингдек, унга Маҳбуби ҳа-қиқий Ҳақнинг ўзи, унинг васли сари йўл юрмоқ лозим, ана шунда иқболи сармад, жовид бахт топилади. Лекин бу давлатни қўлга киритиш жуда мушкул. Узоқ кўринган бу йўл икки қадам: бири ўзлук (нафс)ни фоний қилиш; иккинчиси, Уни (Ҳақни) топмоқ… Нафсдан қутулмоқнинг йўли ишқи мажозийдир. Билиш лозимки, аввал тонг оқлиги пайдо бўлиб, сўнг Қуёш чиқади. Мажозий ишқ ўша субҳи анвар, ҳақиқий ишқ хуршеди ховар… Мажозий ишқдин жонинг ўртанса, хонумонинг фано селиға боради. Маъшуқи асл чорасозинг бўлуб, мажозинг ҳақиқатқа бадал бўлади… Бақо мулкида қаҳрамонлиқ топиб, ҳақиқат тахтида соҳибқиронлиқ қиласан…
4. Салафларининг талқинлари билан қиёсланса, Навоий асарларидаги ҳакимлар образи сон (миқдор) жиҳатдан кўп ва сифат жиҳатдан анча юксак туриши аён бўлади. Масалан, Низомий «Искандарнома»да муайян масалада, дейлик, оламнинг яралиши ҳақида аввал Арасту, Волис, Балинос, Суқрот, Фарфуриус, Ҳирмис ва Афлотун ҳакимларни сўзлатади, кейин уларга Искандарнинг муносабатини келтиради. Шунда ҳам хулоса пайдо бўлмайди ва «Донишманд Низомийнинг сўзи»га зарурат туғилади. Навоийда бунинг акси кузатилади: бир ҳаким бир неча масалада ҳукм чиқаради. «Садди Искандарий» достонида Искандар томонидан берилган саволларга Арасту ва Суқротнинг жавоблари ҳеч қандай қўшимчага ўрин қолдирмаслиги буни тасдиқлайди.
5. Навоий лирикасида ҳаким мухотаб – хитоб, мурожаат қилинувчи образ сифатида намоён бўлади. У жуда кўп ўринларда зоҳиран табиб маъносида қўлланса-да, замирида вужуднинггина эмас, балки мажозий ошиқнинг, шунингдек, Ҳақ ошиғининг руҳи ва кўнглидаги дардларга ҳам малҳам, чора топа олувчи ҳодий, ижтимоий носозликларга тадбир қилувчи раҳнамо сифатида ҳам тушунилиши мумкин. Ҳакими сунъ, ҳакими коинот каби бирикмалар орқали эса илоҳий қудрат ифодаланади:
Ажал қасрин Ҳакими сунъ, бас, мушкил тилсим этмиш
Ки, ҳар ким анда кирди, бўлмади андин хабар пайдо.
Қисқа кузатишлардан хулоса шуки, Навоий ҳаким образи орқали олам, илоҳ ва инсоннинг ўзаро муносабатлари борасида ўз фалсафий қарашларини юксак даражада ифода этади. Бунда буюк мутафаккир илмий ва ижодий тафаккурининг мислсиз даражаси намоён бўлади.
Нафас ШОДМОНОВ,
филология фанлари доктори, профессор

