16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

“Ҳуррият” муҳаррири нега қатл қилинган?

Қашқадарёга оид

Маълумки, жадид маърифатпарвари Маҳмудхўжа Беҳбудий Қаршида сирли равишда қатл қилинган. Ўшанда аллома билан бирга қўлга олинганлар орасида Самарқандда нашр этилган «Ҳуррият» газетасининг бош муҳаррири Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода ҳам бўлган. Айни мавзуимиз шу инсон ҳақида.

Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода 1882 йили Самарқандда туғилган. Отаси оддий одам бўлишига қарамасдан ўғлининг таълим  олишига катта эътибор қаратган. Мардонқул дастлаб мактабда ўқиган. Сўнгра мадраса илмини олган. Форс ва араб тилларида гаплаша олган. Мустақил равишда рус тилини ҳам ўрганган.

Шоҳмуҳаммадзода 1898 йили Самарқанддаги ҳамроҳи билан Истанбул шаҳрига саёҳат қилган. Дунёвий илм-фанларни ўрганишни давом эттирган. Ҳур фикрли қарашлари орқали замондошлари эътиборига тушган. Россияда 1917 йилда юз берган инқилоб арафасида шундай қарашлари туфайли рус империяси ҳукумати томонидан ҳибсга олиниб, Тошкент қамоқхонасида сақланган. Инқилобдан сўнг ўз мақсадларидан воз кечмаган ҳолда ижтимоий-сиёсий вазиятларга фикр билдириб турган.

1917 йил апрелидан Самарқанд шаҳрида чиқа бошлаган «Ҳуррият» газетасининг 9-сонидан 26-сонигача Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода бош муҳаррир бўлган. Газетанинг илк сонида унинг «Таъмини истиқбол» мақоласи босилган. Унда муаллиф мазкур газетанинг асосий вазифаси халқимизнинг маънавий камолоти, маърифати ва илми ривожига хизмат қилишдир, дея таъкидлайди.

Тарихчи Баҳром Ирзаевнинг маълумот беришича, «Ҳуррият»нинг 1917 йил 19 май 10-сонида чоп қилинган Мардонқул Шоҳмуҳаммадзоданинг «Туркистон партиялари ва нодонлик» мақоласи жуда муҳим масалага бағишланган. Муаллиф «Бизнинг Туркистонда ҳам партиялар кўп экан, лекин мақсадларини билмадик. Андижонда миркомилчевин ва мираҳмадчевин, Тошкентда уламочевин, Самарқандда нафоқчевин ва нафсониятчевин партиялари бор. Уларнинг манбаси илмсизлик, мансаби нодонлик. Бунинг оқибати ёмон бўлар» деб, халқнинг айни пайтда ишониши лозим бўлган ягона куч сифатида ёшлар (жадид тараққийпарварлари)ни тавсия қилади. Мақолани «…ёшларимиз иззат нафс, мансабларни қўйиб, холис, манфаатларсиз, халққа хизмат этарлар. Бу йўлда қаршиликларга чидарлар. Бу кун хизматлари маълум бўлмай қолса, ўлганларидан сўнг маълум бўлар», деб тугатади.

1917 йилда Шоҳмуҳаммадзода «Мардикорлар жамияти» тузади. Бироқ жамият ўтказган тадбирлар қаршиликка дуч келиб, натижада узоқ фаолият юритмай тугатилади. Шундан кейин Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода даволаниш мақсадида Россия атрофидаги шаҳарларга йўлга чиқади. Октябрь воқеаларидан сўнг большевиклар қўл остидаги ҳукумат ишларида ишлайди.

1918 йил бошларида Самарқанд уездида милиция бошлиғи ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатади. Шу йилда Самарқанд вилоятида очарчилик кучайиб, у очларга ёрдам қўлини чўзади.

1918 йилнинг баҳор ойида Бухорога ҳужум қилишни режалаштирган Колесовни ниятидан қайтариш умидида Бухорога боради. Аммо нияти амалга ошмагач, Самарқандга келиб яна ўз ишлари билан машғул бўлади. 1918 йил ёзида яна бетоб бўлиб даволанади. Бир ойлик рухсат билан Россияга сафар қилади. Қайтишда дастлаб Кавказ, кейин Истанбулга бориб, бироз шу ерда яшайди. Туркистонда мухторият масаласи кўтарилгач, 1918 йилнинг қишида Чоржўй орқали Самарқандга келади. Ижтимоий ҳаётни яхшилаш учун халқ хизматига киришади.

Шоҳмуҳаммадзода аҳоли орасидаги ортиқча ҳашамлар, бидъатларга қарши курашгани билан ҳам эътибор қозонади.

1919 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий билан сафарга чиққанда Шаҳрисабз яқинида ҳибсга олинади ва 1920 йилда қатл этилади.

Айни қатл тафсилотлари юз йилдан бери жавоби очиқ қолаётган масала саналади. Айрим тарихчилар Беҳбудий ва сафдошлари совет амалдорлари зуғуми остида ўлимга ҳукм қилинган, дейишса, яна бир гуруҳ мутахассислар Бухоро амири буйруғи билан «жадид, кофир ва жосус» деган айб билан сўнгги манзилга кузатилганини қайд этишади.

Шуниси аниқки, Қарши замини миллатнинг ҳур фикрли ўғлонларидан бири учун абадий манзил бўлади.