16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

1 АВГУСТДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 августдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан

Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг проактив сиёсат юритишини таъминлаш учун қуйидагилар амалга киритилади:

вазирлик ва идораларнинг ўзларига тегишли соҳани тартибга солиш ваколати доирасида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;

идоравий ҳужжатларни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказишда қайта ишлаш (таҳрирлаш) имкониятини яратиш, давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган идоравий ҳужжатларни автоматик равишда ўз кучини йўқотган деб топиш амалиётини жорий этиш;

идоравий ҳужжатларни, шу жумладан, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, фитосанитария талаблари, экологик нормалар ва қоидалар, ветеринария ҳамда ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини (техник ҳужжатлар) халқаро стандартларга мослаштириш жараёнида уларга ҳуқуқий нормаларни киритишга рухсат этиш.

*  *  *

Давлат хизмати лавозимларини эгаллаш бўйича танлов ўтказишда қуйидагилар белгиланади:

республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотлардаги лавозимларнинг  бошқарув ва ёрдамчи гуруҳлари учун танловлар фақатгина Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали орқали ўтказилади;

қонунчиликда лавозимга тайинлашда тегишли органлар билан келишилиши лозим бўлган лавозимлар бўйича келишув ушбу органларнинг вакилларини танлов комиссияси таркибига киритиш йўли билан амалга оширилади;

тест синовлари Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули орқали махсус жиҳозланган хоналарда ёки масофавий онлайн прокторинг тизими орқали ўтказилади.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

танловнинг суҳбат босқичига давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ёки давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг вакилларидан экспертларни жалб қилиш;

танлов якунларига таъсир кўрсатган ва бартараф этиб бўлмайдиган камчиликлар аниқланган тақдирда, тегишли давлат органига танлов комиссиясининг қарорини бекор қилиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш.

Давлат хизматчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларида ҳар иш кунининг муайян вақтларида жисмоний тарбия ва ҳаракат фаоллиги бўйича тадбирлар ўтказиб борилади.

*  *  *

Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 1 271 000 сўм;

базавий ҳисоблаш миқдори – 412 000 сўм этиб белгиланади.

*  *  *

 «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринларини захиралашнинг электрон тизими жорий этилади.

*  *  *

Ўзбекистон Республикасининг АҚШ (Вашингтон шаҳри) ҳамда Буюк Британиядаги (Лондон шаҳри) дипломатик ваколатхоналари бошқарув тузилмасидаги мавжуд штат бирликлари доирасида «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари билан ишлаш бўйича масъул ҳисобланадиган биринчи котиб штат бирлиги жорий этилади.

*  *  *

Озиқ-овқат маҳсулотлари учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади.

*  *  *

Пишган ғишт ишлаб чиқаришдан муқобил технологиялардан кенг фойдаланишга ўтиш мақсадида деворбоп материаллардан (пеноблок, газоблок) кенг фойдаланувчи қурилиш ташкилотларига «Шаффоф қурилиш» платформасида устуворлик берилади.

Атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифаларга мансуб корхоналарнинг экологик ишлаб чиқаришга ўтишдаги ҳаракатларини рағбатлантириш мақсадида қуйидаги тартиб жорий этилади:

биринчи босқичда – атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторинги станцияларини ўрнатган корхоналарга:

табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан шаклланган қарздорликдан воз кечиш;

табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 50 фоизигача бўлган қисмини икки йил давомида қайтариш;

иккинчи босқичда – мониторинг станцияларини ўрнатган корхона келгуси бир йил давомида чанг-газ ва локал сув тозалаш ускуналарини ўрнатганда, табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 70 фоизигача бўлган қисмини икки йил давомида қайтариш.

Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ

2027 йил 31 декабрга қадар Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга импорт қилишда тадбиркорлик субъектларига:

ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади;

қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини фоизлар ҳисобланмаган ҳолда тўлов таъминотисиз кечиктириб тўлаш имконияти берилади.

*  *  *

Маҳаллий мебель технологлари учун ривожланган хорижий мамлакатлардаги нуфузли ташкилотларнинг соҳага тегишли бўлган малака сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизини Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

*  *  *

Давлат экологик назорат инспекцияси давлат инспекторлари:

юридик шахсларнинг ўз ҳудудида биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш чоғида белгиланган талабларни бузиб, кимёвий, биологик воситаларни қўллаган ҳолда дарахтларни, буталарни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш ёки йўқ қилиш;

ўлчами беш юз квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудудда ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйиш;

ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш ҳолатлари аниқланганда тезкор назорат тадбирларини текширувлар бошлангандан сўнг йигирма тўрт соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этиш тартибида амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан

Айрим тоифадаги оилалар фарзандларини қабул қилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ушбу болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш (компенсация ажратиш) тартиби жорий қилинади. Бунда: компенсация бола таъминоти учун ота-оналар тўловининг  40 фоизи миқдорида ажратилади;

компенсация ҳақиқатда қатнаётган айрим тоифадаги оилалар фарзандлари сонидан келиб чиқиб, бироқ Мактабгача ва мактаб вазирлиги билан оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўртасида тузилган битимда белгиланган ўринларнинг 15 фоизидан кўп бўлмаган қисмига ажратилади;

компенсация оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг ҳисобварағига уларга ажратиладиган субсидиялар билан бирга тўлаб борилади.

*  *  *

Портловчи ва заҳарли моддаларни, уларни қўллаган ҳолда материаллар ва маҳсулотларни, шунингдек, портлатиш воситаларини яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш фаолияти учун лицензия беришда:

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишиш тартиби жорий этилади;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси билан келишиш тартиби бекор қилинади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.