Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 ноябрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан
Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятига рақамлаштиришни кенг жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:
республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, тизим ташкилотлари инобатга олинган ҳолда, 2 минг 141 та штат бирлиги қисқартирилади. Шундан 1 минг 863 таси бюджет, 278 таси бюджетдан ташқари жамғармага тааллуқли.
* * *
Тадбиркорлик субъектларини янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида:
«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги қўшимча инструментлар жорий этилади:
тадбиркорлик субъектларини «чемпион» тадбиркор тоифасига олиб чиқишга кўмаклашиш учун ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларига тижорат банклари орқали 10 миллиард сўмгача миллий ва хорижий валютада кредитлар ажратиш учун ресурс жойлаштириш;
кичик тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва «яшил» иқтисодиёт йўналишидаги микролойиҳаларига тижорат банклари томонидан 500 миллион сўмгача ажратилган кредитларни қуйидаги шарт ва ҳолларда қайта молиялаштириш:
ажратилган кредитнинг фоиз ставкасини 6 фоизгача, бироқ Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкагача камайтириш;
камида бир йил фаолият юритган ва икки нафар ходими бўлган тадбиркорлик субъектларининг бешта ва ундан ортиқ янги иш ўринларини яратишни назарда тутган лойиҳаларига тақдим этиш.
* * *
Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жисмоний шахсларнинг ушбу фармон 2-иловасига мувофиқ 30 турдаги шахсга доир маълумотлари уларнинг шахсий кабинети орқали реал вақт режимида тақдим этилади.
Бунда: жисмоний шахснинг Ягона порталдаги шахсга доир маълумотлари уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади;
ушбу маълумотлар Ягона порталнинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда кўрсатилганда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мазкур маълумотларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш тақиқланади;
давлат хизматлари марказларига келиб мурожаат қилинганда пенсионерларга, ҳомиладор аёлларга ва уч ёшга тўлмаган боласи билан келган фуқарога давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёз берилади;
жисмоний шахсларни ягона идентификация тизимидан (OneID) рўйхатдан ўтказишда муқобил тарзда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) тартиби йўлга қўйилади;
автомототранспорт воситаси мулкдорининг маълумотлари ўзгарганда мулкдорнинг хоҳишига кўра автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ариза композит тарзда ФҲДЁ органи ёки давлат хизматлари маркази томонидан ички ишлар органларига юборилади;
давлат хизматлари марказларига Ягона портал орқали жорий этилган барча давлат хизматлари бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади;
Ягона портал, давлат хизматлари марказлари ва «Лицензия» ахборот тизими орқали берилган аризалар асоссиз рад этилганда фуқароларнинг мурожаатлари ва адлия органларининг тегишли хулосасига асосан давлат хизмати учун ундирилган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг ваколатли органларга йўналтирилган қисми улар томонидан фуқароларга қайтариб берилади.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:
умумий овқатланиш корхоналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар учун белгиланган жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нақд пулга харид қилинганда, ушбу товарлар учун кирим ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади.
* * *
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда ўрмонларни бошқариш тизимида ислоҳотларни изчил давом эттириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида:
ўрмон фонди ер майдонлари алоҳида муҳофаза этилади ва уларнинг тоифасини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ амалга оширилади.
* * *
Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида:
ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида йўловчи божхона декларациясининг мобил иловаси амалиётга жорий этилади.
* * *
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:
озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа пулини тўлаш «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали йўлга қўйилганлигини инобатга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш марказлари фаолияти тугатилади.
* * *
Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради. Бунда мажбурий захиралаш: ходимлар умумий сонининг уч фоизидан ошмаслиги зарур; ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланади.
- Бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради. Бунда мажбурий захиралаш: ходимлар умумий сонининг етти фоизидан ошмаслиги зарур; ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилади.
- Ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади.
- Малакасини ошириш ва касбга қайта тайёрланиш истагидаги шахсларга қўшимча таълим олиш учун «касб ваучери» бериш тартиби жорий этилади.
Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ
Электротехника саноатида хомашёни чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш, соҳанинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида:
электротехника саноати корхоналарига Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан банкларнинг факторинг хизматлари бўйича дисконт ёки ҳисобланган фоиз суммасининг 50 фоизи, бироқ йиллик 4 фоиз ставкадан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.
* * *
Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида:
санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириш мақсадида давлат санитария назорати органи тизимидаги аккредитация қилинган лабораторияларда ўтказиладиган барча синовлар баённомалари электрон кўринишда «E-akkreditatsiya» ахборот тизимининг «E-laboratoriya» модули орқали расмийлаштирилади ҳамда ушбу органнинг расмий веб-сайтида хулосаси расмийлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг ягона онлайн реестри юритилади.
* * *
Ҳудудларда саноатни жадал ривожлантириш ва саноат корхоналарини экспортга жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида:
Савдога кўмаклашиш жамғармасидан белгиланган тартибда қоплаб бериладиган йўналишлардаги харажатларни Савдо-саноат палатасининг Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга йўл қўйилмайди. Бунда Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тежаб қолинадиган маблағлари қуйидаги харажатларни қоплаб беришга йўналтирилади:
танлов асосида ҳар йили 4 та ҳудуднинг ихтисослашуви бўйича саноатни ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқишга хорижий консалтинг компанияларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини, бироқ бир ҳудуд бўйича 250 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдордаги қисмини;
хусусий саноат корхоналарида энергия тежамкорлик бўйича ўтказилган энергия аудити харажатларининг 50 фоизини, бироқ бир корхона учун 100 миллион сўмдан ошмаган миқдордаги қисмини;
замонавий бошқарув механизмлари, жумладан, захираларни тўғри баҳолаш ва самарадорликни ошириш методологияларини жорий этиш бўйича ўқув-амалий курсларни ташкил этиш харажатларининг 100 фоизини, бироқ бир корхона учун 20 миллион сўмдан ошмаган миқдордаги қисмини.
* * *
Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:
киберхавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов ташкилотларига мобил иловалар орқали Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги пулли электрон давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилади.
- Маҳаллаларнинг марказлашган реестри давлат органлари ва ташкилотларининг «Рақамли ҳукумат» тизими билан интеграциялашган ахборот тизимлари ва ресурсларида мажбурий тарзда қўлланилади.
- Давлат олий таълим ташкилотлари талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича Ягона портал орқали мурожаат қилиш имконияти яратилади.
- Фермер ва деҳқон хўжалиги ҳамда тадбиркорлик субъектларига сув тақсимлаш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар «Сув ҳисоби» сув ресурсларини бошқариш ягона тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади.
- Транспорт воситасига газ балони ўрнатилганлигига оид маълумотларни электрон шаклда юритиш орқали транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.
- «Рақамли стартаплар» дастури ва (ёки) Марказий банкнинг «тартибга солиш қумдони»да иштирок этувчи стартап лойиҳаларга «Рақамли ҳукумат» тизимининг Рақамли маълумотлар платформасидан ахборот хавфсизлиги талаблари ва белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда бир йил муддатга қадар бепул фойдаланиш имконияти тақдим этилади.
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари (консуллик муассасалари) орқали жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини олган IT-парк резидентларининг хорижий мутахассислари учун масофадан туриб банк ҳисобварақлари ҳамда виртуал банк карталарини очишга рухсат берилади.
* * *
Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича шартнома асосида адвокат сўровига кўра суд-экспертиза ташкилотларида экспертиза ўтказиш тартиби жорий этилади.
* * *
Корпоратив муносабатларни тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:
корпоратив низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш, судлардаги юкламани камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши таркибида Корпоратив этика бўйича комиссия ташкил этилади.
* * *
Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида:
рақамли платформалар орқали масофавий биометрия воситаси ёрдамида идентификация қилиш ва мобил телефон рақамига SMS-хабар юбориш йўли билан якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш имконияти яратилади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига биноан
Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ваучер асосида янги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:
«Фаол ҳаётга қадам» дастури доирасида йўлга қўйиладиган ижтимоий хизматларни кўрсатувчи шахслар учун Ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини ошириш марказида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

