16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

1 ОКТЯБРДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар ҳақида хабардор қилиб боришда давом этамиз. Бу гал 2026 йил 1 октябрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан

Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига туман (шаҳар) штаблари қарорлари асосида тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти томонидан ёки белгиланган бошқа манбалар ҳисобидан компенсация қилиш механизми жорий қилинади.

*  *  *

Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав капиталида ушбу юридик шахсларнинг улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.

*  *  *

Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

солиқ органларида хавф даражаси паст ҳамда қўшилган қиймат солиғи гувоҳномаси фаол бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига товарларни импорт қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади;

товарлар экспортида назорат жараёнларининг рақамлаштирилиши ва такомиллаштирилиши ҳисобига божхона расмийлаштируви, фитосанитария сертификати ва фумигация ҳамда товарнинг келиб чиқиш сертификати учун йиғим ва тўловлар миқдори 30 фоизга камайтирилади.

*  *  *

Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш бўйича лойиҳаларга маблағ режалаштиришда ушбу йўл остида жойлашган ичимлик ва оқова сув тизимларининг техник ҳолатини сақлаш, зарур ҳолларда уларни реконструкция қилиш ва кўчириш ишлари лойиҳавий ечимларда инобатга олинади.

*  *  *

Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида:

ҳар йили 500 минг нафар ўқитувчи, шифокор, давлат хизматчиси, фаол ўқувчи ва талабаларга ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган 100 мингта оиланинг бир нафар фарзандига, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларга театр, кино ва концерт тадбирлари учун бепул ваучер берилади.

*  *  *

Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида:

Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг экологик менежмент, иссиқхона газларини бошқариш, экологик хавфсизлик ва яшил энергия халқаро сертификатларини олиб, маҳсулотининг 30 фоизини муқобил энергия ҳисобига ишлаб чиқарган корхоналарнинг сертификатни олиш харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисми Экология қўмитаси ҳузуридаги Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

*  *  *

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

«Ер банки» (истиқболли уй-жой қуриш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича манзилли рўйхат)даги ер участкалари инвестиция компаниялари томонидан бош режа концепцияси ва қуриш лойиҳаларига мувофиқ бўлган, ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши келишувидан ўтган ва қурилишга рухсатнома берилган, биринчи даражали лойиҳа ҳужжатларига эга бўлган қурилишга тайёр ер шаклида, қоида  тариқасида, йирик бўлмаган лотларга ажратилган ҳолда очиқ электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади.

Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида:

Ижтимоий марказларга жойлаштирилган бошпанасиз шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилади ҳамда уларни касбга ўқитиш бўйича туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари орқали ваучерлар ажратилади.

*  *  *

Хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар статистика ҳисоботларини йил якунига кўра шакллантириб боради;

шакллантирилган статистика ҳисоботлари Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармаларига тақдим этиб борилади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан хавфли чиқиндиларнинг ҳажми ҳамда уларнинг кейинги ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда Ягона ҳисоботлар тизими орқали киритилади;

хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 20-санасига қадар йиллик режаларда назарда тутилган ҳосил бўлган хавфли чиқиндиларнинг ҳажми ҳамда уларнинг кейинги ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни белгиланган шаклда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ахборот тизимига киритиб боради;

йиллик режаларда назарда тутилган кўрсаткичларнинг бажарилиши устидан назорат Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) томонидан амалга оширилади.

*  *  *

Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида:

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жисмоний ва юридик шахсларга ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари ва автомототранспорт воситаларини гаровга ёки ипотекага қўйишга, шунингдек, уларни бегоналаштиришга тақиқ қўйиш ёки уни бекор қилиш;

телефон рақамини муайян муддатга нофаол ҳолатга ўтказиш (фаоллаштириш) ва ўзи фойдаланмаётган телефон рақамларига хизмат кўрсатишни тўхтатиш ҳақида аризалар киритиш;

телефон рақами уланган пулли хизматлар ҳақида маълумот олиш;

банк карталарини блоклаш (ёпиш) ҳақида эмитентга аризалар юбориш;

фуқаронинг номига янги нотариал ҳаракат расмийлаштирилганда автоматик тарзда уни Ягона портал орқали хабардор қилиш ва улар ҳисобини юритиш хизматлари жорий этилади.

Жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси каби бирламчи маълумотлари ўзгарганда ўзида ушбу маълумотларни акс эттирувчи давлат органларига тегишли ахборот тизимларидаги маълумотларга автоматик тарзда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан ўзгартиришлар киритиш амалиёти йўлга қўйилади.

*  *  *

Урбанизация ва уй-жой қурилиши соҳасида ислоҳотларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:

Ягона идентификаторда идентификация рақами олмасдан қурилишни бошлаш учун рухсатнома бериш тақиқланади.

*  *  *

Чарм-пойабзал саноатида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон-Корея ўқув-амалий тўқимачилик технопарки билан биргаликда ҳудудларда «Дизайнер-модельерлар мактаби», «Маркетологлар мактаби» ва «Технологлар мактаби» тайёрлов курсларини тармоқдаги мутахассис ва ишчилар, касаначи ва косиблар учун даврий равишда ташкил этиб боради.

*  *  *

Аҳолига паллиатив тиббий хизматлар кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида:

республикада паллиатив тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона тизими тиббий ва ижтимоий хизматлар интеграцияси асосида ташкил этилади;

паллиатив тиббий ёрдамга муҳтож шахсларни аниқлаш, хизмат олиш учун йўллаш, ҳисобга олиш ва уларга хизмат кўрсатиш жараёнлари электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади;

мобил паллиатив бригадалар фаолияти йўлга қўйилади ҳамда улар орқали уй шароитида тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш таъминланади;

стационар шароитдаги паллиатив тиббий ёрдам ушбу хизматларни кўрсатувчи давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда хоспислар томонидан тақдим этилади;

паллиатив тиббий ёрдамини кўрсатишда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг «сифатли тиббий хизматлар» тамойиллари, жумладан, самарадорлик, хавфсизлик, тенглик, интеграция ва ресурслардан оқилона фойдаланиш мезонлари асосида миллий сифат индикаторлари жорий этилади;

аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ҳудудларда хоспис муассасалари   босқичма-босқич ташкил қилинади.

*  *  *

Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

сув тежовчи технологияларни жорий қилишда таъминотчи корхоналар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сув тежовчи технологияларнинг насос ва фильтр қурилмаларини рақамли QR-кодли махсус ёрлиқланган белги остида ишлаб чиқариш ва сунъий йўлдош кузатув тизими (GPS трекер)ни ўрнатиш тартиби жорий этилади;

сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ишлари мажбурий тартибда тасдиқланган минимал талаб ва меъёрлар асосида амалга оширилади.

Сув тежовчи технологияларни банк кредитларини олмасдан ўз маблағлари ҳисобидан жорий қиладиган ташаббускорларга субсидия ажратишнинг янги тизими жорий этилади;

бошоқли дон экинларини етиштиришда томчилатиб ва дискрет суғориш технологияси жорий қилинган майдонлар учун субсидия ажратиш тизими йўлга қўйилади;

янги мевали боғ ва узумзорларни барпо этишга белгиланган тартибда кредитлар ажратилади ҳамда бундай лойиҳаларни амалга оширишга фақат сув тежовчи технологияларни тўлиқ жорий қилиш шарти билан рухсат берилади;

сув тежовчи технологияларни харид қилиш ва қуриш мақсадида тижорат банклари томонидан ҳар бир гектар ер майдонига 20 миллион сўмгача ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг Марказий банк асосий ставкасидан юқори, бироқ 10 фоизлик пунктидан ошмаган қисми Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан қоплаб берилади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг талабидан келиб чиқиб, ғўза майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун кредит маблағларини ҳар йил ноябрь ойидан бошлаб ажратиш тизими йўлга қўйилади.

*  *  *

Молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштириш ва суд назорати самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида:

ваколатли органларнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори тадбиркорлик субъектининг танловига кўра, ваколатли органнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори топширилган кундан бошлаб бир ой муддатда жарима миқдорининг 50 фоизини ихтиёрий равишда тўлаш шарти билан жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этиш;

қўлланган молиявий жарима суммасини олти ой давомида тенг миқдорларда бўлиб-бўлиб тўлаш шаклларидан бирида ихтиёрий ижро этилиши мумкин.

Ваколатли органнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ундирилган маблағлар, шу жумладан, молиявий жарима ҳамда пеня йўналтирилган манбалар (тегишли бюджет ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари   жамғармалари ва бошқалар) ҳисобидан 15 кун муддатда мутаносиб равишда қайтарилади.

*  *  *

2026-2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:

қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш бўйича барча техник ва тиббий жараёнларни тартибга солувчи стандарт операцион жараёнлар ҳамда хавфсизлик баённомалари амалиётга жорий қилинади;

«эҳтиёж – қайта ишлаш – етказиш» занжири доирасида бизнес жараёнларини бошқариш тизими жорий этилади;

қон маҳсулотларини мажбурий тартибда икки  босқичли скрининг текширувидан ўтказиш тизими йўлга қўйилади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан

Давлат харидлари қийматини баҳолашнинг шаффоф тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

барча давлат буюртмачилари давлат харидларини амалга оширишдан олдин давлат харидлари предметининг ўртача бозор ва бошланғич нархини мазкур қарорга мувофиқ давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталининг алоҳида модулида шакллантиради;

давлат харидларида ўртача бозор нархлари бўйича электрон модуль тўлиқ ишга туширилади.

*  *  *

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни вақтинчалик бошпана билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:

туман (шаҳар) ҳокимликлари тасарруфидаги муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги турар жойлар давлат таъминотидаги ҳамда номида мол-мулки йўқ муайян яшаш жойига эга бўлмаган оилаларга устувор равишда ижара асосида берилади;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга туман (шаҳар), ҳудудий ва республика даражасидаги тиббиёт муассасаларида амбулатор ёки режали стационар тиббий хизмат кўрсатилиши Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш маркази жойлашган аҳолига хизмат кўрсатувчи бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси томонидан амалга оширилади.

*  *  *

Темир йўл орқали ички қатновларда юк ташиш буюртманомаларини расмийлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида:

темир йўл орқали ички қатновларда юк ташиш буюртманомалари Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштирилади.

*  *  *

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга сифатли таълим олиш имкониятини яратиш, уларни жамиятга интеграция қилиш ва индивидуал ривожланишини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида:

давлат таълим ташкилотларининг махсус педагоглари учун амалий стажировкалар ташкил этилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.