16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

Яшил шаҳарда 2 минг 400 та хонадон иссиқлик таъминоти тубдан яхшиланади

Истиқболли лойиҳа

Яқин икки йил ичида Шаҳрисабз шаҳрида марказий қозонхона ва иссиқлик тармоқларини модернизация қилиб, 60 та индивидуал иссиқлик пункти (ИИП)ни ўрнатиш режалаштирилган.

Дастлабки қиймати 8,7 миллион долларни ташкил этаётган мазкур лойиҳа мамлакатимиз Президентининг жорий йил 11 мартдаги қарори билан тасдиқланган Халқаро молия институтлари иштирокида амалга ошириладиган янги истиқболли лойиҳалар рўйхатига киритилган. Унинг доирасида Яшил шаҳардаги марказий қозонхона қувватини 17 мегаваттга етказиб, фаолиятини замонавийлаштириш, 15 километр узунликдаги иссиқлик тармоқларини модернизациялаш ва 60 та кўп қаватли уйнинг ҳар бирида ИИП ўрнатиш  эвазига 2 минг 400 та хонадон иссиқлик таъминотини тубдан яхшилаш назарда тутилган.

Шунингдек, давлат раҳбарининг юқорида қайд этилган қарорига асосан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида «Иссиқликтаъминоти» акциядорлик жамияти ташкил этилиб, унинг устав капиталини 23 та хўжалик жамияти ва корхона (шу жумладан, Қашқадарё вилояти «Иссиқлик манбаи» ДУК) устав капитали ҳисобига шакллантириш, иссиқлик таъминоти корхоналарининг жорий йил 1 январь ҳолатига мавжуд қарздорликларини кечиктириш, ҳисобланган пеня ва жарималарни ҳисобдан чиқариш, тармоқда давлат-хусусий шериклик асосида 9 та лойиҳани амалга ошириш ва мамлакатимизда уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган яна кўплаб чора-тадбирлар белгиланди.

Ҳужжат билан тасдиқланган Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг йиғма параметрларига мувофиқ, 2025-2029 йилларда вилоятимизда умумий қиймати 188,3 миллиард сўмга тенг лойиҳалар   доирасида 10 та замонавий қозонхона, 65 километр узунликдаги иссиқлик тармоқлари қуриш ва 251 та ИИП ўрнатиш мўлжал қилинган.