Маҳаллий Кенгашларда
Ўқувчиларда гендерга оид ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, уларга хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигига оид тушунчаларни ёшликдан сингдириш мақсадида вилоятимиз умумтаълим мактабларида махсус режа ишлаб чиқилиб, шу асосда мазкур йўналишда доимий равишда очиқ дарслар, интерфаол машғулотлар, кўрик-танлов ва викториналар ўтказилади.
Мактабларда гендерга оид ҳуқуқий маданиятни ёшликдан шакллантиришга қаратилган машғулотларнинг ташкил этилиши яқинда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори билан тасдиқланган 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган. Унга кўра, юқорида қайд этилган муҳим вазифанинг ижроси учун вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан бир қаторда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, турли манфаатдор корхона, ташкилотлар ва вилоят телерадиокомпанияси масъулдир. Зеро, ўқувчиларда гендерга оид ҳуқуқий маданиятни шакллантириш учун ушбу мавзуда қисқа метражли роликларни яратиш ҳам кўзда тутилган.
Шунингдек, дастурдан давлат хизмати, таълим, илм-фан, спорт, соғлиқни сақлаш соҳалари ва ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда, оилавий муносабатлар ва болалар тарбиясида, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, бу борада қонунчилик асослари ва институционал тизимни такомиллаштириш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган бошқа кўплаб чора-тадбирлар ҳам ўрин олган. Масалан, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини ривожлантириш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мақсадида аёллар учун мослашувчан иш режими ва масофадан туриб ишлаш тизимини тараққий эттириш, бундай иш ўринларини тақдим этувчи иш берувчиларга имтиёзлар белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилган. Айни пайтда уй бекалари, ҳомиладор ва вояга етмаган боласини парвариш қилаётган аёллар учун «Аёл-тадбиркор» лойиҳаларини жорий этиш орқали уйда ўтирган аёлларга иқтисодий имкониятлар яратиш, хотин-қизларни бизнес юритиш бўйича ўқитиш, уларга ўз лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш ҳамда ўқитиш якуни бўйича ғолиб бизнес лойиҳани аниқлаб, уни давлат маблағлари асосида молиялаштириш назарда тутилган.
Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш учун эса сиёсий партияларнинг «Аёллар қаноти» ҳамда «Депутат аёллар клуби» ролини кучайтириш мўлжал қилинган. Хусусан, бу йўналишда жамиятда «Аёл сиёсатчи» образи тўғрисида ижобий фикрни шакллантиришга қаратилган тарғибот ишларини олиб бориб, сиёсатчи аёллар ҳақида медиа маҳсулотлар тайёрлаш ва марказий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини таъминлаш, сиёсий партиялар «Аёллар қаноти»нинг корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш, «Депутат аёллар клуби» фаолиятини такомиллаштириш бўйича умумтаълим мактаблари ва олий ўқув юртлари ҳамда давлат органларида хотин-қизлар учун махсус «сиёсат соатлари»ни ташкил этиш белгиланган.
Дастур бандларидан бирида хотин-қизларнинг мансаб поғоналарида кўтарилишига кўмаклашиб бориш чора-тадбирлари акс эттирилган экан, бунинг учун давлат органлари, ташкилот ва корхоналарида истиқболли ва иқтидорли хотин-қизлар аниқланиб, кадрлар захираси шакллантирилади, уларнинг билим ва касбий кўникмаларини мунтазам ривожлантириш ва юқори раҳбарлик лавозимларига мақсадли тайёрлаш бўйича махсус ўқув дастурлари ва ўқув режалари ишлаб чиқилади.
Ўз мухбиримиз

