Сараланган сатрлар
Саид Аҳмад ўзбекнинг катта адибларидан. Ҳукумат эътирофи билан «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига лойиқ кўрилган. «Уфқ» трилогияси, «Жимжитлик» романи, ҳикоялари, «Йўқотганларим ва топганларим» хотираномаси, 14 мамлакат саҳналарида қўйилган «Келинлар қўзғолони» комедиясини билмаган кишини топиш қийин юртимизда. Саид Аҳмадни ниҳоятда содда, самимий, оиласига садоқатли, ҳазилкаш одам деб таърифлашади. Шундай одам «халқ душмани» сифатида қамоққа ҳукм қилингани, умрининг гуллаган даврларини панжара ортида ноҳақ ўтказишига тўғри келганини ҳаммаям билавермайди ёки шунчаки эътибордан четда қолдиради. Ҳаётда кўп машаққатларни бошдан кечириш ва инсонийлигини сақлаб қолиш ҳаммагаям насиб қилавермаган.
Адибнинг «Қоракўз Мажнун» ҳикоялар тўпламидан ўрин олган «Борса келмас дарвозаси», «Офтоб ойим», «Азройил ўтган йўлларда», «Учинчи минора», «Қишда қолган қарғалар» каби ҳикояларида мустабид тузумга нисбатан чексиз нафрат ва қалбига гард юқтирмаган инсонлар сиймосини кўрамиз. Тўпламни ўқиб чиқинг ва бошқаларга ҳам айтиб беринг: ҳар ҳолда биз учун одатий кунлар бир вақтлар кимлар учундир энг улуғ орзу, маслак бўлган…
* * *
Ота қарғиши мисоли ўқ – у охиратда эмас, шу дунёнинг ўзида нишонга тегади.
* * *
Фузулий шундай деб ёзади: «Ғамларим шунча кўпки, туянинг устига ортсам, зиндонга ташланган кофирлар озод бўлади». Хўш, нима учун озод бўлади? Тушунмадим.
Домла ўйланиб қолди. Дарҳақиқат, туянинг устига ғам юкини ортса, нега кофирлар озод бўлади? Домла кўп ўйлади. Кейин бошини кўтариб меҳмонларга қаради.
– Гап бундоқ. Бу сирнинг маънисига етиш учун Фузулий яшаган даврга мурожаат қилиш керак. Ўша даврдаги ривоятларни, мақолу маталларни, ҳатто қўшиқларни ҳам билмоқ керак. Бир ривоятда одамлар Аллоҳдан, эй тангрим, зиндонда ётган кофирлар қачон озод қилинади, деб сўрабдилар. Аллоҳ, туя игнанинг тешигидан ўтгандагина кофирлар озод қилинади, деб жавоб қилган экан. Фузулий ана шу ривоятни ғазалига асос қилиб олган. Яъни: «Менинг ғамларим шунчалик кўпки, туянинг устига ортсам, кўтаролмай, озиб, ипдек бўлиб қолади». Ипдек озиб қолган туя игнанинг тешигидан бемалол ўтиши мумкин.
* * *
«Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуи бугун-эрта тантанали вазиятда очилади. Ҳар бир терилган ғиштга, ҳар бир чекилган нақшга зиёратчиларнинг кўз ёшлари томади. Одамлар бу ерга шодон қўшиқлар куйлаш учун эмас, ўйнаб-кулиш учун эмас, азоб-уқубатларда зор-зор қақшаб жон берган жигарларининг руҳлари билан юзма-юз бўлгани келадилар. Ўйга толадилар, соғинчдан пора-пора бўлган юракларини бўшатгани келадилар. Бунда буюк бир сукунат ҳукмрон. Бу ерда хотира, бу ерда хаёллар, ўксиклик, етимлик изтироблари, соғинч ҳукмрон…
* * *
Хаёллар, хаёллар, интиҳосиз, сўнгсиз хаёллар, сиз мени қай манзилларга бошладингиз? Энди бу йўлларга мени бошламанг. Бу манзилларда умрим гуллари тўкилган. Ёшлик туғёнлари шу жойларда сўнган. Ҳур бўлиб яратилган инсоннинг қанчалик хор бўлишини, ота-онаси яхши ният билан қўйган исмининг рақамларга алмаштирилганини наинки кўрдим, қолаверса, ўз бошимдан кечирдим. Инсонга бир марта бериладиган умрнинг яхлит бир парчасини юлиб қолган бу манзилларни қайта кўрмоқ нақадар оғир ва кўнгилсиз.
Шу топда бир вақтлар «Алвасти кўприк» деб аталган жойда олисларга, Сибир ёқларга чўзилиб кетган темир изларга қараб, ана шундай изтиробли хаёлларга берилдим.
* * *
Маҳбуслар яшайдиган ўн бир баракдан то ошхонагача ўн битта темир арқон тортилади. Маҳбуслар ошхонага шу арқонни ушлаб борадилар. Агар арқондан қўллари чиқиб кетса, то туман тарқагунча йўл тополмай сарсон бўлиб юраверадилар. Маҳбуслар ўн бир баракдан тортилган арқонларни қуёш нурига ўхшатишарди. Баъзилар чумолилардек ўн бир жойдан ошхона томон ўрмалаётганларга қараб: бу ерда ҳамма йўллар коммунизмга олиб боради, деб пичинг қилишарди.
* * *
Қабристонга келганимизда генералнинг ити кўмилган жойга қарадим. Жуда чиройли қилиб гумбаз кўтарилибди. Бефарзанд генерал ўлими олдидан, «Мендан қолган пулларни сарф қилиб содиқ итимга ёдгорлик ўрнатинглар», деб васият қилган экан. Ёдгорлик яқинига бордим. Қора мармар тошга шундай сўзлар ўйиб ёзилган:
«Менинг содиқ ва вафодор дўстим, ўттиз етти қочоқ маҳбусни тутиб берган ва ўзи ёвуз маҳбус қўлида ҳалок бўлган Жек номли итга миннатдор дўсти генерал-маёр Максим Михайлович Речниковдан».
Атрофга қарайман. Бу қабристонга академик Туполевнинг истеъдодли шогирди, Меҳнат қаҳрамони Дудинсов кўмилган. Халқ артисти Вера Квитко, Валерий Чкаловнинг самолётини ҳамиша учишга синчковлик билан тайёрлайдиган авиация маёри Степанов, Бухорода ришта касалини тугатишда катта хизмат кўрсатган Рустам Азимзода шонсиз-шарафсиз кўмилган. Уларнинг қабри қани? Аллақачон теп-текис бўлиб кетган. Биргина шу Жек деб аталган итга қўйилган савлатли ёдгорлик қабристонни «обод» қилиб турибди.
Тақдир, тақдир, мунча қаҳринг қаттиқ! Мунча шафқатсизсан! Шу буюк зотларни битта ит қатори кўрмадинг-а!
* * *
Ёнғин пайтида барак эшикларини очмаган старшина Демянов вахтада пўстинга ўралиб, қоровуллар билан қайноқ чой ичиб ўтирибди. Унинг башарасига туфлагим келди. Афсуски, бунинг сира иложи йўқ эди. У озод гражданин, мен эса ҳамма ҳуқуқлардан маҳрум қилинган маҳбусман.
Бир пасткаш, инсонлик қиёфасини йўқотган, шафқатсиз, ҳиссиз тўнка олдида ожизу нотавон қолиш нақадар аламли, нақадар ўкинчли!
* * *
Қанчалар раҳмсиз бўлиб кет-ганмиз-а, дейман ўзимга ўзим. Динга қарши тинимсиз ташвиқотлар ўз ишини қилмётганмикан? Дилимизда имон кўтарилмаётганмикан? Наҳотки, Худони унутаёздик? Йўқса, бу шафқатсизлик бизда қайдан пайдо бўлди?
Қамоқ лагерларида умрини ўтказаётган маҳбуслар уйини, бола-чақаларини соғиниб мушук боқишарди. Ўзлари тўймаган овқатдан юлиб, мушукларга беришарди. Лагерь сиёсий раҳбари шу мушукларни қопга солиб, олов гуриллаб ёнаётган новвойхона печига ташлаганини кўрганман. У алангада жизғанак бўлиб ёнаётган мушукларни завқ билан томоша қилганди. Бу шафқатсиз одам ибодат қилаётган насронийларни, намоз ўқиётган мусулмонларни аямасдан калтакларди. Бу хил шафқатсизликлар ўшанақа имонсизлардан ўтмаганмикан?
* * *
«Маскопда беш-ўнта палид одам тўпланиб, Палидбўйра туздилар. Қиладиган ишларини ўзаро тахсимлашди. Исталинга – одам қамашни, Бериё деганга – одам отишни, Каллелин бобомизга – орден тарқатишни, ҳамюртимиз Кагановичга – жаъми пойизларни юргизишни топширипти.
Шу десангиз, Маскопдан Палидбўйранинг суврати палокат бўлиб келди. Ҳаммамизга беш-ўнтадан бериб, деворларга ёпиштиринглар, деб буюришипти. Мен мелиса бошлиғига, бу палокатни қайга урай, деб сўрадиму балога қолдим. Мана шу зиндонга уч кун банди қилди. Нечукким, сен плакатни палокат дейсан, деб роса калтаклади».
* * *
Одам боласи туғилган юртига ўхшайдими? Билмадим, мен негадир шунақа деб ўйлайман. Дюннинг сувратига қарайман. У менга ҳар куни битта офтоб туғадиган Японияга ўхшаб кўринади. Унга қараганимда буюк Японияни кўриб турганга ўхшайман.
Бодроқдек ғуж-ғуж гуллаган сакура соясида Дюн ором уйқусида ётибди. Денгиз томондан шамол эсганда сакура гуллари дув тўкилади. Гўё қабр устига пушти кўрпа ёпиб кетгандек бўлади. Дюн океан довулларининг долғали товушларини, чағалайларнинг қийқириқларини эшитиб ётибди.
Дунёнинг ишлари шунақа экан-да…
* * *
Одам ўз қилмиши учун ўзини ўзи жазолай олса, ўзига ўзи азоб бера олса, у одамга ишонса бўлади.
* * *
Хотин киши қаттиқ ўч олади. Сиз эркаклар аёл зотининг иродаси бўш бўлади, ҳар қандай хўрликка чидайверади, деб ўйлайсиз. Йўқ, асло унақа эмас.
* * *
Мен энг аввал вафодор одамни, номусли одамни бахтли дейман. Бахт тушунчасини ўйлаганимда даставвал номус, вафо кўринади. Мана шу икки нарса бўлмаса, дўст дўстнинг, эр хотиннинг, хотин эрнинг кўзини ўяди. Агар мен шоир бўлсам, ёзувчи бўлсам, вафо ҳақида, инсон номуси ҳақида китоб ёзиб чарчамасдим.
* * *
– Болам, шоҳ Машраб сал девонароқ бўлган эканлар. Баъзан оғизларидан куфр сўзлар ҳам чиқиб кетади. Ҳатто Маккайи мукаррамани писанд қилмаган пайтлари бўлган. Бир ғазалларида: «Иброҳимдан қолган у эски дўконни на қилай», дейдилар. Ёки «Этагимнинг гардидан юз минг Хизр пайдо бўлур», дейдилар. Шунақа байтларни ўқисам, охиратим куймасин, иймоним сусаймасин деб, Аллоҳга тавба қиламан.
Ойим тасаввуф фалсафасини билмайди. Учала китобдаги май тўғрисидаги ғазаллар бор бўлган саҳифаларга хатчўп ташлаб қўйган. Шу саҳифаларни менга ҳам ўқиб бермайди. Ўқинг, десам, қўйинг, болам, охиратимиз куймасин, дейдилар.
Бундан ташқари, ойим бу қама-қамаларни Сталин билмайди деб ўйлайди. «Сталин билса, ҳамма маҳбусларни қўйиб юборади», деб умид қилади.
* * *
– Уйимизга келган меҳмонлар Аҳмад Яссавий деган реакцион диндор шоирни кўкларга кўтариб мақташди. Халқни асоратга солувчи шеърларини ўқишди, деб ёзиш керак. Алишер Навоий «Хамса»ни, «Чор девон»ни ёзганда Пушкиннинг ҳабаш бобоси Ўрта Ер денгизининг жанубий қирғоқларида чиғаноқ териб юрарди. Мирзо Улуғбек Самарқандда расадхона барпо этган пайтларда ўрислар хохолларнинг малайи эди, чипта ковуш кийиб юришарди, деган гапларни айтишди, деб ёзгин!
– Бунақа гапларни энди сиздан эшитиб турибман… Қандоқ қилиб ёлғонни ёзаман?!
Бирдан Мансуровнинг жаҳли чиқиб кетди.
– Ёзавермайсанми, тирранча! Айтмаган бўлишса, энди айтишади!
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

