Ўзбек маърифатпарвар шоири Аваз Ўтарнинг тил ҳақида ёзилган ғазалини мактаб даврларида ўқиганмиз, ёд олганмиз. Бироқ ўша дамларда ўзига хос даъват, чақириқ маъносига эга мана бу сатрлар:
«Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,
Тил воситаи робитаи оламиёндур.
Ғайри тилини саъй қилинг билгали, ёшлар,
Ким илму ҳунарлар билонки ондин аёндур»нинг мағзини теран англамаганимиз ҳам бор гап. Ёзилганига бир асрдан ошган бу жумлалар моҳиятида яширинган масала, гарчи янги авлод ахборот технологияларида жозибадорлик ва катта имкониятлар бўй кўрсатаётган бўлса-да, бугунги кун учун ҳам аҳамиятини йўқотган эмас. Аксинча, замон тараққий этиб, киши қанча кўп чет тилларини билса, унинг ҳаёт йўли шунчалик кенгайиб бориши, дунё эшиклари очилиши янада кўпроқ аёнлашиб бормоқда. Буни тўғри тушунган, аҳамиятини тўла англаган ёшлар эса мамлакатимизда хорижий тилларни ўрганиш учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, дунё билан бўйлашаётгани қувонарли.

Қарийб 17 минг нафар талаба таҳсил олаётган Қарши давлат университетида ҳам тилларни ўқитиш замон талаблари асосида йўлга қўйилган. Ушбу олий таълим ташкилотида хитой, корейс, инглиз, немис, француз, рус тилларини ўқитиш, синхрон таржима марказлари ишлаб турибди. Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастури, Жанубий Кореянинг KOICA агентлиги билан ҳамкорлик ўрнатилган.
Яқинда университетнинг хорижий тиллар факультети замонавий янги ўқув корпусига кўчиб ўтди. Маълумотларга кўра, қиймати 40 миллиард сўмлик пухта ишланган лойиҳа асосида бунёд этилган 5 қаватли, 1200 ўринга мўлжалланган муҳташам бинодан кенг ва сўнгги русумдаги электрон ўқув жиҳозлари билан жиҳозланган, юқори тезликдаги интернетга уланган аудиториялар, лингафон кабинетлари, алоҳида маъруза заллари, медиа студия кабилар ўрин олган. Бу яратилган имкониятлар университет талабаларининг хорижий тилларни чуқур ўрганишга янада илҳомлантириб, яқин келажакда жаҳон талабларига рақобатбардош кадрлар бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Алқисса, бугунги ёшларимиз келажакда маърифатпарвар шоиримиз, эҳтимол, замонаси имкониятлари сабаб ўзга тилларни хоҳиши даражасида ўрганолмай афсус чекканидек:
«Зор ўлмасун онлар доғи тил билмай Аваздек,
Тил билмаганидин они бағри тўла қондур», маъносида ўзига нисбат топишига ҳеч қандай асос йўқ. Уларда имконият катта, шароитлар яратилган. Фақат тил ўрганишга ҳафсала, иштиёқ бўлса бас.
Ўз мухбиримиз
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

