Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 майдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан:
«Ўзини ўзи банд қилган шахс – якка тартибдаги тадбиркор – кичик бизнес – ўрта бизнес – йирик корхона» занжири асосида тадбиркорлик субъектларининг йириклашувини рағбатлантириш бўйича жорий қилинадиган механизмларга мувофиқ:
ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда, давлат божи ундирилмайди;
ўз фаолиятини тегишинча якка тартибдаги тадбиркор, микрофирма ёки кичик корхона тоифасигача йириклаштирган ўзини ўзи банд қилган шахслар ва тадбиркорлик субъектларига Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 50 миллион сўмгача, Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида 150 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар берилади;
ўз фаолиятини тегишинча ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорлик субъектларига – бир йил давомида қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) етти кун муддатда тезлаштирилган тартибда амалга оширилади.
* * *
«Янги Ўзбекистон» массивларини барпо этиш доирасида:
ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдоларида қатнашиш, кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва уларни реализация қилишга фақат қўшилган қиймат солиғини тўловчи юридик шахсларга рухсат этилади;
ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдолари офертасида лойиҳа олди ҳужжатлари тайёрлашга 15 кунлик, лойиҳа ишларини бажаришга 2 ойлик ва қурилиш ишларини бошлашга 3 ойлик муддат белгиланади, шунингдек, унда қурилишни якунлаш ва объектни фойдаланишга қабул қилиш муддатлари кўрсатилади;
аукцион савдоларида ер участкасини кўп квартирали уй-жой қуриш учун ижарага олган юридик шахслар ижарага олган пайтдан бошлаб 12 ой давомида ушбу ер участкаси бўйича ер солиғини тўлашдан озод қилинади;
«Янги Ўзбекистон» массивларида тижорат биноларини қуришга мўлжалланган ер участкалари умумий майдонининг камида 10 фоиз қисми уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкалари билан бирга ягона лот сифатида аукцион савдоларига чиқарилади.
* * *
Алоҳида маҳсулот турларини етиштиришга ихтисослашган томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларининг нуфузини ошириш, маҳсулот брендини яратиш ва қайта ишловчи ва экспорт қилувчи корхоналарга кўмаклашишга қаратилган намунали аҳоли томорқаси, намунали маҳалла, намунали иссиқхоналар рейтингини тузиш ҳамда ҳар йили оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.
* * *
«Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари ҳисобидан даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали қуйидаги шартлар асосида молиялаштирилади:
«Ижтимоий дафтарлар» жамғармаларидан тегишли маблағларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига кўчириш, ушбу жамғарма томонидан қонунчиликка мувофиқ белгиланган тиббиёт ташкилотида даволаш ёки жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан сўнг амалга оширилади;
«Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари ҳисобидан жарроҳлик амалиёти учун ўтказиладиган маблағлар миқдори қонунчиликка мувофиқ Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қопланадиган базавий нархлар доирасида белгиланади;
даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш харажатлари 14-30 ёшдаги шахслар учун «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари, 30 ёшдан катта бўлган хотин-қизлар учун «Аёллар дафтари» жамғармаси маблағлари, бошқа эҳтиёжманд шахслар учун «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Шунингдек, озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари миқдоридаги бир марталик нафақа пули уни тайинлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинган ҳолда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали тўланади.
* * *
Аҳоли, айниқса ёш авлод вакиллари томонидан санитария-гигиена воситаларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида «Тоза қўллар» дастури амалга оширилади ва аҳоли орасида кенг тарғиб қилинади. Унга асосан, барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида:
қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш;
санитария-гигиена хоналарининг техник ҳолатини яхшилаш, янги қурилаётган муассасаларда уларни бинонинг ички қисмида жойлаштириш;
йил давомида биринчи навбатда қўл ювиш ва антисептик воситаларни харид қилиш;
барча турдаги жамоат санитария-гигиена хоналари, умумий овқатланиш ташкилотларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш мажбуриятини киритиш назарда тутилади.
Бундан ташқари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида: асбест, цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар; тери-кўнчилик, паррандачилик фабрикалари; самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмир ёқиш; қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган ойна, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш; хавфлилик даражасининг I ва II синфига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари йўналишларида янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади.
Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ:
2027 йил 1 апрелга қадар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи ҳамда Камбағал оилалар реестрига киритилган, шунингдек, Реестрларга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга: электр энергияси истеъмоли бўйича – ойига базавий меъёрдан 150 кВт соатгача;
табиий газ истеъмоли бўйича – иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади.
* * *
«HAMROH» тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида:
хотин-қизларга «яшил лойиҳалар» ва IT соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишига, шунингдек, камида 5 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашган 1 минг нафар «устоз» тадбиркорларга 50 миллион сўмгача грант ажратиш йўлга қўйилади;
ижобий кредит тарихига эга бўлган хотин-қизларга 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади;
аёл тадбиркорлар томонидан кредит ҳисобидан сотиб олинаётган асбоб-ускуналар етказиб берилгунга қадар «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан кафиллик тақдим этилиши йўлга қўйилади.
Шунингдек, Савдо-саноат палатаси қуйидагиларни назарда тутувчи «Ҳамкор тадбиркор» дастурини йўлга қўяди: ўз бизнесини ташкил этмоқчи бўлган хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш; кооперация асосида хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш; маҳаллий ва халқаро электрон платформаларда хотин-қизларга ўз маҳсулотларини жойлаштириш ва сотишга кўмаклашиш.
* * *
«Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган дастури натижаларига асосан солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатлари бўйича ўтказиладиган солиқ текширувларига текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш талаби татбиқ этилмайди.
* * *
Тадбиркорлик субъекти томонидан тан олинган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича солиқ органи томонидан ушбу тадбиркорлик субъектининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тартиби жорий этилади.
* * *
Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган банкларга ва улар ҳузуридаги инвестиция компанияларига аукционда сотилмасдан қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига олинган мол-мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри, шу жумладан, кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш, лизинг шартномалари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали сотишга рухсат этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан:
Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган барча концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш босқичма-босқич чекланади;
концерт-томоша тадбирлари рекламаларида тегишлича «Жонли ижро», «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз» ёки «Фонограммали концерт дастури» деб аниқ кўрсатилиши лозим;
Маданият вазирлиги томонидан ижодкорларни «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» ва «Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи» давлат мукофотларига тавсия этишда, биринчи навбатда, уларнинг жонли ижро эта олиш қобилияти инобатга олинади.
* * *
Лидер тадбиркор ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида лимон етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш харажатларини молиялаштириш учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ресурслари ҳисобидан тижорат банклари орқали 14 фоиз ставкада (шундан 5 фоиз банк маржаси) суғурта полиси ва 30 фоизлик гаров таъминоти асосида имтиёзли кредитлар ажратилади.
* * *
Оилавий медиация ишлари бўйича фуқаролар йиғини раислари профессионал медиаторликка бепул ўқитилади. Кейин улар отанинг (онанинг) вояга етмаган фарзандлари учун ота-оналик ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ низолар бўйича медиаторлик фаолиятини бепул амалга оширади.
* * *
Маҳаллалардаги камбағал оилаларга кўмак республиканинг барча ҳудудларида ижтимоий шартнома асосида кўрсатила бошланади.
Бунда Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар томонидан ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, ушбу оилаларга тўланадиган кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам миқдорини «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори билан 30 фоизгача камайтириш тартиби жорий этилади.
* * *
Ҳукуматнинг «Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори ҳамда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (SMIIC) стандартлари талаблари асосида сертификатлаштирилган маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» белгиси билан тамғалашга рухсат этилади.
* * *
Электродвигателга эга бўлган транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8703 80) нисбатан утилизация йиғими миқдорлари:
ишлаб чиқарилган муддатидан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган электромобиллар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 120 баравари;
ишлаб чиқарилган муддатидан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлган электромобиллар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 210 баравари этиб белгиланади.
* * *
Табиий ва сунъий сув ҳавзаларида: фақат тезликни автоматик пасайтириш ускунаси билан жиҳозланган (ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 километр/соатдан ошмайдиган моторли қайиқлар бундан мустасно), GPS ускунаси ўрнатилган ҳамда миллий GPS мониторинг ва навигация тизимига уланган моторли (ички ёнув двигателли) ва электромоторли сув транспорти воситаларидан фойдаланишга рухсат этилади;
сув транспорти воситаларининг рухсат этилган ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 километр/соат, кемалар тўхташ жойлари ҳамда аҳоли турар жойлари чегараларида 20 километр/соат, шунингдек, пляжлар ва аҳолининг оммавий дам олиш жойлари чегараларида 5 километр/соат этиб белгиланади.
* * *
Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш;
терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф деб топилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарар ва маънавий зиёнлар; кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида уларга ишониб ҳаракат қилган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган; давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган ва суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган; турар жой инсофли эгалловчидан қонунчиликда белгиланган тартибда талаб қилиб олинишига йўл қўйилмаслиги натижасида мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш бўйича қонуний кучга кирган суд ҳужжатларининг онлайн рўйхат шаклида юритиладиган Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш реестри тизими жорий этилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

