Шавкат МИРЗИЁЕВ:
Ушбу қутлуғ кунда инсоният тарихидаги энг даҳшатли урушда жасорат кўрсатиб, башариятни фашизм балосидан сақлаб қолган қаҳрамон ота-боболаримиз ҳамда фронт ортида мардона меҳнат қилиб, ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшган мард ва олижаноб юртдошларимиз хотирасига юксак ҳурмат-эҳтиром бажо келтирамиз.
Жанг майдонларидан омон қайтиб, мамлакатимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилган, бугунги кунда эзгу дуолари билан ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлиб келаётган қадрли уруш ва меҳнат фахрийларига чексиз ташаккуримизни изҳор этамиз.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
80 йил. Бир неча авлод улғайди. Ўша машъум жангларда бевосита қатнашган, қонли воқеалар даҳшатларини ўз кўзи билан кўрган ватандошларимиз сони афсуски жуда кам қолмоқда. Лекин Иккинчи жаҳон уруши ва ундан қолган асоратларни бартараф этиш даври қийинчиликларини бошидан кечирган, оғриқларини ҳис қилган юртдошларимизнинг аччиқ хотиралари ҳамон уйғоқ.
Маълумотларга кўра, ўшанда 6,5 миллион аҳолига эга республикамиздан 1 миллион 951 мингдан ортиқ инсон Иккинчи жаҳон урушига сафарбар этилиб, шундан 538 минг нафардан ортиғи жанг майдонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган, 158 минг нафардан ортиғи бедарак йўқолган. Бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фахрийлар сони 100 нафарга ҳам етмайди. Улардан энг улуғи 114 ёшни қаршилаган.
Қашқадарё мисолида олсак, 1941 йилда вилоят аҳолиси сони 479,4 минг кишини ташкил этган. 1941-1945 йилларда воҳамиздан 47 минг 3 киши (шундан 95 нафари – хотин-қиз) фронтга юборилган. Жанг майдонларида ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар 24 минг 926 нафар, урушдан қайтиб келганлар 22 минг 77 киши эканлиги ҳисоб-китоб қилинган.
Ўтган йили Хотира ва қадрлаш куни арафасида қашқадарёлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан атиги саккиз нафари ҳаёт эди. алабанинг 80 йиллиги нишонланаётган бугунги кунларгача эса шаҳрисабзлик Омон Бобоев, қамашилик Рўзибой Сатторов ва касбилик Хайрулло Шерматовгина етиб келди. Улар ҳурмат-иззатда, яқинлари ва жамоатчилик эъзозида умргузаронлик қилмоқда, жанггоҳларда кўрсатган юксак мардлик ва қаҳрамонликлари билан барча авлодлар учун намуна ва ибрат мактаби вазифасини бажариб келишмоқда.
Бу йил Омон бобо ўзининг 100-баҳорини қаршилади. Қўшалоқ байрам муносабати билан бугун уни йўқлаб келаётганларнинг кети узилмайди. Хонадони фарзандлари, невараю чеваралари, қариндошу қишлоқдошлари, раҳбарлару гул кўтарган ўқувчилар билан гавжум. Салом-алик, табриклар ортидан бошланган суҳбатларда хотиралар уйғонади.
– Минг тўққиз юз йигирма бешинчи йилда, адашмасам қовун пишиқчилиги даврида туғилганман, – дейди уруш фахрийси. – Ўша кезлари аҳвол оғир, одамлар бир бурда нонга зор бўлган дамлар. Меҳнатда ўтган ўсмирлик даврим охирларида уруш бошланди. Вақти етиб, армияга чақирилдим ва немис фашистларига қарши қақшатқич жангларда иштирок этдим.
Хоҳ ғолиблар сафида бўлинг, хоҳ мағлублар – ҳар қандай урушдан илиқ хотиралар қолмайди. Фақат ундан хулоса чиқариш керак. Омон Бобоевда ҳам шундай, қалбини яралаган ўша машъум жангларда қатнашиб, тинчлик ва омонлик неъмати қадрини теран англаган. Ҳамма вақт бугунги дориломон кунларга етказганига шукрона айтиб, Яратгандан юртимиз осмони мусаффо, ҳаётимиз бундан-да фаровон бўлишини сўрайди.
– Отамнинг урушдан кейинги ҳаёти далада меҳнат билан ўтди, – дейди Омон бобонинг қизи Малоҳат Бобоева. – Мана, энди атрофдагилар ардоғида кексалик гаштини сураяпти. Шукур, ҳассага суяниб бўлсада, ҳали ҳам оёқда юрибди. Уруш фахрийларига кўрсатилаётган эътибордан мамнун, бириктирилган тиббиёт ходимлари ҳамиша ҳолларидан хабардор бўлиб туришибди.
Шундай, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш бурчимиздир. Президентнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ҳам ана шунинг бир ифодаси.
Ҳужжатга асосан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронлари, уларга тенглаштирилган шахслар, 1941-1945 йиллардаги меҳнат фронти қатнашчилари моддий рағбатлантирилди. Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига ўн минг АҚШ доллари; Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларнинг ҳар бирига йигирма беш миллион сўм; 1941-1945 йиллар уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларининг ҳар бирига уч миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофотлари белгиланди ва тантанали тарзда ўз эгаларига топширилди. Бинобарин, улар шундай эъзозга, ҳурмат-эътиборга муносиб!
Шоҳиста БОЗОРОВА

