Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, мустақил жумҳурият ғоясининг яловбардори, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драмачилигини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир, журналист эди.
Унинг ўз даври матбуоти саҳифаларида эълон қилинган «Икки эмас, тўрт тил лозим», «Аъмолимиз ёинки муродимиз», «Зўраки бой», «Жаҳолат дардларидан», «Оҳ, бонкалар бизни барбод этди», «Тарихи ихтирои башар», «Муҳтарам ёшларға мурожаат», «Тил масаласи», «Бизни кемиргувчи иллатлар», «Эҳтиёжи миллат», «Миллатлар қандай тараққий этарлар» каби мақолалари юртни озод, халқни маърифатли, келажакни буюк кўриш орзуси билан яшаган катта шахс тимсолини акс эттириб туради. Қуйида сараланган лавҳалар фикримизга далилдир.
Сараланган сатрлар
* * *
Форс шоиру удабоси асарлари қиёматғача лаззати кетмайтурган хазинаи маънавийдурки, мундан фойдаланмоқ учун оврупойилар мильярдлар сарф этарлар.
Бизға саодатдурки, туркий ва форсийни таҳсил билурмиз. Ҳар туркни форсий ва ҳар форсни туркий билмоғи лозимдур.
* * *
Бизға лозимки, ўз нафъимиз учун русча билайлук, ҳукумат мактабларида ўқуйлик. Давлат мансаблариға кирайлук. Ватанимизға ва динимизға хизмат этайлук. Мусулмон бўлуб туриб тараққий қилайлук. Бу замон тижорат иши, саноат ва мамлакат ишлари, ҳатто дини ислом ва миллатға хизмат илмсиз бўлмайдур. Масалан, бугунги «подшолик дума»ға ўз дин ва миллатимиз нафъиға сўзламоқ бизлар учун мумкин бўлур. Аммо анда бориб сўйлагувчи киши бизға йўқ. Анда бориб нафъи бир ўн сана ўқумоқ керак, замондан, қонундан хабардор бўлмоқ керакдур.
* * *
Ҳадиси шарифдан маълум бўладурки, жаноби пайғамбар ўз саҳобаларидан Зайд бин Собитға яҳудий хатини ўқуб-ўрганмоқға буюрган эканлар. Ва ул жаноб Умар ҳазрат нубувват паноҳи ила яҳудий хатини ўрганиб ҳазрат пайғамбарға яҳудийлардан келатургон хатларни ўқуб берар эканлар.
* * *
Маълумдурки, дунёда ҳар ким умид ва аъмол ила яшайдур. Кеча-кундуз меҳнат ва машаққат тортмоқ оянда учундур. Ҳар ким ўз ояндасини яхшиликка ҳаракат этар ва келар замонда ўз орзуси ва ҳавасиға етмоқ учун ҳеч дам олмасдан ҳол қадаринча ҳаракатдадур…
Энди аъмолимизға диққат қилмоқ керак. Аксар халқимизни аъмоли шулки, ишласа ва фойда қилса. Шоядки, ўғил ва қизини тўй қилса ва ҳам қандай! Ўз қаториндаги одамларни қилган тўйидан зиёдароқ!
Бечора косибни аъмоли тўйдур. Ўзи роҳат юзи кўрмайдур. Кеча-кундузни 18, балки 20 соатни меҳнатға ўткаратургон косибларимиз бордур. Ҳаққинча емайдур, киймайдур. Ўн ва йигирма саналар меҳнат ва машаққат этар ва худодан ўғил тилар, тўй қилмоқ учун. Ана, бечорани аъмоли. Йигирма саналик меҳнати уч кун тўйда тамом.
* * *
Ҳар кун бир мусулмонни нимарсалари бозорға дини учун… сотилур. Ва ҳар судда нақадар ҳовли, хона, боғ сотилур. Ҳар кун нақадар векселлар «протест», нақадар дўкон, корхона ҳажз, печат бўлур. Бу ниманинг жазоси? Тўй, маърака, таъзия, кўпкари, базм. Бир маҳаллада аҳли савоб йигирмадан бир йўқ. Имони исломни далиллари ила билатурғонларни нари қўйдук. Эрта қозилар барҳам бўлса, замонча қози бўлатурғон биргина киши бутун ўн милйўн Туркистонда йўқ. Йўқ, яна йўқ. Ҳой, ҳой, халойиқ! Бизлар девонами соғ?
* * *
Исмимизни билмаймиз! Нима учун? Бизға ўргатмабдурлар. Масалан, исмимиз Абдулсамад экан, «Абсамат», ҳатто қишлоқларда «Апсат» дерлар. Афу буюрилсун, адабдан хориж бўлса-да, адабға даъват этар. Оти Ёдгор экан – Жодигор, Лутфулло экан – «Нутфулло» аталадур (Астағфурулло). Ғалат атамоқ сабаби ила авом котиблар тарафидан қозихона, валаснойхона ҳужжатларинда ва ҳукумат маҳкамаларинда ҳам шул тариқа ғалат ва масхаралик ҳолатинда ёзилур. Ҳатто шаҳарларда, дўкон ва корхоналарни тепасинда русча ва мусулмоний хат илан «Обдукодир», «Патхулла», «Санатулло» («Санъатулло»), «Обдурахмон» ва мундан ҳам ғалатроқ ёзилиб осилган лавҳалар бордур. Бу ғалатлар бонка ва хазина ва нотариус-мақоволот муҳаррирлиги доиралариғача борар. Бу замон бу ғалат исмларни тўғри ёзиб маҳкамаға берилса, маҳкамадан тўғрини ғалат деб қайтарарларки, аларни қайтариши тўғридур.
* * *
Бас, сиз муҳтарамлар ҳам ўз авлодингизни ва азиз болаларингизни, агарда хоҳласангизки, сиздан кўра тараққий этса, дин ва миллатға хизмат этса (Дин ва миллатға хизмат илм ва оқча ила бўлур). Шу илми замонийни таҳсил қилмоқ учун ҳаракат қилмоғингиз лозимдур. Ҳамватанларимиз мулкини сотиб тўй қилганидек сиз-да, ҳатто лозим бўлганда мулкингизни сотсангиз-да ўғлингизни замонча ўқумоқиға саъй қилсангиз. Тўйга исроф қилинатургон оқчаларни ўқумоқ йўлиға сарф қилсангиз!
* * *
Муҳтарам биродарлар! Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндурки, макотиб – тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидур. Ҳар миллат энг аввал, макотиби ибтидоийсини замонча ислоҳ этиб кўпайтирмагунча тараққий йўлиға кируб маданиятдан фойдаланмас. Маданияти ҳозирадан маҳрум қолуб, саноеъ ва маориф салоҳи ила қуролланмаган миллат эса, дунёда роҳат ва саодат юзини кўролмас.
* * *
Бизларда бир фазилат бор бўлса, ул ҳам фақат таассуботи жоҳилонадан иборатдур. Демак, бизлар ҳозирги нимкола диёнатимизни ёлғуз таассуб соясида сақлаб турубмиз. Лекин ушбу тамаддун асрида илмсиз қуруқ таассуб ила ҳам яшаб бўлмас. Чунки замонамиз шундай зўрки, озгина фурсатда чурук таассуботимизни асосидан қўпариб ташлайдур. Шунинг учун замонанинг муҳлик асбобиға қаршу муқовамат этадургон бир нарса бор бўлса, ул-да маорифдур.
* * *
Баъзи афандилар меҳмонни «қўноқ» дейилсун деб таклиф этарлар. Ҳолбуки, қўноқ деганда, бир турк фаҳмлайдур. Меҳмон деганда, турк фаҳмлагани устида, яна бир форсий мусулмон қариндошимиз-да англайдур. «Тилимиздан форсий ва арабийни қувайлук», бу кўп енгил орзу, аммо ижроси мумкин эмас орзулардандир.
* * *
Келар замон учун ҳозирланайлук, ўтган замон учун эмас. «Она тили, она тили», бу яхши орзу. Аммо тилсиз оналар тилиға мактабий китоблар ёзила берса, Туркистонда ададсиз бузуқ она тиллар шевасиға ададсиз китоблар ёзмоқ лозим келурки, Андижонда ёзилгани Бухорода, Авлиёотада ёзилгани Қаршида англашилмайдур. Чунки бу оналарни тили бир-биридан фарқликдур. Тараққий этган миллатлар оналари ўқутар экан, биз аввал онамизни ўқутуб, анга тил ўргатмоқимиз керак. Чунки бизни илм ва тилсизлигимиз алардандур.
* * *
Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёинки, сил, сил-ар-ия ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош, бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз – туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилғон ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалататургон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман.
* * *
Кўпкари ва улоқ чопмоқлик одати малъунонасиға ҳар вилоятдан ҳар сана юзлар киши охиратға кўчар, на қадар киши мажруҳ ва маъюб бўлар. Кўп кишилар сайр ва кўпкари шумлиги ила ишдан ва зироатдан қолур. Уйиға озуқаси йўқ, ҳўкузи ва соғар сийири йўқ экан, бир неча юз сўмға от олиб ва ҳар куни анга ҳиндидек парастиш этиб, ҳар кун бир сўм сарф этар, на учун?
* * *
Бошқа миллатларга қаралса кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур.
* * *
Қонун ва Оврупо одатларини билмаганимиз учун бойимиз бўлсун, қози ва миллий ҳукамомиз ва аҳолимиз бўлсун кўб ташвиш ва зарар кўрар. Замони собиқда фақат шариъат билмоқ кифоя этарди. Энди қонун ва закунни билмоқ ҳам лозимдур.
* * *
Давлат думаси нари турсин, судга ва расмий маҳкамаларга кириб, бизни мудофаа қиладургон кишимиз йўқ. Бошимиз оғриса дўқтурга борамиз, аммо дардимизни айтмоқга тил йўқ. Ўзимиздан дўқтур йўқ.
Иккимиз бир-биримиз ила низо қиламиз. Кетамиз закунчига, сўйламоқға тил йўқ. Орадаги одамлар яна бизға фириб берар, пул берармиз, югурамиз, яна ишлар барбод, охири йўқ.
Иморат солмоқчи бўлсак, плон-лойиҳаси лозимки, инжинерга муҳтож бўлармиз. Аммо биз ҳануз «муҳандис» исмини билмаймиз.
* * *
Туркистон меваси, донаси, тоши, туфроғи, эски нимарсалари Оврупо бозорига кетар. Муни Оврупо даллоллари келиб оз баҳога олиб кетар, меҳнатни биз қилурмиз, фойдани улар кўрар. Ўз нимарсамизни Оврупо бозорига элтиб, яхши баҳога сотатургон бизда бир одам йўқ. Азбаски, Оврупо ила савдо қилатургон кишини (ўзи) аввал ўн сана замона илми ўқумоғи лозим.
* * *
Бу кетишни охири ямондур, ўқумоқ, ўқутмоқ керакдур. Болаларга оталардан илми диний ва илми замоний мерос қолсун.
БЕКЗОД тайёрлади.


Leave feedback about this