Ўрхон Памуқ туркий дунё адиблари орасида Нобел мукофоти билан тақдирланган ягона ёзувчи саналади. У 1952-йилда Туркиянинг Нишонтоши туманида туғилган. Рассомлик коллежида, сўнг Истанбул техника университети меъморлик факультетида ўқиган, бироқ ҳар икки йўналишда ҳам ўқишни якунига етказмаган. Кейинроқ журналистика соҳасида таҳсил олган ва бу ерни ҳам дипломсиз якунлаган.
Сараланган сатрлар
Унинг дастлабки романи “Жавдатбей ва ўғиллари” деб номланиб, Туркиянинг юксак адабий мукофотларига лойиқ кўрилади. “Сассиз уй” романи Европада Памуқ номини танитган бўлса, “Оқ қалъа” тарихий романи Америка мукофотига сазовор бўлади. “Қор” романи эса “Туркиянинг этник ва сиёсий масалаларини тадқиқ этувчи сиёсий роман” сифатида баҳоланган. Ўрхон Памуқнинг ушбу китоби 2004-йилда инглиз тилига таржима қилиниб, “Йилнинг энг яхши 10 китобидан бири” сифатида эътироф этилган. Шунингдек, адибнинг “Қора китоб”, “Бошқача ранглар”, “Ниқобли юз” асарлари ҳам машҳур.
Шу вақтгача Ўрхон Памуқнинг “Истанбул: хотиралар ва шаҳар” асари ўзбек тилида нашр этилган. Яқинда адиб номини дунёга танитган “Менинг отим қирмизи” романи ўзбек китобхонлари эътиборига ҳавола этилди. Асарда ХВИ асрда Усмонли турк империясида содир бўлган воқеалар акс этади. Ислом тақвимининг мингинчи йилида Мурод ИИИ томонидан салтанат куч-қудрати, бойлигини кўрсатадиган ва Европа ҳукмдорлари юрагига қўрқув солиши керак бўлган китоб тайёрланиши буюрилади. Миниатюрачи рассомлар яширинча иш бошлаб, улардан бири сирли равишда ўлдирилади. “Менинг отим қирмизи” романи воқеалари шу қотиллик атрофида юз беради. Воқеа-ҳодисалар эса ҳар бир қаҳрамон тилидан, ўлигу тирик, жонлию жонсиз персонажлар томонидан ҳикоя қилинади. Қизиқарли сюжет китобхонни асар охиригача диққатда ушлаб туради.
Ўлим билан қаршилашганимда пулнинг ҳаётда ҳеч қандай аҳамияти йўқлигини англадим, деёлмайман. Инсон бу ҳаётда бўлмаса-да пулнинг аҳамиятини билади.
* * *
Фақат аҳмоқлар айбсиздир.
* * *
Қалбингизда нақш солинган севгилингизнинг юзи яшаса, бутун дунё сизнинг уйингиздир.
* * *
Бир буюк фаранг устод билан бошқа бир наққош уста фаранг майсазорда юриб, усталик ва санъат ҳақида суҳбатлашаётган экан. Қаршиларидан ўрмон чиқибди. Устаси бошқасига шундай дебди: “Янги усуллар билан расм этиш учун шундай бир истеъдод керакки, ўрмондаги дарахтлардан бирини чиздингми, расмга қараган одам бу ерга келиб, хоҳласа, ўша дарахтни бошқаларидан ажрата олсин”.
* * *
Ранжиш ҳам, севиниш ҳам енгиб бўлмайдиган ҳассос нарсалардир.
* * *
Ҳақиқий қобилият ва ҳунар олтин ва шон-шуҳрат севгиси билан ҳам бузилмайди.
* * *
Хотирлаш кўрганингни билишдир. Билиш кўрганингни хотирлашдир. Кўрмак хотирламай билишдир.
* * *
Мен Аллоҳ оламни етти ёшдаги ақлли бир гўдак кўришни истайдигани каби яратганини биламан.
* * *
Энг ёмон қариш, хунуклашиш, ҳатто эрсиз қолиш ҳам эмас, ҳаётда ҳеч ким сизни рашк қилмаслигидир.
* * *
Нақадар гўзал эди, болаликда адолатсизликка учраб, тўшакка ётволиб йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолиш!
* * *
Кексалик ёлғиз нишабларда қийналиш эмас, ўлимдан унчалик қўрқмаслик ҳамдир.
* * *
Бир шаҳар қанча катта ва ранг-баранг бўлса, айбингизни ва гуноҳингизни яширадиган шунча бурчаги, қанча одами кўп бўлса, айбингиз билан ораларига қўшилиб кета оладиган шунча кишиси бор демакдир. Шаҳарлар закоси бағрига сиғдирган олимлар, кутубхоналар, наққошлар, хаттотлар ва мадрасалар билан эмас, қоронғи кўчаларида минглаб йиллар яширинча содир этилган жиноятларнинг кўплигига қараб ўлчаниши лозим. Бу мантиқ билан Истанбул бутун жаҳоннинг энг закий шаҳри бўлишига ҳеч шубҳам йўқ.
* * *
Инсон ўлимдан эмас, ёлғиз бўлиш, ёлғиз, ўхшашсиз ва мустасно қолиш истаги шиддатидан қўрқади.
* * *
Қалбимиз бир турли чиқаришни истамагани азобли хулосани бешафқат ақлимиз чиқарар-чиқармас бутун гавдамиз унга исён этади.
* * *
Ҳаммамизда бўлади: баъзан мантиқ билан ўйлайман деб ҳафталар, йиллар бўйи хаёл қурганимиздан сўнг бир кун бир нарсани кўрамиз, бир юз, бир либос, бахтли бир инсон ва шу онда хаёлларимиз рўёбга чиқмаслигини, масалан, у қизни бизга бермасликларини, масалан, фалончи мавқега ҳеч келтирилмаслигимизни англаймиз.
* * *
Расмга, нақшга, гўзал китобларга севги туйган ҳамма хонлар, шоҳлар, подшоҳлар қизиқишининг уч мавсуми бўлади. Илк бошда жасурдирлар, киришимли ва қизиқувчан бўладилар. Расмни бошқаларда кўрганлари учун, эътибор сабаб истарлар. Бу мавсумда ўрганиб, иккинчи мавсумда истаганлари китобни ўз роҳатлари учун тайёрлатарлар. Расмларга тикилишдан самимий хушланишни ўрганганлари учун эътиборли ҳам бўлади, ўлимларидан кейин бу дунёда шон бўлсин деб қолдирадиганлари китоблари ҳам. Ҳаётларининг кузида эса ҳеч бир подшоҳ бу дунёда қоладиган абадийликка ортиқ қизиқмайди. Бу дунёдаги ўлимсизлик билан, у дунёда келажак авлодлар, набираларимизгача хотирланишимизни биламан.
* * *
Қиёмат куни мусаввирдан яратган шаклларига жон бериш талаб қилинади. Аммо ҳеч нарсани жонлантира олмаганлари учун жаҳаннам азобига йўлиқтирилади. Унутмайлик: мусаввир Қуръони каримда Аллоҳнинг сифатидир. Яратувчи бўлган, йўқ нарсани бор этган, жносизни жонлантирган Аллоҳдир. Ҳеч ким у билан баҳслашишга чиранмаслиги керак. Рассомлар у қилган ишни қилишга уринишлари, у каби яратувчи бўлишни иддао қилишлари энг буюк гуноҳ.
* * *
Бир фалокатдан кейин баримизда бўлади: охирги умид билан, кулгили ва аҳмоқона кўринишдан хижолат бўлмай ҳар нарса олдинги каби давом этиши учун ёлворамиз.
* * *
Ҳовли-боғча кўрмас бир хонада ўттиз бир йил маҳбус яшаб, китоблар ичида улғайган шаҳзода муҳлати тўлган отаси ўлиши билан тахтга ўтирар-ўтирмас деган эканки: “Менга бир от келтиринг, китобларда кўп расмини кўрдим, қандай нарса, жуда қизиқяпман”. Саройнинг энг гўзал саман отини олиб келишибди-да, янги шоҳ отнинг қувур каби бурун тирқишлари, адабсиз орқаси, расмлардаги каби порламаётган туклари, қўпол сағриси борлигини кўриб, хаёли паришон бўлиб, мамлакатнинг бутун отларини ўлдиртирган экан. Қирқ кун сурган бу золимона қиём сўнгида мамлакатнинг сойлари кадар ва қон ранги ила оққан экан. Аллоҳнинг адолати натижаси, бу янги шоҳ душмани Қорақўюнли туркман бейининг қўшини қаршисида суворийсиз қолгани учун енгилиб, парча-парча этилиб, ўлдирилган экан.
* * *
Пулга ҳам ишонмайди, аммо қўрқоқларча тўплайди. Ваҳоланки, бутун қотиллар, ўйлашганидан фарқли равишда, ишончсизлардан эмас, кўп ишониб юборганлардан чиқади.
* * *
Бу дунёнинг гўзаллиги ва сири фақат унга севги ила кўрсатилган диққат, қизиқиш ва шафқат билан ўртага чиқади.
* * *
Истеъдоди ва усталигига самимийлик ила ҳайрон бўлганимиз кишини юзига қараб мақтарканмиз, самимий бўла олишимиз учун у кучдан-иқтидордан тушиб, бироз заволли бўлиши керакми?
* * *
Инсон ёлғиз қолганини алам билан англайди-ю, барибир ҳамма эшикларни, жавонларни, ҳатто қозон қопқоқларини очиб-ёпиб кўради.
* * *
Биз, Одам ўғиллари, виждонимиз ва ақлимиз билан бир нарсанинг хунук ва янглиш эканлигини билишимизга қарамай, у нарсадан кўп завқ ҳам ололамиз.
* * *
Инсон қандай бахтли бўлишини билишига қарамай, бахтли бўла олмаслиги мумкин.
* * *
Ҳаммамизнинг ҳаётимизда, ҳали у тугамасидан туриб ҳатто, бундан сўнг ва жуда узоқ муддат ҳеч унута олмайдиганимиз бир нарса бошимиздан ўтаётганини англайдиган вақтимиз бўлади.
* * *
Бундан кейин қусурлари билан мақтанадиган аҳмоқлар туфайли олам янада рангли, аммо янада аҳмоқ ва, албатта, янада қусурли бўлади.
* * *
Кўр билан кўрувчи бир бўлмас. Қоронғилик билан ойдинлик ҳам бир бўлмас. Кўланка билан иссиқ ер ҳам бир бўлмас ва тириклар билан ўликлар ҳам бир бўлмас.
* * *
Ўғлини паст кўрган ота бўлолмайди.
* * *
Соф қолишни истаганнинг қиладиган иши ва қочадиган ери бордир ҳар доим.
* * *
Бир хонадан бошқасига фақат хотирлаб ва хаёл қилиб ўта оламиз, аммо кўпимиз эринчоқликдан буларни жуда оз амалга ошириб, доим айни хонада кутиб ўтирамиз.
* * *
Инсон аслида бахт расмидаги кулимсирашни эмас, ҳаётдаги бахтни қидиради.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

