Боланинг шахси соғлом ва ҳар томонлама уйғунлашган ҳолда камолоти учун у оила ғамхўрлигида, бахт, меҳр-муҳаббат ва онгли тушуниш вазиятида ўсиши зарур. Бола жамиятда мустақил ҳаётга тўла тайёрланиши ва, айниқса, тинчлик, қадр-қиммат, сабр, эркинлик, тенглик ва бирдамлик руҳида тарбияланиши лозим.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Бу инсоний қадриятларга асосланган ёндашув Ўзбекистон Республикаси 1992 йилда қўшилган Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенцияда эътироф қилинган. Ушбу халқаро ҳужжат иштирокчи-давлатлари унда назарда тутилган бола ҳуқуқлари ва уларни таъминлашга оид саъй-ҳаракатларни амалга ошириш масъулиятини зиммасига олган.
Аслида миллат азалидан бола тарбиясига ҳаёт-момот масаласи сифатида қараб келган халқимиз учун улар ҳуқуқларини назарда тутувчи халқаро нормаларда акс эттирилган аксар талаблар нотаниш эмас. Уларнинг шарқона ифодасини оддий ҳаётий қадриятларимиздан ҳам кўплаб топиш мумкин. Бироқ, қадриятларга қатъий амал қилиш кўпроқ маънавий бурч эканлигини ҳисобга олсак, шиддат билан ўзгариб бораётган дунё учун бола ҳуқуқларининг қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилиши ҳаётий заруратга айланганини тушунамиз.
Шунга ҳамоҳанг, мамлакатимиз қонунчилигида ҳам бола ҳуқуқлари ва уларни таъминлашга оид муҳим ҳуқуқий нормалар белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасида: «Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир», дея қайд этилади.
Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 23 ноябрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2007 йил 1 декабрда маъқулланган «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун эса, айтиш мумкинки, юртимизда ўсаётган ҳар бир фарзанднинг бахтли болалик тамойилларини ўзида ҳис этишига қаратилган.

Унда эътироф этилганидек, бола (болалар) – ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар) ҳисобланади. Қонуннинг 4-моддасида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ қайд этиб қўйилган бўлиб, улар: боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш; ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш; камситилишига йўл қўймаслик; шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш; ҳуқуқлари ва имкониятларининг тенглигини таъминлаш; ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш; ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш; ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлаш; жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш; ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш; болаларда ватанпарварлик, фуқаролик, бағрикенглик ва тинчликсеварлик туйғуларини тарбиялаш; Ўзбекистон халқининг тарихий ва миллий анъаналари, маънавий қадриятлари ҳамда жаҳон маданияти ютуқлари билан таништириш; шахсини, унинг илмий, техникавий ва бадиий ижодкорлигини ривожлантириш; ташаббусларини қўллаб-қувватлаш; ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш; ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик қилиш; ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш; болаларнинг ижтимоий кўникмасига, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни камайтиришга кўмаклашишдан иборат.
Шу ўринда Президентнинг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилиши натижасида мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ҳимоясининг ташкилий ва институционал асослари янада мустаҳкамланганини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Инчунин, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;
ўз ваколати доирасида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро стандартларини қонун ҳужжатларига татбиқ этишни ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш;
бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш кабилар бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланган.
Ўзаро мулоқотларда тез-тез болани ўсиб келаётган ниҳолга ўхшатамиз. Ёш ниҳол эса ёт таъсирларга ҳимоясиз, эътиборталаб бўлади ва алоҳида парваришга муҳтож. Ана шу омилларни ҳисобга олиб, ўстирилган дарахт навқирон бўлади.
Бола ҳам худди шундай. Кўрган тарбияси, ён-атрофдагиларнинг унга муносабати асосида онгини ўстиради, дунёқараши, характери шаклланади. Унинг ёрқин келажаги учун шарт-шароит ҳозирлаш эса катталар, аввало ота-она ва боланинг яқинлари зиммасида. Қолаверса, юртимизда ўсаётган ҳар бир бола эътиборда бўлиб, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш масаласида жамият, давлат ўз зиммасига масъулият олган. Зеро, бугуннинг болаларини бахтли этиб, улар негизида юрт эртасини таъминлашга қодир соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш ҳар биримизнинг Ватан, миллат олдидаги бурчимиздир.
Ўз мухбиримиз

