16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

ҲАҚИҚАТ ҚАНЧА КЎП ҚАРШИЛИККА УЧРАСА, КИШИЛАРНИНГ ҚАЛБИДАН ШУНЧА ЧУҚУРРОҚ ЎРИН ОЛАДИ

Абдулла Қаҳҳор – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, драматург, таржимон, ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаси саналади. У ижодий фаолияти мобайнида 40 дан ортиқ асар ёзган. “Асрор бобо”, “Кампирлар сим қоқди”, “Бошсиз одам”, “Анор”, “Бемор”, “Даҳшат”, “Ўғри”, “Миллатчилар”, “Санъаткор”, “Адабиёт муаллими”, “Ўжар” каби ҳикоялари, “Сароб”, “Қўшчинор чироқлари” романлари, “Синчалак”, “Муҳаббат”, “Ўтмишдан эртаклар” қиссалари ўзбек насри тараққиётида муҳим ўрин тутади.

“Шоҳи сўзана”, “Оғриқ тишлар”, “Тобутдан товуш”, “Аяжонларим”, “Сўнгги нусхалар” комедиялари ўзбек драматургияси ривожига муносиб ҳисса қўшган бўлса, “Гулёр”, “Ялангоёқ”, “Норин шилпиқ”, “Мавлон куфур”, “Ниш” каби тахаллуслар остида эълон қилган фельетон, сатирик шеърлари ўз даври муаммоларини фош этган, жамоатчилик эътиборини қаратган.

Ўзбек китобхонлари Максим Горкийнинг “Менинг дорилфунунларим”, Гоголнинг “Ревизор”, Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” каби асарларини айнан Абдулла Қаҳҳор таржимасида ўқишга муваффақ бўлишган.

Ёзувчи асарлари орасида “Сароб” романи алоҳида ажралиб туради. Асарни ёза бошлаганда, эндигина 23 ёшга қадам қўйган муаллиф ХХ аср бошида юртимизда кечган жараёнлар, ўзбек зиёлилари – ижодкорларнинг тақдир-кечмиши, советлар ҳокимиятига қарши шаклланган ва деярли фаол ҳаракатга киришмаган мухолиф гуруҳ, қизил ҳукуматнинг ер ислоҳоти каби мавзуларни қаламга олади. Асар бошидаги Раҳимжон Саидий билан боғлиқ лавҳалар Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романини эсга солади, аммо Саидий Мартин Иден каби теран фикрли зиёли даражасига кўтарилмай, турмуш лаш-лушлари ичида ўралашиб, ҳатто киши нафратини қўзғайдиган кимсага айланиб қолгани кўринади. Барибир, муаллиф Америка ёзувчиси асаридан таъсирлангани аниқ, аммо буни тўлалигича тақлид деб ҳам бўлмайди. Сюжет аввали ва охиридаги ўхшашликдан қатъи назар умумий манзара ўзаро фарқ қилади.

“Сароб” – бир ўтиришда ўқиладиган, дарров ва тўғридан-тўғри тушуниладиган асар эмас. Муаллиф позисиясини давр нуқтаи назаридан келиб чиқиб баҳолаш ўринли. Роман оғир ўқилиши баробарида эсдан ҳам чиқиб кетмайди, қаҳрамонлар ҳавас қилинадиган, ибратга арзирли кишилар бўлмаса-да, уларга хос характер, тутум, феъл-атвор ўзига хослиги, “бошқа”ларга ўхшамаслиги билан киши хотирасида парчинланиб қолади. Хуллас, бугунги лавҳалар “Сароб”дан.

Сараланган сатрлар

* * *

Ёшлик – тошқин сув, суғорадиган экинингизни суғориб қолмасангиз ўтиб кетади. Кейин кексаликнинг кўзойнагини тақиб игна билан қудуқ қазишдан иш чиқмайди.

* * *

Умуман кишиларда бирон санъатга қобилият, уқув бўлади, аммо бу билангина киши ўша санъатнинг вакили бўлавермайди.

* * *

Ҳар бир янгилик қаршиликка учрайди. Ҳар бир янгилик диққатни жалб қилиб, ўзи тўғрисида турли-турли фикрлар туғдиради.

* * *

Гул секин-секин сўлади, секин-секин гўзаллигини йўқотади; кексара борадиган кўнгилга ҳеч қачон сўлган бўлиб кўринмайди. Гулда сира гўзаллик қолмаса кўнгилда ҳам гўзалликка талаб йўқолган бўлади. Демак, гул билан кўнгил ўз умрини баравар тамом қилган бўлади.

* * *

Оламда кишини яйратадиган нарсаларнинг ҳисоби йўқ. Аммо буларнинг ҳаммаси заҳарли сўз, оловли қамчи кутган кишинг томонидан бўлган илтифотга етармикан?

* * *

Жиноят! Юрак қатнашмай, фақат калла билан қилинадиган иш шундай бўлади.

* * *

Санъат мустаҳкам қўрғон, уни эгаллаш ҳар кимнинг ҳам иши эмас. Бу тилсимнинг сирларини билмасдан туриб бу соҳага қадам қўйиш ҳалокат даражасида хавфли.

* * *

Умр довонининг энг юқори нуқтаси қирқ ёш, ундан ўтгандан кейин киши яна пастга, иккинчи турли болаликка қайтади.

* * *

Фельетон текширилади. Ҳикоя текширилмайди. Агар ҳикояни текшириш лозим келса кенг миқёсда текширилади. Ҳикоя алоҳида шахсларнинг яхшилик, ё ёмонлиги тўғрисида ёзилмайди. Муваффақиятли чиққан бир ҳикоянинг бир типини мамлакатнинг ҳар бурчидан юзлаб, минглаб топиш мумкин бўлади. Агар салбий типларнинг қилган гуноҳларига кўра жазо бераман десангиз, мамлакатда минглаб гуноҳкор топасиз.

* * *

Инсон ҳаётдан қилган талабининг бир жузъинигина олади. Ҳали сабий бўлган инсон ундан шунча оз талаб қиладики, олгани уни таъмин қилолмайди. Бундан ёвузлик, бир-бирини кўролмаслик, ваҳшат, муҳораба ва ҳоказолар туғилади.

* * *

Норозиликдан кўра келажакда рози бўлиш умидининг йўқлиги кишини кўпроқ толиқтиради.

* * *

Тавба, баъзи чиройли қизлар жуда айёр бўлади: ҳамма вақт хунук қизларни етаклаб юради. Тушунасизми? Қоранинг қаршисида оқ яна ҳам оқроқ кўринади-да!

* * *

Подшо “сен” деган кишини бутун мамлакат “сиз” дейди!

* * *

Ишимиз нима? – Сут. Иш шаклимиз нима? – Қўшқулоқ. Иш шароитимиз қанақа? – Арава. Жанжал нима? – Йўлдаги ўйдим-чуқур. Демак, ўйдим-чуқур қанча кўп бўлса, аравамиз шунча нотинч бўлади. Арава нотинч бўлса – қўшқулоқдаги сут чайқалади, тўкилади. Иттифоқ бўлиб муроса билан ишлаш керак. Муроса нима? – Арқон; у билан сигирнинг бир шохидан боғлаб бўлмайди.

* * *

– Яхши томонларни ҳам кўрсатиш зарур. Бизда бу, ҳақиқатан, камчилик. Бунинг сабаби нима? – Мухбирлар бўлимининг яхши ишламаслиги. Нега яхши ишламайди? – Чунки яхши саводли, сиёсий билимли мухбирлар кам. Нега кам? – Чунки биз маданиятга энди қадам босаётирмиз. Нега энди қадам босамиз? – Чунки мамлакатимиз кечагина мустамлака бир ўлка эди.

Агар Кенжа шу тўғрида ўз таклифини айтиб сўзини кесмаса, муҳаррир буни ер юзида одамзоднинг пайдо бўлганига олиб бориб боғлашдан ҳам тоймас эди.

* * *

Ҳар қандай камчиликни шу камчиликдан манфаатдор бўлмаган киши тез пайқайди.

* * *

Ҳаётда ҳар ким ўз иқтидорига яраша ўринни олади.

* * *

Одам ҳаддан ташқари қўрқса қизиқ бўлар экан: бир тўғрам нонни оғзига солиб чайнай-чайнай ҳеч ютолмайди денг!

* * *

Соққа ўйнаб чўнтагини ёнғоққа тўлғазган ёш бола, душманининг жанозасидан қайтиб келаётган киши – ҳар қайси ўзича мамнун, ўзича бахтиёр.

* * *

Эси бутун ҳайрон қолмайди.

* * *

Эски яра янгиланса, унинг дарди янги яранинг дардидан ортиқроқ бўлади.

* * *

Гап қанча тез суръат билан кенгайса, шунча хавфли.

* * *

Ҳали балоғатдан икки қадам берида турган ёш болага онаси бошқа хотинлар олдида “ўғлим, хўп яхшисан-у, қизларни тинч қўймайсан-да” деб кулар экан, бола уялади, аммо шу топда шундай гапни бошқа хотинлардан ҳам эшитгуси келади: агар шунгача қизлар билан иши бўлмаган бўлса, энди ростдан тинч қўймайди… Май мажлисида, кўп ичиб маст бўлмаслиги таъна қилинган майпараст бундай таънани ҳамма вақт ва ҳар кимдан эшитгуси келади. Бу ҳам онанинг ўғлига берган дашномидай таҳсин аралаш таънадир. Таъна, дашном, танқид ва бошқа минг турли дўстона, хайрихоҳона товушларга таҳсин аралашса, қулоққа фақат таҳсингина киради.

* * *

Инсон бамисоли бир машина, машинанинг сарф қилинган қувватини фойдали ишга айлантириш қобилияти турличадир. Инсон ҳам шундай. Инсонларнинг ҳам инсониятга фойда етказиш қобилияти турлича. Фан машиналарнинг шу қобилиятини ортдиришга, яъни сарф қилинган қувватдан иложи борича кўпроқ фойда чиқаришга урингандай, тарбия ҳам инсоннинг жамиятга фойда етказиш қобилиятини оширишга уринади. Фан ҳали сарф қилинган бутун қувватни исрофсиз фойдали ишга айлантирадиган машина тополгани йўқ, аммо тарбия буни топди.

* * *

Дунёда оқ ҳам йўқ, қора ҳам. Бу, ҳар кимнинг қарашига боғлиқ нарса. Манфаат масаласи бор.

* * *

Ҳақиқат қанча кўп қаршиликка учраса, кишиларнинг қалбидан шунча чуқурроқ ўрин олади.

* * *

Муҳаббат – енгиб бўлмас хоҳиш натижасида вужудга келган оилада муҳаббат ҳарорати ва зиёси икки вужудни бир-бирига боғлайдиган сон-саноқсиз туйғуларни барқ урдиради, чечаклар отдиради. Мажбурият натижасида вужудга келган оила эса, модомики оила бўлиб қолиши зарур экан, совуқ мажбурият сохта туйғулар туғдиради.

* * *

Ресторан очиб савдо қилиш билан адиблик, даллоллик билан наққошлик орасида фарқ қолмади.

* * *

Бор илмни ўрганиш, уни бу кунга қадар ишлатилганича ишлатиш – ҳар бир эс-ҳуши бор одамнинг қўлидан келади. Илмга янги бир нарса қўшиш ёки унинг учун янги бир иш майдони очиш – ҳақиқий хизмат.

* * *

Агар биров менинг олдимга “иштаҳам йўқ” деб келса-да, мен уни ётқизиб бурнини кеса бошласам, бу ҳаракатимнинг нотўғри эканини англаш учун доктор бўлиш шарт эмасдир дейман… Ё сиз беш йил ўқиб доктор бўлмагунча англамайсизми?

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.