16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Энди пенсияга чиқиш учун узоқроқ яшашга тўғри келади

Дания ҳам аёллар, ҳам эркаклар учун пенсия ёшини 70 гача кўтариб, бу борада йирик иқтисодиётга эга давлатлар орасида рекорд ўрнатди. G20 («Катта йигирмалик») давлатлари миллий қонунчилигининг ўзига хослигини ўрганган «Новости» ахборот агентлиги мухбирлари яна 14 давлат пенсияга чиқиш ёшини ошираётгани ва уларнинг учдан бир қисмида бу ислоҳот фақат аёлларга таъсир қилишини аниқлаган.

Ушбу мамлакатлар фуқаролари кўпинча 65 ёшда пенсияга чиқишади: бу аёлларга ҳам, эркакларга ҳам тегишли. Бироқ Австралия, Греция ва Нидерландия каби давлатларда пенсия ёши баландроқ, ҳар икки жинс вакиллари учун 67 ёшни ташкил қилади. Швеция (63 ёш), Словакия ва Францияда (64 ёш) эса пастроқ. Ҳиндистонда базавий жиҳатдан 60 ёшда пенсияга чиқиш мумкин, бироқ бу банд бўлган соҳаси ва яшаш ҳудудига боғлиқ.

Энг кўп тарқалган амалиёт – бу рақамни ҳам аёллар, ҳам эркаклар учун тенглаштириш. Масалан, Туркия (эркаклар учун 60, аёллар учун 58 ёш), Польша (65 ва 60 ёш) ва айрим Лотин Америкаси мамлакатларида улар фарқ қилади.

Шунинг учун бир қатор давлатлар пенсияга чиқиш ёшини фақат аёллар учун кўтариб, бу борада гендер тенгликни таъминлашга қарор қилган. Булар Австрия, Руминия, Ҳорватия ва Швейцария – барчаси 65 ёшгача. Болгария ҳар икки жинс вакиллари учун пенсия ёшини ошириб, биратўла тенгликка ҳам эришмоқчи: бир хил – 65 ёш.