Бугунги кунда вилоятимиздаги 828 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 208 таси, яъни 25 фоизи ўз биносига эга эмас. Шу боис вилоят ҳокими Муротжон Азимов қарор қабул қилиб, тегишли туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармасига мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ўз биносига эга бўлмаган ҳар бир МФЙга амалдаги қонунчилик талаблари асосида бино ва иншоотлар ажратилишини таъминлаш бўйича аниқ топшириқ берди.
Қарор ва моҳият
Шунингдек, вилоят ҳокимининг жорий йил 3 февралдаги мазкур қарорига асосан туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармасига воҳамиздаги 620 та МФЙга тегишли ҳамда уларнинг фойдаланишида бўлган ер, бино ва иншоотларни маҳалла фуқаролар йиғинлари номига давлат рўйхатидан ўтказиш чораларини кўриш топширилган.
Ҳужжатнинг тегишли иловасида қайд этилганидек, ҳозирги пайтда вилоятимиз ҳудудларидан фақат Муборак (жами маҳаллалар сони 25 та) ва Кўкдала (37 та) туманларида барча маҳаллалар ўз биносига эга. Шу билан бирга Қарши шаҳрида 3 та, Косон туманида 4 та, Касби туманида 6 та, Нишон туманида 8 та, Шаҳрисабз шаҳрида 11 та, Шаҳрисабз туманида 13 та, Ғузор туманида 15 та, Миришкор ва Китоб туманларида 18 тадан, Деҳқонобод туманида 19 та, Қарши туманида 20 та, Қамаши ва Чироқчи туманларида 23 тадан, Яккабоғ туманида эса 27 та МФЙнинг ўз биноси йўқ.
Эслатиш жоизки, мамлакат Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги қарори билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси зиммасига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда турли манбалар ҳисобидан ўз биносига эга бўлмаган маҳаллаларда уч йил муддатда намунавий маҳалла биноларини босқичма-босқич молиялаштириш орқали, қуриб топширилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

