2025-2026 йилларда республикамиз тоғ ва тоғолди ҳудудларида 500 гектарда «терраса» усулида дарахт ва бута кўчатларини экиб, ўрмон барпо этиш режалаштирилган. Эътиборлиси, бундай «террасали ўрмон»ларнинг 184 гектари (қарийб 37 фоизи) Қашқадарёдаги тоғ ва адир қияликларида пайдо бўлиши лозим.
Ривожланиш стратегияси
Ушбу рақамлар мамлакатимиз Президентининг жорий йил 30 майдаги фармони ва қарори иловаларида келтирилган экан, уларга кўра, «терраса» усулида дарахт ва бута кўчатлари экиладиган тоғ ва тоғолди ҳудудлари рўйхатига Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги 15 та туман, шу жумладан, воҳамизнинг Китоб (48 гектар), Шаҳрисабз (20), Яккабоғ (20), Қамаши (56) ва Деҳқонобод (40) туманлари киритилган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда ўрмонларни бошқариш тизимида ислоҳотларни изчил давом эттириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон билан тасдиқланган «йўл харитаси»га мувофиқ, юртимизда ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириб, чўлланишга қарши курашиш борасида муҳим ўрин тутадиган мазкур чора-тадбирлар Жаҳон банкининг кредит маблағи ҳисобидан Ўрмон агентлиги ва унинг тизим ташкилотлари ҳамда «Яшиллойиҳа» лойиҳалаш институти масъуллигида амалга оширилади. Жорий йил август ойида бу лойиҳалаш институти «терраса» усулида барпо этиладиган ўрмонларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиши, ноябрь ойида эса уларни барпо этиш ишлари бажарилиши лозим.
Экспертларнинг таъкидлашича, бутун дунёда қадим замондан тоғ ва адир қияликларида деҳқончилик қилиш учун кенг қўлланиладиган «терраса» усули, яъни зинапоя шаклида текис майдонларни ҳосил қилиш амалиёти ўсимликларнинг вертикал ўсиши ва агротехник тадбирлар ўтказилишини осонлаштиради, тупроқ емирилиши ҳамда сув ва фойдали моддалар йўқотилишини қисқартиради.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг «Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган асосий мақсадли кўрсаткичларга асосан 2025-2030 йилларда вилоятимизда 4 минг 260 гектар (ҳар йили 650-780 гектар)да ўрмонлар барпо этиш ва қайта тиклаш, шунингдек, чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларда чўлланиш ва қум кўчиши, сув ва тупроқ эрозиясининг олдини олиш ҳамда экологик муҳитни яхшилаш мақсадида 1 минг 540 гектар (ҳар йили 210-300 гектар)да ҳимоя ўрмонзорларини яратиш назарда тутилган.
2025 йилда воҳамизда 462,8 гектар ўрмон фонди ерларида доривор ва озиқ-овқатбоп ҳамда зиравор (аччиқ бодом, далачой, малина, мойчечак, наъматак, тирноқгул, тоғрайҳон, қизил дўлана ва бошқа) ўсимликлар плантациялари ташкил этилиши прогноз қилинмоқда. Кейинги йилларда яратиладиган янги плантацияларнинг майдони янада кенгайиб боради ва 2030 йилда 597,4 гектарга етказилади. Айни пайтда 2030 йилгача бўлган даврда вилоятимизда Экология вазирлиги тизимидаги давлат ўрмон хўжаликлари, давлат ўрмон-овчилик хўжаликлари, илмий-тажриба станциялари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 353 тонна (ҳар йили 54 тоннадан 85 тоннагача) дарахт ва буталар уруғлари тайёрланиб, 94,5 миллион дона (ҳар йили 13,5 миллионтадан 19,4 миллионтагача) ниҳол ва кўчатлар етиштирилади.
Кўчат етиштиришга ихтисослаштириладиган Шўртан ва Китоб давлат ўрмон хўжаликларида 2025-2030 йилларда жами 3,5 миллион донадан ортиқ кўчат, шу жумладан, 1 миллион 775 минг дона япроқбарглилар (шумтол, қайрағоч, заранг, катальпа, япон сафораси, терак, тол, эман, каштан, акация), 355 минг дона игнабарглилар (шарқ туяси, компакт туя, виргин арчаси, элдор ва қрим қарағайлари), 1 миллион 243 минг дона мевалилар (олма, ўрик, гилос, бодом, ёнғоқ) ҳамда 178 минг дона буталар (форзиция, аморфа, шамшод, сирень, Сурия атиргули) кўчатлари етиштирилади.
Айни пайтда Ўрмон агентлигининг давлат ўрмон хўжаликларида экологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва хизматлар турини кенгайтириш, хусусан, Китоб давлат ўрмон хўжалигида асал ишлаб чиқариш ва қадоқлашни ташкил этиш ҳамда саноат ва мебелбоп дарахт турларидан плантациялар яратиш, Яккабоғ ва Шаҳрисабз давлат ўрмон хўжаликларида доривор ва резавор ўсимликлар, Қамаши давлат ўрмон хўжалигида эса писта ва бодом етиштириш ҳамда терак, павловния ва шумтол плантацияларини барпо қилиш, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ давлат ўрмон хўжаликларида экотуризмни йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.
Ўз мухбиримиз

