Муборак туманидаги Қорақум маҳалласида яшовчи Азамат Жумаев хонадонида Қарши давлат техника университети тадқиқотчилари томонидан «Яшил хонадон» лойиҳаси доирасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Айнан шу хонадоннинг минимал эҳтиёжидан келиб чиқиб, 1,2 киловатт қувватли қуёш панеллари ва унга мос равишда энергия йиғувчи аккумулятор, 200 литр сиғимли қуёш сув иситкич (гелиоколлектор) ва 4 дона тунги қуёш ёритқичи ўрнатилди.
Тадқиқотчиларнинг бу оилани танлаганлари бежиз эмас. Азамат Жумаев 2014 йилдан буён иккинчи гуруҳ ногирони, маълумоти олий. Оилада 4 киши бор. Катта ўғли Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси. Яна бир ўғли мактаб ўқувчиси. Оилада доимий иш билан банд бўлганлар йўқ.
– Қуёш панелининг ўрнатилгани, албатта, оиламизга фойда, яна даромад ҳам келтиради, – дейди Азамат Жумаев. – Электрга, сув қиздиришга кетадиган пулимиздан анча иқтисод қиламиз. Бундан ташқари, кунлик энергияни тежаб ишлатсак, давлатга ҳам сотишимиз мумкин. Бу ҳам бир даромад. Бу пулни рўзғорнинг кам-кўстига, ўғлимнинг контракт пулига ишлатамиз. Университет олимларидан миннатдормиз. Бунинг афзалликларини қишлоқдошларимга ҳам тушунтираман, уларга ҳам тарғиб қиламан.
Ушбу оила хўжалиги мисолида тўлиқ автоном электр таъминотини яратиш, тармоқдан узилган ҳолатда ҳам ишлашини таъминлаш ва маиший эҳтиёжлари учун иссиқ сув таъминотини ташкил этишга хизмат қиладиган, экологик тоза, қуёш энергиясида ишлайдиган «Яшил хонадон» лойиҳаси амалга оширилди.
– Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, эндиликда бу хонадон электр энергиясининг ўзидан 2 миллион сўмгача даромад қилади, – дейди университетнинг энергетика муҳандислиги кафедраси доценти Хайрулла Давлонов. – Бундан ташқари, гелиоколлекторни олайлик. У электр сув қиздириш қурилмалари, масалан «аристон»га нисбатан йилига 8000-10000 киловатт соат электр энергиясини тежайди, натижада камида 8-10 миллион сўм атрофида йиллик фойда олиш имконини беради.
«Яшил хонадон» лойиҳаси асосида Қарши давлат техника университетининг муқобил энергия манбалари мутахассислиги магистранти Медҳун Соҳибов томонидан илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ушбу хонадон келгусида «Энергетика муҳандислиги» кафедраси ёш олимлари учун тажриба-тадқиқот полигони вазифасини ҳам бажаради. Улар мазкур хонадон мисолида муқобил энергия манбаларини қишлоқ хонадонларида татбиқ этишнинг илмий ечимлари бўйича тадқиқот ишларини амалга оширадилар.
Абдураззоқ МУРОДОВ

