16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

1 ИЮЛДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий–ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 июлдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан

Пенсиялар ва нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 10 фоизга оширилади.

Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 471 000 сўм этиб белгиланади.

* * *

2027 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш (реконструкция қилиш бундан мустасно) харажатларининг бир қисмини қоплаш учун камида 10 та модулдан иборат бўлган модулли меҳмонхоналар учун бир марталик субсидия қуйидаги миқдорларда ажратилади: I тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун – 10 миллион; II тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун – 7 миллион; III тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун – 5 миллион сўм.

* * *

Ногиронлиги бўлган шахсларга қонунчиликда белгиланган солиқ имтиёзлари уларнинг мурожаатисиз проактив шаклда қўлланади.

* * *

Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмаларига «Давлат мулки» ахборот тизими орқали давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар кўчмас мулк объектларини сотиш учун тўғридан-тўғри электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади.

* * *

Аҳоли уй-жойларининг энергия аудитини ўтказиш харажатлари ҳамда қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар қийматининг 20 фоизи ва иссиқлик насослари (ҳаво, сув ва геотермал) қийматининг 40 фоизини, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаш учун Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан ўрнатиладиган тартиб асосида субсидия ажратиш йўлга қўйилади.

* * *

Ветеринария ва фитосанитария соҳасида ташқи савдо юкларига тегишли ҳар қандай ҳужжатларга муҳр ва штамп босиш ҳамда уларни ёзма тарзда рўйхатга олиш амалиёти бекор қилиниб, барча тартиботлар ушбу ҳужжатларни электрон шаклда тасдиқлаш орқали амалга оширилади (товарлар экспортида халқаро шартномаларда қатъий белгиланган ҳолатлар бундан мустасно).

Жаҳон савдо ташкилотининг Савдо тартиботларини соддалаштириш битими талаблари асосида товарларга нисбатан имтиёзларни қўллаш бўйича божхона органларининг  дастлабки қарорларини бериш тартиби жорий этилади.

* * *

2028 йил 1 январга қадар кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга мораторий эълон қилинади.

 Лойиҳа офислари тавсиясига асосан юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига майдони 10 минг квадрат метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини 5 йил муддатга текин фойдаланишга бериш тизими жорий этилади.

* * *

Кўп қаватли уйлар массивларидаги тупроқ ва яшил қопламали умумий фойдаланишдаги ҳудудларни ўзбошимчалик билан бетонлаштирганлик, қурилма ва конструкцияларни ўрнатганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилади.

* * *

Объектларни қуришда қурилиш-пудрат ташкилотлари, девелоперлар ва буюртмачилар томонидан улушдорларнинг пул маблағларини қурилишга улуш киритиш асосида жалб қилиш фақат нотариал тасдиқланган ва кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтказилган объект қурилишида улуш киритиш асосида иштирок этиш шартномаси бўйича амалга оширилади.

* * *

Хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талабларини; радиация ва ядровий хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ қоидалар ва бошқа талабларни; истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини бузганлик учун юридик шахсларга жарима қўллаш тартиби жорий этилади.

* * *

Йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматларини кўрсатиш айланмаси учун қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ

Фуқароларга давлат пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашнинг қуйидаги соддалаштирилган тартиби жорий этилади:

фуқароларга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши муносабати билан пенсияларни алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш. Бунда фуқарога проактив шаклда тайинланган пенсияларни рад қилиш ҳуқуқи берилади;

кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга компенсацияларни электрон маълумотлар алмашинуви асосида проактив шаклда тайинлаш;

ногиронлик пенсияси тайинлангандан сўнг камида бир йил иш стажига эга бўлганда фуқаронинг пенсия миқдорини ҳар икки йилда проактив шаклда қайта ҳисоблаш.

* * *

Ўз хонадонида фаолият юритадиган якка тартибдаги тадбиркорларга мебель маҳсулотларини тайёрлаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

* * *

Импорт қилувчи ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган дори воситаларини уларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри ёки унинг расмий дилерлари орқали реализация қилиш электрон ҳисобварақ-фактура асосида амалга оширилади;

рақамли маркировкаланган маҳсулотларни улгуржи сотиш фақат нақд пулсиз шаклда банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.

* * *

Республиканинг барча давлат тиббиёт муассасаларида касалликнинг оғирлик даражаси ва даволашнинг мураккаблигидан келиб чиқиб, махсус кўникмаларни талаб қиладиган даволаш чораларини кўрган ҳамда юқори хавф даражасига эга бўлган амалиётларни самарали амалга оширган шифокорларнинг ойлик лавозим маошларига 25 фоиздан 100 фоизгача устама тўлаш тизими жорий қилинади.

* * *

2030 йил 1 январга қадар болалар учун мўлжалланган контентлар яратишдан олган даромади жами йиллик даромадининг камида 80 фоизини ташкил этган юридик шахслар, шунингдек, Болалар контентини ривожлантириш маркази фойда солиғи тўлашдан озод қилинади; ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди; юридик шахсларга болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш билан боғлиқ бўлган харажатларини фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади; юридик шахслар ва марказ томонидан болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш учун бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғи солиқ ҳисоботлари тақдим этилгандан кейин Давлат бюджетидан уларга тўлиқ миқдорда қайтарилади.

* * *

Суғурта ташкилотлари билан божхона органлари ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилган ҳолда чегара орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизми йўлга қўйилади.

* * *

«Экофаол фуқаро» платформасига ўзи эккан дарахти тўғрисида маълумотлар киритган камбағал оилалар аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган ҳар 100 та дарахт учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида субсидия ажратиш тартиби жорий этилади.

* * *

Экологик тоза ҳудуд режими жорий қилинган ҳудудлардаги фуқаролар йиғинларига «экомаҳалла», «экоқишлоқ» ва «экоовул» мақоми берилади. Бунда, фуқаролар йиғинига тегишли ҳудудда: электр энергияси қуёш батареяларига алмаштирилади; йўналишли электробус ҳаракатланиши йўлга қўйилади; «яшил боғ» ва «яшил жамоат парк»лар ташкил этилади; савдо шохобчаларида пластик пакетлар савдоси тақиқланади; маиший чиқиндиларни саралаш, шунингдек, қайта ишланадиган чиқиндиларни қабул қилиш учун фондоматлар ўрнатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан

Электрон тижорат операторлари, электрон тижоратда сотувчи бўлган юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, электрон тижоратда сотувчи ёки буюртма асосида товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи ёхуд йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида  ташиш фаолиятини амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар электрон тижорат доирасида ҳисоб-китобларни фақат алоҳида банк ҳисобварақларидан фойдаланган ҳолда амалга оширади.

* * *

Барча давлат мактабгача таълим ташкилотларида ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон давоматини юритиш, иш вақти табелини шакллантириш, тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат харажатларини натура шаклида ҳисоблаш, ота-оналар тўлови ҳамда бошқа тўловлар «Болалар боғчаси» ахборот тизими орқали амалга оширилади.

* * *

Мунтазам йўловчи ташиш йўналишларидаги автотранспорт воситаларининг тасдиқланган йўналиш схемаси ва ҳаракатланиш жадвалига риоя этилишини таъминлаш мақсадида йўналишдаги автотранспорт воситаларини сунъий йўлдошли ҳаракатни кузатиш навигация қурилмалари билан жиҳозлаш ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизматига интеграция қилиш талаблари жорий этилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.