Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Қарши шаҳри Шайхали қўрғонида жойлашган тергов ҳибсхонасида вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида «Инсон қадри – азиз» мавзусида тадбир ташкил этилди.
Инсон қадри – азиз
Дастлаб муассасада сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ва бошқа ҳолатлар кўздан кечирилди.
Тергов ҳибсхонаси 500 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни кунда 465 нафар маҳбус сақланяпти. Уларнинг 35 нафари аёл, 10 нафари вояга етмаганлардир.
Тадбир давомида ҳибсхонада сақланаётган шахслар учун малакали хирург, травматолог, невропатолог, кардиолог, эндокринолог ва гинекологлар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Махсус тиббий анжомлар ва дори-дармонлар билан таъминланган шифокорлар томонидан аниқланган касалликлар бўйича 3 нафар шахс даволаниш учун юборилди.
Шу билан бирга, Қарши давлат университети психолог ўқитувчилари томонидан фуқаролар, айниқса, вояга етмаганларни ахборот хуружлари, маънавий таҳдидлар ва турли хил ёт ғоялардан ҳимоя қилишга қаратилган тренинглар ўтказилиб, ҳаётда муносиб ўрин топишлари учун мотивацион машғулотлар олиб борилди.
Тадбир доирасида тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар билан якка тартибда сайёр қабул ҳам ўтказилди. Унда маҳбуслар тергов жараёнларидан норозиликлари ва суд жараёнларида Омбудсман минтақавий вакилининг иштирок этиши, шунингдек, оиласи ва фарзандлари таълимига оид саволлар билан мурожаат қилишди.
Ўз мухбиримиз

