16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

Ёз – ўтмоқда соз!

Қашқадарёдаги болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида бу йилги мавсум 5 июндан бошланган экан, 2 августгача уларда навбат асосида 23 минг нафардан ортиқ ўғил-қизларни дам олдириш кўзда тутилган.

Воҳанинг табиати сўлим Яккабоғ, Китоб, Шаҳрисабз туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрининг баҳаво манзилларида жойлашган жами 17 та оромгоҳда бугун болаларни соғломлаштириш дастурлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Шаҳрисабз туманидаги «Зиё чашмалари» болаларни соғломлаштириш оромгоҳи бир навбатда 300 нафар ўғил-қизни қабул қилади. Шу тарзда мавсум давомида унда 1200 нафар бола ҳордиқ чиқариб, таътил ва ёзни соз ўтказиш имкониятига эга бўлади.

6,5 гектардан ортиқ майдонга эга, ҳудудининг қарийб ярмини боғлар ташкил қилган ушбу муассасада 8 та шинам ётоқхона, замонавий ошхона дам олувчи ўғил-қизлар хизматида. Тадбирлар, спорт майдонлари, сув ҳавзаси ва бошқа ёрдамчи бинолар болаларнинг мароқли дам олиши учун тўла ҳозирланган.

Оромгоҳда бугун бир жамоа бўлиб хизмат қилаётган тарбиячилар, тиббиёт ходимлари, спорт мураббийлари, тўгараклар раҳбарлари ва барча-барча ходимлар дам олишга келган болалар нафақат соғломлаштирилиши, балки уларнинг ҳар бири янги-янги билимлар, касб-ҳунар кўникмаларини олиши, ўз истеъдодини намойиш этиши учун ҳам имконият беришга интилиб ишлашмоқда.  

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.