Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.
Матбуот анжумани
– Ушбу қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаган шахсларга 1494 та ёзма кўрсатмалар юборилди ҳамда ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида ер қонунбузилиш ҳолатларининг 709 таси (211 гектар) жойнинг ўзида бартараф этилди, – дейди Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Жасур Усмонов. – Шунингдек, 43,4 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилишларни бартараф этиш ва ерни аввалги ҳолатига қайтариш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича судларга 660 та даъво аризаcи киритилди. 131 та ҳолатда 39,1 гектар ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва бошқа қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 2291-моддаси тартибида “Ерлардан мақсадли фойдаланиш ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида қонунийликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида”ги тартибга мувофиқ кўриб чиқиш учун прокуратура органларига тақдим этилди.

Хабарингиз бор, Президент томонидан 2024 йилнинг 5 август санасида “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Бу кўпчилик аҳоли кутаётган, миллионлаб оилалар ҳаётига дахлдор янгилик ҳисобланади. Қонунга асосан вилоятда ҳам кадастр ходимлари томонидан ялпи хатлов ишлари ўтказилмоқда. Кадастр агентлиги томонидан ишлаб чиқилган режа-жадвал асосида ҳар бир маҳаллада ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларни 2028 йилга қадар босқичма-босқич хатловдан ўтказиш белгиланган.
Шунга кўра, хатлов жараёнларига 200 нафарга яқин кадастр ходимлари сафарбар қилинган бўлиб, бугунги кунга қадар 35 минг 886 та кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилгани маълум қилинди. Шундан, Қонун доирасида ҳал этилиши мумкин бўлган 17 минг 577 та кўчмас мулк объектининг электрон йиғмажилдлари кўриб чиқиш учун “E’tirof” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тегишли вазирлик ва идораларга юборилган. Натижада Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияларида 202 нафар фуқарога уй-жойга нисбатан мулк ва ижара ҳуқуқлари расман эътироф этилган.
– Қонун ижроси доирасидаги ишларни адолатли ва самарали ижро этилиши барчамизга боғлиқ эканини унутмайлик, – деди Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилояти бошқармаси шуъба бошлиғи Убайдулла Аҳмедов. – Яна шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, фуқароларимиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ишингизни тезлаштириб бераман, ёрдам бераман ёки танишим бор деган фирибгар ёки таъмагирларга алданиб қолмасинлар. Шундай шахсларга дуч келганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беришларини сўраймиз.
Мутасаддилар томонидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА

