16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Фаолият

Қўнғирот туманидаги уй-жойлар томини ёпиш учун вилоятимиз томонидан яна 1,5 миллиард сўм ажратилди

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли 125 та уй-жойнинг том қисмини таъмирлаб ёпиш учун Қашқадарёда ҳомийлик асосида йиғилган 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилмоқда.

Оролбўйи минтақасига ёрдам

Вилоят ҳокимининг жорий йил 9 июлдаги қарорида кўрсатиб ўтилганидек, бу пуллар «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳисоб рақамида ҳомийлик асосида шаклланган маблағ ҳисобидан тўрт томонлама шартнома тузган ҳолда ажратилаяпти. Уларнинг тахминан учдан бир қисми, яъни 530 миллион сўми Қўнғирот туманидаги шароити оғир оилалар учун 10 минг дона шифер харид қилиш, яна 993,5 миллион сўми эса ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари, сим ва мих сотиб олиб бериш билан боғлиқ харажатларга сарфланади. Маблағ ва қурилиш материалларининг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан вилоятимиздаги тегишли мутасаддилар томонидан назорат ўрнатилиши зарур.

Ҳужжатда қайд этилишича, маблағ ажратиш республика Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда ўтган йилнинг август ойида вилоятимиз ҳокими   Муротжон Азимов ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов томонидан имзоланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ амалга оширилмоқда. Илгари хабар берганимиздек, ҳукуматнинг мазкур қарорига асосан вилоятимиз ҳокимлиги Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманига бириктирилган. Оролбўйи минтақасидаги ушбу ҳудудда ўтказилган хатловда оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли 889 та уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) ҳамда 45 та яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уй-жойларни янгидан қуриш зарурлиги, бунинг учун жами 14,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талаб этилиши аниқланган.