Номаълум мамлакатда номаълум сабабга кўра кўрлик эпидемияси тарқалади. Яъни, кўрга кўзи тушган киши борки, бу дардга мубтало бўлади. Одатда басирлик қоп-қора зулмат бўлса, буниси оқлик, шундан бошқа ҳеч нарса йўқ. Даставвал касалланган ва гумон қилинганлар учун алоҳида карантин зонаси ташкил этилиб, жамиятдан узиб қўйилган бўлса, бориб-бориб, бутун шаҳар аҳолиси кўрга айланади. Натижада ҳамма нарса издан ва ишдан чиқади: корхона, ташкилотлар ишдан тўхтайди, электр узилади, савдо, олди-бердилар йўқ – одамларнинг бор-йўқ ташвиши яшаб қолиш, демакки, озиқ-овқат топишдан иборат. Шундай ҳолда ҳаммаям инсонлигини, ўзлигини сақлаб қола оладими ва бу қанчалик зарур? Аслида кўзи очиқ деяётганларимизнинг аксари кўп нарсадан ғофил – кўр эмасми?
1998 йилда адабиёт соҳасида Нобел мукофотига лойиқ кўрилган Португалия адиби Жозе Сарамаго “Кўрлик” романида шу ҳақда ёзади. Ишонаверинг, бу каби асарни аввал ўқимагансиз. Ёзувчи бирор қаҳрамонига ном қўймайди, диалогларни изма-из қалаштириб кетаверади, бирор тушунуксиз ҳолатга изоҳ бериб ўтирмайди, шунга қарамасдан воқеалар оқимида гўёки сузиб борасиз. Инсониятнинг нақадар ваҳший ва тубанлиги, айни пайтда юксак ва зоти шариф эканига амин бўласиз. Асарда барча қаҳрамонлар, воқеа, сюжет рамзлар асосига қурилган, очқич калитни топган кишига роман кўп сирларини намоён қилади.
Роман интеллектуал китобхонларга – фикрлашни истайдиган, зўриққан фикрлар аро янги қарашларга эга бўлишни истайдиган мутолаа ихлосманд-ларига мўлжаллаган.
Сараланган сатрлар
* * *
Ғам билан шодлик сув ва ёғдан фарқли ўлароқ бир-бирига қоришиб кета олади.
* * *
Қиладиган ҳар бир ҳаракатимиздан олдин жиддий ўйлашни бошласак, оқибатларини аввалдан аниқлашга уринсак, дастлаб аниқ оқибатларини, кейин эҳтимолий, кейин эса камдан-кам юз бериши мумкин бўлган, сўнг ҳатто хаёлимизга ҳам келмайдиган оқибатлари тўғрисида бош қотирсак, турган жойимиздан ҳеч қаерга жилолмай қолган бўлардик. Сўзларимиз ва амалларимизнинг яхшию ёмон оқибатлари, ҳеч шубҳасиз, келгуси ҳаётимизга, ҳатто бизда бу оқибатларни тўғрилаш, ўзимизни қутлаш ёхуд бошқалардан узр сўраш имконияти бўлмайдиган – дунёдан ўтиб кетган кунларимизга ҳам тенг ва мувозанатли равишда тақсимланади, айрим инсонлар бу ҳолат абадийликнинг айни ўзи эканини илгари суради.
* * *
Ёмонлик – дунёдаги энг осон ишлардан бири.
* * *
Барчамизнинг ҳам ожиз қолган пайтларимиз бўлади, бахтимизга йиғлаш хислатимиз бор, кўзёшлар кўп ҳолларда бизнинг нажотимизга айланади, баъзан йиғлай олмаганимизда, ўлиб қоладигандек бўламиз.
* * *
Кўрлар мамлакатида бир кўзли одам шоҳ бўлади.
* * *
Қийин дамлар дўстларни саралаб беради.
* * *
Аслида куннинг қайси вақтини кўрсатаётгани соатнинг ўзига барибир, миллари бирдан бошлаб ўн иккигача айланади, холос, қолганини эса одамларнинг ўзлари ўйлаб топади.
* * *
Дунё шундай яратилганки, ҳақиқат ўзини намоён этиши учун аксарият ҳолларда ёлғон либосига бурканиши лозим.
* * *
Ҳаммага маълум, кўрлик балоси одамнинг касбию мартабасига қараб ўтирмайди.
* * *
Охир-оқибат бу дунёда ҳеч нарсага мутлақ эгалик қилолмаймиз.
* * *
Мусибат ҳамда ёвузликнинг сира охири йўқ.
* * *
Умуман олганда, бировни қурол билан қўрқитиш унга ҳужум қилиш билан баробар.
* * *
Ҳатто энг оғир мусибатлардан ҳам ана шу уқубатларга сабр билан чидаш учун етадиган яхшилик топиш мумкин.
* * *
Одамлар “кўзи кўр” деб атайдиган севгининг ҳам ўз товуши мавжуд.
* * *
Инсон ақли ва ақлсизлиги ҳамма жойда бир хил.
* * *
Ҳар ким ўз ахлоқий тамойилларига мувофиқ иш кўради.
* * *
Ҳар нарсанинг вақт-соати бор, ҳаммадан эрта уйғонганингиз ҳаммадан эрта вафот этишингизни англатмайди.
* * *
Барчамизнинг гўёки иккинчи қават теримиз ҳисобланмиш худбинлик туйғусидан маҳрум одам ҳали дунёга келмагандир, бу теримиз шунчалар қалинки, биринчи қават теримиз недир сабаб билан қонаган тақдирда ҳам, унга ҳеч қандай зарар етмайди.
* * *
Шундай пайтлар борки, сўзлар ҳеч нарсага ярамай қолади.
* * *
Қалб поклигига тўхталсак, бу ҳар кимга ҳам насиб этавермаслиги барчамизга маълум.
* * *
Тубанлик ва зўравонликларнинг мавжудлиги сир ёки одамни ҳайратга соладиган янгилик эмас, албатта, дунё асли шундай.
* * *
Қўрқув ҳар доим ҳам доно маслаҳатчи бўлолмайди.
* * *
Одам салтанат асосини тутган билан шоҳ бўлиб қолмайди.
* * *
Аслида кўрлик қисман мана шу нарса – ҳеч қандай илинж қолмаган дунёда яшаш.
* * *
Доим ҳам берилган ваъдаларнинг устидан чиқилавермайди, баъзан заифлигимиз, баъзан эса ихтиёримизга бўйсунмайдиган кучнинг мажбурлаши бунга сабаб бўлади.
* * *
Хайриятки, яхшиликлар фалокатларни етаклаши ҳақида кўп гапирилмаган эса-да, фалокатларнинг яхшиликларни етаклаб келиши кўп бора кузатилган.
* * *
Агар сурункали томчилашда давом этса, юмшоқ сув қаттиқ тошни емиради.
* * *
Ҳозиргача бизнинг кўнглимизда яшаган ёки бизни ҳозиргача яшашга ундаган, бизни биз қилиб турган туйғуларнинг бари кўзларимизнинг шарофати ила мавжуд бўлган, кўрадиган кўзларсиз туйғуларимиз ҳам ўзгаради.
* * *
Инсоният бир куни кўрмай яшашни ҳам уддалай олар, лекин ўша кун келганда инсонлигидан асар ҳам қолмаган бўлади.
* * *
Ёшлар ҳаётга тез мослашади, чунки уларнинг бутун ҳаёти олдинда.
* * *
Тошюракларнинг ҳам қалбига дарз етиши мумкин.
* * *
Баъзи аёлларни тушуна оладиган одамга ҳайкал қўйса арзийди.
* * *
Қисмат шундай, мойчироқлар ҳам, итлар ҳам, инсонлар ҳам, яъни ҳеч биримиз ёки ҳеч нарсанинг дунёга қандай мақсадда келганини биринчи кунданоқ билиб бўлмайди.
* * *
Тўғри ва янглиш деган тушунчалар ўзимизга бўлган муносабатимизни эмас, қаршимиздаги одам билан муносабатимизни турли шаклда тушунишимиздан келиб чиқади.
* * *
Барчамизнинг ичимизда ўзимиз номини билмайдиган нимадир бор, ана ўша бизнинг моҳиятимиз.
* * *
Табиатда ҳеч нарса йўқ бўлиб кетмайди, ҳамма нарса эврилади, дейишади-ку, ҳаётда ҳам шундай.
* * *
Кун келиб ўлиб кетишимизни ўйлаб яшашдан шунчалик қўрқамизки, вафот этганларнинг қилмишларини кечиришга уринамиз, ўзимизга навбат келганида бизни ҳам кечиришларини истармиз, эҳтимол.
* * *
Инсон танасида ҳам ўзига хос тартиб мавжуд, шу тартиб сақланиб турса, яшашда давом этади, ўлим ана шу тартибнинг бузилиши оқибатидир.
* * *
Сўқирлар жамияти заволга юз тутмаслик учун қандай тартиб ўрнатиши мумкин? Буни ҳар ким ўзини тузатишдан бошлаши керак, ўзини тузатиш, қайсидир маънода, кўра олиш деганидир.
* * *
Энг ёмон сўқир кўришни истамайдиган сўқирдир, десак, энг буюк ҳақиқатни айтган бўламиз.
* * *
Марҳумларнинг ёнидан уларни кўрмай ўтиб кетиш инсониятга хос қадимий кўникма.
* * *
Одамлар билан яшаш эмас, уларни тушуниш жуда қийин.
* * *
Дунёда тўхтовсиз айланиб қайтиб келадиган, қайта-қайта мурожаат қилинадиган нарса, ҳеч шубҳасиз, сўзлар бўлса керак.
* * *
Шундай умидлар борки, телбаликдан бошқа нарса эмас.
* * *
Ёши улғайган сайин одамнинг ўз зиммасига олган гуноҳлари рўйхати шу қадар қалинлашиб кетадики, тасаввур қилиш қийин.
* * *
Одамлар нимага қодирлигини олдиндан билолмайсиз, кутиш, ҳаммасини вақт ҳукмига қолдириш даркор, вақт қимор столида қаршимизда ўтирган қиморбоздир, барча қарталар унинг қўлида, биз фақатгина ҳаётимизни ўртага тикиб, бу столдан нималирдир ютиб оламиз, ўз ҳаётимиз эвазига.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

