“Гонолулуга элчи”. Эркин Аъзамнинг ўтган йили “Пир” нашриётида чоп этилган китоби шундай номланади. Тўпламдан “Анойининг жайдари олмаси”, “Пиёда”, “Навоийни ўқиган болалар” каби кўҳна, “Ступка”, “Аралаш қўрғон” каби 15-20 йил муқаддам қоғозга кўчган, “Арбоб Қулов Парижга боради”, “Адашган: Маестро Жийдалига келмоқчи”, “Ҳулўл”, “Акмал паханнинг жияни” номли янги ҳикоялари, шунингдек, “Шоирнинг тўйи” ҳамда “Гонолулуга элчи” қиссалари жой олган.
Номининг ўзиёқ ўқувчи эътиборини жалб этадиган бу асарлар муаллифга хос киноя, ажабтовур манзараю лавҳаларга тўла.
Мамлакат истиқлолга эришган илк йиллар. Ташқи ишлар вазирининг шахсан ўзи ҳузурига бир гуруҳ ижодкорларни чорлаб, элчилик вазифаларини таклиф этади ва тил ўрганиб, бошқа тадорикларни кўришга ундайди. Кутилмаган бахтдан сармаст аҳли ижод тараддуд баробарида ким қайси давлатга йўл олиши борасида ҳам чуқур ўйловга тушади. Кимдир Париж, кимдир Лондон ҳавосию ҳаваси билан яшай бошлайди. Аммо арзимас, кутилмаган сабаблар туфайли элчилик орзуси амалга ошмай қолади. Гонолулу – ўша машҳур Гавай оролларининг маркази, ёзувчи асарига нега бундай ном танлаганию ижодкор-элчилар тақдири қандай якун топганини эса тўлиқ мутолаа мобайнида билиб олсангиз бўлади.
Куни кеча 75 ёшни қаршилаган Эркин Аъзам асарлари адабий дидингизни юксалтиради.
Сараланган сатрлар
* * *
Ўзингникини ёмонласанг, ётнинг меҳри қочади, дейдилар.
* * *
Биласизми, биз бугун қандай замонда яшаяпмиз? Энди бизнинг ҳар биримизга алоҳида бир қўрғон керак! Деворлари шундай баланд, ўзи шундай пинҳон қўрғонки, на отдан бўйлаб бизни кўра оласиз, на осмондан қараб! Бу шундай бир қўрғонки, гоҳ юлдузлар орзусида, гоҳ заминдаги майда бир ҳавасчалар илинжида ўртаниб, баъзан ўзимиз ҳам ўзимизни йўқотиб, тополмай сарсон юрамиз…
Аммо, қўрғонимиз муттасил ҳаракатда – улкан бир кеманинг бағрида у. Кемадан тушиб қолиб бўлмаса – жон ширин, дунё қурғур умидли…
* * *
Ажаб замон бўлди-да: олими четда қолиб, золимлари олимлик даъвоси билан чиқа бошлади. Кимнинг ҳамёни ғозлироқ бўлса, қўлидан келадими, йўқми – китоб ёзиш, китоб ясаш пойгасига киришди.
* * *
Ошини еганингиздан кейин ўчоғининг тутунига ҳам чидайсиз-да.
* * *
Сираси айтилса, бутун аҳли жаҳон шундай-ку: қайдандир келган, қайгадир кетган. Яъниким, банибашар аслида келгинди, кўчманчи. Бу дунёнинг кирар-чиқар икки эшикли карвонсарой аталиши ҳам шунга бир тимсол бўлса ажаб эмас.
* * *
Кечаги замонда одам ажратган, яъни сен ундоқ-мен бундоқ деганнинг капаси куярди. Ҳамма бирдек фахрли фуқаро, вассалом!
* * *
Шуҳрат билан шармандаликнинг ораси бир қадам экан-да. Аслида, шуҳрат – шармандаликнинг бир тури, иснодсиз тури.
* * *
Бир кун келиб нариёққа борганингда кимлардан бўласан, уруғинг нима, элатинг нима деб сўрамас, ахир!
* * *
Манфаат балоси қандоқ эшикларни очмайди дейсиз!
* * *
Ҳа, муқаддас соҳага дахлдор улуғдан-улуғ зот улар! Турмуш икир-чикирларидан баланд-баландда, дунё бўйлаб шахсий самолётларида эркин-эркин учиб юришади. Мақсадлари – мусиқа мўъжизасини оламга ёймоқ, шу баробари кишилар кўнглида инсонийликни уйғотмоқ, уларни олижаноб амалларга чорламоқ. Хўб улуғ омол! Э, бор бўлинглар-э, устоди бузруклар!
Бироқ содда-баёв ҳофизимизнинг хаёлига сира ўша миниб юрган самолётини улар қаёқдан олди экан, деган ўй келмасди. Унинг назарида, гўёки бундай зотларда шахсий самолёт бўлмоғи табиий, ҳатто муқаррар, унинг қаёқдан, нима эвазига келганининг эса аҳамияти йўқ.
* * *
Куз-кузак чоғлари бўлса, боғ эскидан ҳам эски, қадимий манзилгоҳлардан бўлса – қат-қат хазонларни ғичирлатиб бир ўзингиз танҳо кезиб юрсангиз! Шунда кечаги кунларнинг ҳиду нафаси аримаган бирор антиқа ашёгами, эзгинроқ бир манзарагами дуч келганда кўнгил ўз-ўзидан сув очади, хилват-пана гўша топилса, кўзлар намланиб ҳам кетади. Ҳолбуки, бу томонларга энди келишингиз, дейлик, манови чакалакзорга илк бор оралашингиз, бир замонлар кимлардир энтика-энтика учган, бугун ордона ётган анови арғимчоқни ҳам ҳозиргина кўриб туришингиз – дийда эса аллақачон сувга ғарқ!
* * *
Зарур келганда, болға ўрнига ерда ётган оддий тош ҳам иш беради…
* * *
Бу дунёда бир-бирига ўхшаш келадиган одам кам эмас. Ҳаммаям кимгадир ўхшайди. Сиртдан-да. Лекин кимга ўхшамоқни ҳам билиш керак экан.
* * *
Очиқ ётган қозонга қайси ит бурилиб қарамайди.
* * *
Шунақа тоифа бор ўзи, ҳар нарсага ҳавас қилаверади. Боғ десанг, боққа талпинади, тоғ десанг – тоққа.
* * *
Кечагина ўзи ёзиб берган гапларни у ҳозир бошқа кишининг оғзидан эшитиб, хаёлан солиштираркан, матнга талай таҳриру тузатишлар киритилганини съезди. Аввало, ўринли-ўринсиз “совет” сўзи қўшилган эди: “ёш совет шоири”, “бой совет воқелиги”, “совет лирик шеърияти”. Оташқалб шоир “совет тузумини тинмай улуғлаган”, “шонли ўттизинчи йилларнинг қаҳрамонона зафарларини тараннум этган” эмиш! Унда нега қамалди, нега “халқ душмани” деб қораланди?
* * *
Оташқалб ўз қатлига ўзи ҳукм чиқарган анови сатрлардаги “муҳаббат гули” ким? “Тиканлар” деганда ким ё нима назарда тутилган? Бундан оғир саволлар борми? Бир шоирни совуқ ўлкаларга сургун қилиб, чиритиб юбормоққа шунинг ўзи кифоя эмасми?
* * *
Фан арбоби гапни жуда олисдан, қарийб Одам атонинг яратилишидан бошлади, десак бўлади. Сўнгра ўзига ўтгунича ҳам хийла замон кетди. Мажлис раиси Оқсоқол шоир бетоқат бўлиб бир неча бор микрофонни тақиллатиб кўрди – бефойда. Ўзи кекса бўлса-да, бундай улкан йиғинларда эзма-чурик мўйсафидларга сўз бермоқ хатарли эканини у кўп йиллик раислик тажрибасидан яхши биларди. Начора, сўзга чиқувчилар рўйхатини ўзингиз тузмаганингиздан кейин шу-да.
* * *
Биласиз, улфатнинг қонун-қоидаси бўлак – эрмисан, шермисан, бир дастурхон атрофида ўтирасан, бир суякни ғажийсан!
* * *
Қўл остидаги мулозимларга ҳамма гап айтилавермайди. Айтилса, унинг раҳбарлик сиёғи қайда қолади? Яқин мулозим, маҳрам ёрдамчи бошлиғининг бор сир-асрорини биламан, деб ўйлайди ўзича. Негаки улар доимо бирга, хўжайиннинг оила-рўзғор юмушларидан ҳам хабардор. Лекин эртасини ўйлаган бошлиқ унақа билағондан тезгина воз кечиш пайида бўлади. Унга кўпинча итдек садоқатли бўлмоқ баробари салгина гўл, айтилган гапга оғзини очиб турадиган лақмароқ лаббайгўйлар маъқул. Қизиғи шундаки, ҳарқанча яқин, эт-тирноқдек бўлишларига қарамай, раҳбар пинҳон тутилган масалаларни гоҳ еттиёт бир бегонага ошкор этганида ёрдамчининг жаҳли чиқади: нимага мен қолиб бунга айтяпти? Ана шу қизғаниш туйғуси бора-бора норозиликка айланиб, “қул исёни” бош кўтаради. У ер-бу ерда висир-висир қилиб юрса ёки биратўла орани очиқ ташлаб даф бўлса-ку майли дейсиз; йўқ-да, эрта бир кун раҳбарнинг тепасида булут тўпланганида, коса кўзага тегиб кетган маҳал жабрдийдалар сафининг бошида туриб уни сотмоққа тушади. Сотади –виждони заррача лат емайди, бир кун келиб пушаймон ҳам қилмайди. Нафс тарозисининг посангиси омонат…
* * *
Кечаги тузум даврида ташқи сиёсат асосан эски қирчанғиларга топшириб қўйилган эди. Кўпинча урилган-сурилган ёки ҳамма безор бўлган кимсалардан қутулиш учун, баъзида эса уларни жазолаш мақсадида элчилик лавозимига жўнатиларди. Кундалик касби – эртаю кеч газета титкилаш, телевизор кўриш, кечқурунлари бирор жойда қабул, қуюқ базм! Ўзидан билиб бирор иш қилолмасди – бунга ҳадди ҳам, кўпинча ақли ҳам етмасди. Бошимиздан ўтган-да бу савдолар. Марказдан юборилган топшириқни бажарса, ўз вақтида ҳисобот бериб турса – бўлгани.
* * *
– Лекин айтиб қўяй, элчилик осон иш эмас, – деди Ака аллақандай сирни яшираётгандек қия қараб. – Хатарли томонлари кўп. Африкада денг, бир қабила француз элчисини нимталаб еб қўйибди. Франция томони норозилик нотаси юборса, африкаликлардан бундай жавоб келибди: “Начора, шунақа бўлиб қолди. Майли, сизлар ҳам бизнинг элчини еб қўяверинглар”.
Хайрият, латифа экан. Бироқ кулишга ҳам қўрқдик.
– Жуфт бўлсин-а. Бир совет фуқароси Америка элчихонасига қарашли “Мерседес” мошинасининг баллонларини тешиб, ҳидлаб ётганмиш. “Бу нима қилганинг?” деб сўрасалар, “Озодлик ҳавосидан нафас оляпман”, дермиш.
Бунисига ҳам баралла кулмоққа журъат қилмадик. У кезларда ҳали нимага кулиш, нимага кулмаслик аниқ эмас эди.
* * *
Хотун зоти кўпайган жойда, билингки, бир кун эмас – бир кун муқаррар ғавғо қўпқусидир.
* * *
– Қоидаси шу-ку азалдан. Ҳаммангни отли қиламан, тойли қиламан, деб атрофига аскар йиғади. Аскарлари кўтара-кўтар билан у кишимни осмонга чиқариб қўяди. Осмонга чиқиб олгач, эрта бир кун тепадан туриб афтингга тупурмаса ё устингга чоптирмаса, шунисига ҳам шукур дейсан, ошнам!
– Гонолулу, лулу, лулу… Худди ёш болани овутадиган эрмак сўзга ўхшайди-я! Нима дегани экан?
– Бу ёғи энди хуржун, тушингни бориб сувга айт, деганидир-да. Қирқни қоралаган ҳўкизлар эса лаққа тушиб юраверган шунга!
– Ишонмасдан ҳам бўлмасди, жўрам. Ажаб даврлар эди-да ўзи. Мустақилликка чиқилган, ёппа сархушлик, орзу-умидлар…
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

