«Деҳқонобод калий заводи» акциядорлик жамияти Қашқадарёда истиқлол йилларида барпо этилган энг улкан ва энг ноёб корхоналардан биридир. Унинг хомашё базаси – Тепақўтон калий тузлари кони ўтган асрнинг ўрталарида очилиб, 50-60-йилларда обдан ўрганилган бўлса-да, собиқ иттифоқ даврида ушбу хазинани ўзлаштириш ва унинг бойликларини харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш, атрофидаги ҳудудларни обод қилиш, маҳаллий аҳоли фаровонлигини таъминлашга йўналтириш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. Келган тақдирда эса марказ томонидан «имкони йўқ», «иқтисодий жиҳатдан самарасиз», «қолоқ туманда завод учун кадрларни қаердан топамиз» деган баҳоналар билан мантиқсиз фикр, дея баҳоланган.
Мустақиллик иншоотлари
Мустақиллик «имкони йўқ» деган сўзларга ўрин қолдирмади. Ўзбекистоннинг жанубий – Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини ўзаро боғлаган ва «Аср мўъжизаси» деб ном олган Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон янги темир йўл линияси қурилгач, минтақада ва хусусан Деҳқонободда ҳам саноат ривожланиши учун мустаҳкам замин яратилди. Тепақўтон конида жаҳонда биринчи марта сильвинит (калий тузлари) қатламига етиб бориш учун қия лаҳимлар қазилиб, тоғ-кон мажмуаси барпо этилди. У ерда рудани ёпиқ шахта усулида тоғ-кон комбайнлари ёрдамида қазиб олиш ва ер устига лентали конвейерларда олиб чиқиб, маромлаштириш йўлга қўйилди. Айни пайтда Деҳқон-обод темир йўл бекати яқинида қайта ишлаш мажмуаси қад ростлади – бу комплексда Тепақўтон конидан юк автомобилларида ташиб келтирилган сильвинит рудасига кимёвий реагентлар ёрдамида ишлов бериш ва ундан флотация усулида калий хлорид маҳсулотини ажратиб олиш жараёнлари амалга оширила бошланди. Шу тариқа 2010 йилнинг август ойида тоғ-кон ва қайта ишлаш мажумаларидан таркиб топган заводда юртимиз тарихида илк маротаба калий ўғитлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди ва Ўзбекистон ҳам азотли, ҳам фосфорли, ҳам калийли ўғитлар ишлаб чиқарувчи кам сонли мамлакатлар қаторидан жой эгаллади.
Ўтган ҳафтада «Деҳқонобод калий заводи» акциядорлик жамиятида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги ва ушбу корхона ташкил топганлигининг 15 йиллигига бағишланган кўплаб байрам тадбирлари – спорт мусобақалари, хайрия акциялари, тақдирлаш маросими ва катта концерт ташкил этилди.
2 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилаётган «Деҳқонобод калий заводи» АЖ жамоасини қўшалоқ байрам билан вилоят ҳокими Муротжон Азимов, «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Одил Темиров, юртимиздаги бир қатор саноат корхоналари раҳбарлари ва бошқалар самимий муборакбод этиб, заводнинг тарихи, ютуқлари, кимё саноати ва воҳа иқтисодиётидаги ўрни ҳамда асосий маҳсулоти – калий ўғитларига Ўзбекистон ва жаҳон бозорида талаб юқорилиги ҳақида сўз юритишди.
Корхона ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ соҳа фидойиларига фахрий ёрлиқлар, «Деҳқонобод калий заводи» АЖ 15 йил» кўкрак нишони ва эсдалик совғалари топширилди. Завод раҳбариятининг ташаббуси билан юбилей тадбирлари доирасида 30 нафар кам таъминланган оила фарзандларининг суннат тўйи ҳам ўтказилиб, уларга мактаб формаси, ўқув анжомлари тўплами ва велосипедлар тақдим этилди.
Маълумотларга кўра, Тепақўтон кони негизида барпо этилган «Деҳқонобод калий заводи» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган ўғитлар шу пайтгача Шри-Ланка, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Вьетнам, Хитой, Қозоғистон каби дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинган.
Ўз мухбиримиз

