Ислом Каримов номи мамлакатимиз тарихининг зарҳал саҳифаларига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, қатъиятли раҳбар, моҳир иқтисодчи ва сиёсатчи сифатида ёзилади. Маълумки, у киши Президент бўлишидан аввал 3 йил Қашқадарё вилояти раҳбари лавозимида фаолият кўрсатган. Бу йилларда сиёсатчи халқнинг ишончини қозониш, ҳокимиятга нисбатан муносабатини ўзгартириш, воҳадаги аҳволни яхшилашга асосий эътибор қаратди. Ва буни уддалади. Қарийб 300 километр йўллар, бозорлар, ижтимоий-маданий объектлар қурилди. Ҳозиргача вилоятда одамлар Ислом Каримов ишлаган кунларини мамнуният билан эслайдилар.
Сабоҳат Мирова асли китоблик. Киев давлат педагогика институтини тамомлаган. 1982-1984 йилларда Китоб тумани партия қўмитасида идеология котиби, 1984-1986 йилларда Қашқадарё вилояти ижроия қўмитаси раиси ўринбосари вазифаларида ишлаган. Узоқ йиллар вилоят партия қўмитаси котиби, халқ таълими бошқармаси бошлиғи, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси директори, вилоят касаба уюшмалари кенгаши раиси ўринбосари лавозимларида самарали меҳнат қилган.
Меҳнат фахрийси, фалсафа фанлари номзоди Сабоҳат Мированинг Биринчи Президентимиз ҳақидаги хотиралари эътиборга молик:
2 сентябрь – Ислом Каримов хотираси куни
– Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқадарё вилояти раҳбари бўлиб келганларида мен Москвада марказий комитет қошидаги ижтимоий фанлар академиясининг аспирантурасида таҳсил олаётган эдим. Оилавий шароитни ҳисобга олган ҳолда турмуш ўртоғим, уч фарзандим билан биргаликда ҳаммамиз Москвага кетган эдик.
1988 йил учинчи босқичда таҳсил олаётган вақтимда ректоратдан «Сизни марказий комитетга чақиришяпти, Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби Ислом Абдуғаниевич сиз билан суҳбат қилмоқчи экан», деган хабар келди. Мен у вақтларда Ислом Абдуғаниевични яқиндан билмас эдим. У киши ҳам мени кўрмаган эдилар.
Суҳбат чоғида Ислом Абдуғаниевич:
– Вилоят оқсоқоллари сизни вилоят партия комитетининг мафкура бўйича котиблигига тавсия қиляпти. Шунга нима дейсиз? – деди.
Шунда менинг биринчи гапим шундай бўлди:
– Уддалай олармиканман?
У қатъият билан айтди:
– Уддалайсиз албатта, сабаби, сиз ўқишга қадар вилоят ижро қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлагансиз.
Хуллас, у киши ўзларининг таклифларини, йўл-йўриқларини кўрсатганларидан кейин мен жуда чуқур ўйланиб жавоб беришимга тўғри келди:
– Ислом Абдуғаниевич, таклиф учун катта раҳмат. Мен қўлимдан келганча ишлашга, сизнинг ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан. Лекин, ўқишим нима бўлади? Илмий иш бошлаганман, учинчи босқичда ўқияпман. Бу фақат менинг ишим эмас, менга ишонган турмуш ўртоғимнинг, фарзандларимнинг ишлари, қолаверса, менга кўмакдош бўлган онамнинг ишлари…
Ислом ака «Сиз албатта ўқишни тугатасиз, сизга шароит яратамиз», дея жавоб бердилар.
Шу билан ишга тушиб кетдим. Ҳамма вақтнинг ўз қийинчиликлари, муаммолари бўлади. Ўша даврда оқимлар, билиб билмай қилинадиган ҳаракатлар кўпайиб қолган эди. «Бирлик», «Эрк» деган уюшмалар пайдо бўлиб, ниҳоятда тиғиз вақтда ишлашга тўғри келди. Шундай кунлар бўлардики, вилоят партия комитетининг қошида тўпланиб эртаю кеч ишлардик. Варақалар, лозунг (шиор)лар билан чиқишлар, тўполонлар, жанжаллар билан келадиган ҳолатлар ҳам кўпайиб қолганди. Ислом Абдуғаниевич тасаввуримда ниҳоятда талабчан, жиддий, ишнинг кўзини биладиган, кенг фикрли инсон эдилар. Биз улар раҳбарлиги, кўмаклари, маслаҳатлари билан ишни давом эттирдик. Шундай бир мураккаб ҳолатлар бўлдики, мен Ислом Абдуғаниевич Каримов билан таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, радио, телевидение, спорт масалаларида бевосита биргаликда ишлаганман. Мана шу соҳаларга ниҳоятда синчковлик билан қараб, кадрлар масаласига, мактабдаги таълим-тарбия ишларига, соғлиқни сақлаш соҳасига ёки қурилиш масалаларига эътибор қилардилар. Ҳозирги вақт билан солиштирадиган бўлсак, ниҳоятда оғир вазиятда ишлаган эдик. Камчиликлар кўп эди. Бу вазиятдан чиқишда Ислом Абдуғаниевич бизга ҳамиша кўмакдош бўлганлар, яхши маслаҳатлар берганлар, тўғри йўлни кўрсатганлар.
Ўша йиллар республикамизнинг бошига шундай бир оғир ҳолат тушди – «пахта иши» деган ташвишли кунлар бўлди. Мен она сифатида, аёл сифатида, ҳаяжонсиз, кўзимга ёш олмасдан айтишим қийинроқ, сабаби, ўзим Китобдан ишга келганман. Туманда ўндан ортиқ хўжалик бўлса, фақат анорчилик билан шуғулланадиганининг раҳбари омон қолган. Қолган хўжаликларнинг раҳбарлари азобланган. Нафақат оддий бригадирлар, звено бошлиқлари, аёллар, қизлар, ёш гўдаклар айбсиз айбдор бўлиб, қора курсиларда ўтириб, жавоб беришларига тўғри келган.
Ўша вақтлари Абдураҳмон Пўлатов деган ёш йигит вафот этди. Жанозасига борганимиздаги ҳолат – нафақат инсоннинг ҳаётдан кўз юмгани, балки бир этак боланинг чирқираб, хароба уйда қолгани ҳали ҳамон кўз олдимда. Ёки Улуғбек номли хўжалик раҳбари, ҳали ёш йигит Маликов ҳам ўша вақтлари вафот этди. Кекса раҳбарлардан Холиқов ўша қайғу ва аламлар таъсирида кўзи ожизлик азобини бошдан кечирди. Булар ҳақида гапирадиган бўлсак, ниҳоятда кўп воқеалар жонланади. Лекин бир ҳолатни эслаб ўтмасам бўлмайди. Чунки бу воқеа ҳеч кўз ўнгимдан кетмаган.
Ҳазрат Давронов узоқ йиллар Касби туманидаги Лев Толстой номли 8-мактаб директори бўлиб ишлаган. Турмуш ўртоғи Ойсара Рўзиева билан биргаликда 8 нафар фарзандини тарбиялади. 1986-1987 йилларда шу туманнинг 15-совхози 2-бўлими бошлиғи бўлиб атиги 6 ой ишлаган эдики, ўша йили у «десантчилар» томонидан 6 йилга қамалиб, мол-мулки мусодара қилинди. Фарзандларининг каттаси Фахриддин Қарши шаҳридаги ирригация институтида талаба эди. Ҳамма нарса шу ёш йигитнинг бўйнида қолди. Отаси қамалганидан кейин ўқишни ташлади, хўжаликда ишлаб, онаси ва укаларини боқишга мажбур бўлди.
Шу йилларда Ҳазрат аканинг рафиқаси болалари билан чайлада яшаб, ўғлига кўмаклашиб юрган вақтларда Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқадарё вилояти партия қўмитасига биринчи котиб бўлиб келдилар. Далаларни кўздан кечириб юрганларида, чайлада ўтирган 4-5 ёшли Гулруҳнинг кўзи у кишига тушиб, «шу киши отамга ўхшар эканлар» деб йиғлаганча бағриларига отилган ва «менинг дадамни қайтаринг, илтимос», дея фарёд қилган. Ислом Абдуғаниевич бу ҳолатни кўз ёшлари оққанча кузатиб турган онаизорга қараб: «сиз қабулимга боринг» дея тайинлаган ва қизчани кўтариб «дадангни албатта қайтараман», деб айтган.
Ойсара Рўзиева Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби қабулига оёқяланг ҳолда кириб келган.
«Нега оёқялангсиз, шундай келаяпсизми?» – деганларида, у: «йўқ калишим йиртиқ бўлгани учун эшик олдига ечдим» деган жавобни берган.
Ўша вақтда Ҳазрат Давронов қамоқ жазосини Наманган вилоятининг Поп туманида ўтаётган эди. У кишининг оила аъзолари Ислом Абдуғаниевичга мурожаат қилишганидан кейин, 6 ой ичида қамоқдан озод этилган.
Насиб қилган экан, Ҳазрат Давронов яна узоқ йиллар шу совхознинг 36-мактабида директор вазифасида ишлади. Гулруҳ қизини эса, то вафот этгунларича «менинг халоскорим» деб атар, Ислом акани доимо дуо қилар эди.
Бундай ҳолатларни эслаш инсон учун ниҳоятда оғир. Таъкидлаганимдек, Ислом Абдуғаниевич талабчан раҳбар, бир гапли шахс эдилар. Инсонийликни ҳеч унутмайдиган ажойиб раҳбар эдилар. Мен шундай инсон билан ишлаганимдан, кўп нарсани ўрганганимдан фахрланаман.
Бугун бир ажойиб инсон, кексани кекса, ёшни ёш сифатида ҳурматини ўз ўрнига қўядиган, кадрлар қадрига етадиган, уларни асраб-авайлайдиган, умуман, инсон номини улуғлайдиган Биринчи Президентимиз ишларини давом эттираётган халқимизнинг жонкуяр фарзанди – Президент Шавкат Мирзиёевни ўзбек онаси сифатида дуо қиламан. У кишининг олиб бораётган ишларидаги бир жиҳат – келган кунлариданоқ, қўшни республикалар билан ҳамкорликни яхшилашлари, дўстлик кўприкларини яратишлари, ёшларга катта эътибор беришлари, олим-зиёлиларнинг қадрига етганликлари барчани ниҳоятда қувонтирди.
Фарзандларимиз, невараларимиз ишончли қўлларда эканидан хурсандман. Доимо, улар тенги йўқ миллатнинг фарзанди бўлганликларидан фахрланиб юришларини, мен ўзбекман дейишларини, Ватанини, халқини севишларини, эл-юрти корига ярайдиган солиҳ ва солиҳа фарзандлар бўлишларини тилаб қоламан. Аллоҳим шу кунларга етказгани рост бўлсин. Тинчлигимизга кўз тегмасин. Ўтганларимизнинг руҳлари шод бўлиб, сизу бизни Яратганнинг ўзи қўлласин.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

