16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

ҚЎЛИМИЗ БОҒЛАНДИ. ТИЛИМИЗ КЕСИЛДИ. МОЛИМИЗ ТАЛАНДИ. ШАРАФИМИЗ ЕМИРИЛДИ…

Расмий маълумотларга кўра, 1937-1939 йилларда  Ўзбекистонда Ички ишлар халқ комиссарлиги «учлиги» томонидан 41 мингдан ошиқ одам қамоққа олиниб, жавобгарликка тортилган, шундан 6 минг 920 киши отиб ташланган.

80-йиллардаги «пахта иши» бўйича эса 22 мингга яқин киши ҳибсга олинган. Пахта тозалаш саноати вазири Усмонов отилган, Бухоро вилояти фирқа қўмитасининг собиқ биринчи котиби Каримов олий жазога ҳукм қилиниб, кейинчалик узоқ муддатли қамоқ жазоси билан алмаштирилган. Қашқадарё вилояти фирқа қўмитасининг собиқ биринчи котиби Ғоипов, Ички ишлар вазири Эргашев, унинг ўринбосари Давидов, жумҳурият, вилоят, ноҳия даражасидаги яна бир неча раҳбар ходимлар ўз жонига қасд қилишган.

Жиноий жавобгарликка тортилганлар орасида 442 нафар жамоа хўжалиги раиси, давлат хўжалиги директори, 94 нафар пахта заводи директори, 37 нафар фирқа ва шўро ходими бор эди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда Қарши давлат университети тузилмасидаги музей томонидан чоп этилган «Қашқадарё воҳаси тарихидан лавҳалар (истиқлол учун курашганлар ва қатағон қурбонлари)» китобида мустабид тузумдан ўнгланмас жабр кўрган кўплаб кишилар ҳақида маълумотлар келтирилган.

31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

Улардан бири – бошқарув ишида қатнашган ва кейинчалик ноҳақ жазога тортилган Иноят Қудратовдир. У 1902 йили Шаҳрисабзнинг Новқат қишлоғида меҳнаткаш ўзбек хонадонида дунёга келган. Отаси кичик ерга эга бўлиб, оиласини асосан ери катта инсонларнинг қўлида ишлаб чорикорлик билан тебратар эди. Иноят ҳам болалигидан кўзи меҳнатда пишади. 1925 йилгача чорикорлик қилиб кун кечирган Иноят Қудратов эл орасида обрў топади. 1930 йили Шаҳрисабздан Самарқандга бориб, икки йиллик курсни битиради.

Шундан сўнг у ҳукумат ишига жалб этилиб, тез орада ўзининг меҳнаткашлиги ва адолатпарварлиги билан кўпчиликнинг назарига тушади. Бир неча йил давомида Қарши тумани ижроқўми раиси ўринбосари сифатида иш олиб боради. Ёшлигидан меҳнат қилиб яхши-ёмонни ажрата оладиган Иноят советларнинг коллективлаштириш сиёсати оқибатида кўплаб ишбилармон, ҳалол инсонларнинг ноҳақ жабр кўришига қарши чиқади.

Натижада айрим ғаразли кимсалар унинг устидан турли идораларга чақувлар ташкил этади. 1938 йил 10 февраль куни у аксилинқилобий тарғиботда айбланиб, Ўзбекистон ССР Жиноят кодекси 60-, 67-моддаларига асосан қамоққа олинади.  1938 йил 25 февраль куни берилган ордер асосида унинг уйи тинтув қилинади.

Иноят Қудратов 1938 йил 26 февраль кунги сўроқда ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган. Шунга қарамай, уни собиқ бойлар, босмачилар билан алоқада бўлган, Қашқадарё вилоятидаги аксилинқилобий ўнг троцкийчи ташкилотнинг аъзоси деб  айблашади.

1938 йил 14 октябрь куни соат 21:00 дан 21:20 гача давом этган «учлик» суди Иноят Қудратовни отувга ҳукм қилади. У 1989 йил 29 август куни Ўзбекистон ССР Олий суди томонидан оқланган.

«Пахта иши» деб номланган совет тузумининг хунрезликлари жабрдийдаларидан бири эса Тўра Шодиевдир. У 1935 йилда Қарши тумани Қорақўнғирот қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келган.

Тўра Шодиев меҳнат фаолиятини 1956 йилда хўжаликда табелчиликдан бошлаган. 1958 йилда  Самарқанд ҳисобчилар техникумини битирган, олий маълумотли бўлиш истагида 1964 йилда сиртдан  Тошкент халқ хўжалиги институтини аъло баҳоларга тамомлайди ва ҳисобчи-иқтисодчи мутахассислигини эгаллайди.

Тўра Шодиев 1960-1966 йилларда «Истиқбол» хўжалигида ёрдамчи ҳисобчи, 1966-1970 йилларда бош ҳисобчи, 1970-1971 йилларда шу хўжаликда партия қўмитасининг секретари, 1971-1973 йилларда кейинчалик Юсуф Хушвақтов номи билан аталган хўжаликда раис вазифасида фаолият кўрсатади.

1973-1983 йилларда «Истиқбол» хўжалигида раис вазифасида ишлаб юрган кезларида собиқ совет тузуми қатағончилар гуруҳи раҳбари Иванов ҳамда Гдлян ходимлари томонидан қамоққа олинади. Уч йил давомида тергов жараёни олиб борилиб,  1986 йил 16 июнда Олий суднинг ажрими билан кучайтирилган режимда 8 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Шу йилларда Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқадарёга раҳбар этиб тайинланди. У Тўра Шодиевнинг оиласи Зулфина Шодиеванинг мурожаатини ва хўжаликдаги уруш ва меҳнат фахрийлари мурожаатларини инобатга олиб, ушбу жиноий ишни қайта кўриб чиқиш ва озод қилиш тўғрисида Ўзбекистон Олий суди ҳамда Бош прокурор Бутурлинга талабнома йўллаган.

Жиноий иш Ўзбекистон Республикаси Олий суди коллегиясида қайта кўрилиб, Тўра Шодиев икки ярим йиллик қамоқдан озод этилади. Озодликка чиққач Тўра Шодиев кейинги фаолиятини деҳқончиликка йўналтириб, «Истиқбол» хўжалигида гидротехник, бўлим бошлиғи вазифаларида ишлади, 1995 йилда меҳнат нафақасига чиқди, «Нуроний» жамғармасини бошқарди.

Ўтган юз йилликда советлар томонидан олиб борилган қатағон сиёсати ҳақида гап бораркан, Абдурауф Фитратнинг «Қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди. Оғзимиз қонади. Еримиз босилди. Молимиз таланди. Шарафимиз емирилди. Номусимиз ғасб қилинди. Инсонлигимиз оёқлар остига олинди…» деган сўзлари беихтиёр ёдга келаверади…