Европа Иттифоқидаги энг оммабоп янгиликлар телеканали – «Euronews«да «ўзида Темурийлар даври меъморчилиги, анъанавий ҳунарлар ва Ипак йўли тарихини уйғунлаштирган Шаҳрисабз шаҳри»га бағишланган ажойиб фильм намойиш қилинди.
Қашқадарё ва дунё
«Ипак йўли саргузаштлари» туркумига оид ушбу видеосюжет атиги 5 дақиқа давом этса-да, унда 10 киши – шаҳар ҳокими ва туризм соҳаси вакиллари, тарихчи ва музей ходимлари, архитектор ва ҳунармандлар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Шаҳрисабз, унинг буюк бунёдкори Амир Темур, шунингдек, Оқсарой ва Дорус-Саодат мажмуалари, Кўкгумбаз масжиди каби тарихий обидалар, Марказий Осиёда ягона мақом музейидек диққатга сазовор жойлар ҳақида қизиқарли маълумотлар келтиришган.
– Амир Темур моҳир саркардагина эмас, балки мазкур ҳудуд ўзига хослигининг улуғ тимсоли ҳамдир, – дейди фильм муаллифи Акис Тацис Шаҳрисабздаги Соҳибқирон ҳайкали рўпарасида туриб. – Ундан авлодларга нафақат шаҳарлар ва жанг санъати, балки маданият, меъморчилик ва кенг дунёқараш ҳам мерос қолган… Шаҳрисабзга тун кирганда, Оқсарой харобалари уйқудан уйғонади ва чироқлар ёруғида яна ўтмиш ҳақида ҳикоя қилади. Амир Темурнинг улкан режасига кўра, Оқсарой – қудрат рамзи, бутун дунёни ҳайратга солиш учун барпо этилган… Бугунги Шаҳрисабз – буюк ўтмишнинг сокин акс-садоси, замонларнинг жонли риштаси, Буюк Ипак йўлидаги яширин дурдона. У ҳали-ҳамон биз билан сўзлашмоқда, унга қулоқ тутсак, бас.
«Euronews»да намойиш этилган фильмда Шаҳрисабзда азал-азалдан ривожланиб келаётган миллий ҳунармандчиликнинг ноёб турлари ва кейинги йилларда тобора кенгайиб бораётган туризм инфратузилмасига ҳам эътибор қаратилар экан, бу ерда яратилган халқ амалий санъатининг намуналари кўплаб мамлакатларга сотилаётгани, саёҳлар эса турли қитъалардан ташриф буюраётгани алоҳида таъкидлаб ўтилган. Эътиборлиси, «Euronews»даги бундай таъсирли рекламадан сўнг Яшил шаҳар томон туристлар оқими янада кўпайиши мумкин. Зеро, мазкур телеканал жаҳоннинг 160 та мамлакатида 19 та тилда намойиш этилиб, қамрови юз миллионлаб кишини ташкил этади.
«Euronews»нинг расмий сайтида қайд этилишича, фильм Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (ҳозир унинг асосида ОАВ учун контент тайёрлаш маркази ташкил этилган) билан ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида яратилган.
Ўз мухбиримиз

