16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

КИШИНИНГ ИЛМИ ҚАНЧА ОЗ БЎЛСА, ҚАДР ВА ДАРАЖАСИ ШУНЧА ОЗ БЎЛУР

Биласиз, ХХ аср бошларида Туркистонда жадидчилик ҳаракати кенг ёйилган. Ушбу ҳаракатда алоҳида из қолдирган, матбуот ва маориф ривожига ҳисса қўшганлардан бири Мўминжон Муҳаммаджон ўғли Тошқин эди. У Уфа шаҳридаги Олия мадрасасида таҳсил олиб, дунёқараши анча ўзгарган ва “Турмуш уринишлари” асарида фикрларини баён этган. Тошкентдаги фаолиятида жадид етакчиларидан бўлмиш Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли унга йўл-йўриқ кўрсатади. Мўминжон Тошқин Марғилон, Андижон, Хоразмда, қозоқ қишлоқларида муаллимлик қилади. “Садойи Туркистон”, “Иштирокиюнь” газеталари, “Маориф”, “Муштум” журналларида фаол иштирок этади. “Чаён”, “Мўминжон Тошкандий”, “Тошқин”, “Меҳтарбод” тахаллуслари билан мақолаларини эълон қилади. “Муштум” журналида Абдулла Қодирий, Ғози Юнус билан бирга ишлайди. Андижонда, Чўлпон ҳовлисида мактаб очиб, муаллимлик қилади.

 Мўминжон Муҳаммаджон ўғли Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида фаолият олиб борган. 1964 йилда вафот этган.

Қуйида жадид маърифатпарварининг “Насиҳат ал-атфол” (“Болаларга насиҳат”) асаридан диққатга сазовор парчаларни жамладик. Ваҳоланки, 1914 йилда нашр этилган ушбу мўъжаз китобда аҳамиятли фикрлар ниҳоятда кўп. Ушбу асар янги давр илк муаллимининг янгича дунёқарашли ўғил-қизларнинг майдонга келиши йўлидаги ўзига хос хитоби эди…

Сараланган сатрлар

* * *

Мактаб сиз ва бизнинг фойдамиз учун солинган муборак уйдир. Дунёда мактаблар бўлмаса, одам болалари тўқайдаги бўрилардек ёмон ва тарбиясиз бўлуб ўсар эдилар.

* * *

Умрнинг энг ширин вақти мактабда ўқуйдирган кунлардир.

* * *

Эй ўғлонларим, одам боласининг шул тириклиги ойга ўхшайдир: ой бошида кичкина бўлиб чиқар. Сўнгра бир кун оз-оз ортиб бориб, улғайиб борур. Ўн тўрт кечалик бўлғоч тўлур. Ондан кейин кундан-кунга камаюр. Бора-бора йўқ бўлиб кетуб асри ҳам қолмас. Шунингдек, дунё ва замонлар бир ҳолда турмас, ўзгариб турур. Кундан кейин кун, ҳафтадан кейин ҳафта, ойдан кейин ой, йилдан кейин йил келур. Борган сари илм ва ҳар хил ҳизиллар ер юзига чиқар.

Булардан фойдаланган кишилар зийрак ва фикр эгаси бўлурлар. Ҳар ишнинг кўзини билуб ишлайдурлар. Дунёда роҳат бирла яшаб, охиратда ҳам даража ва мартабалари билан бўлур. Ҳозирги замонга кераклик ҳар хил илм ва ҳизиллардан хабарсиз кишиларнинг дин ва дунёси ривож топмас. Камбағал бўлиб ҳар кишидан тамъа қиладирган бўлур. Ўғрилик қилур. Одам ўлтуришдан ҳам тоймас.

* * *

 Илм ва маориф: билмаган нарсаларни ўқуб ва ўргануб билмакдир. Ҳайвонлардан бизнинг айиргучи ақл бўлганидек, ақл ва фикрни тарбия қилғучи илм ва маорифдир. Эй азиз болалар! Ёшликларингизда ўйин-кулгуга алданмай, илм ва маориф олиб қолингиз. Ўқиш бошланмасдан бир соат ёки ондан кўброқ илгари мактабга келингиз. Ёзадурган ёки ўрганадурган сабоқларингизни тайёрлаб турингиз. Тўй ёки қариндош-уруғларингизникига бормакни баҳона қилиб, шерикларингиздан қолмангиз. Чунки: ёшлик ва кичкиналикда ўқиш ғаниматдир. Унута кўрмангиз. Бу қимматбаҳо ва топилмайдирган вақтларингизни бир дақиқа ҳам бўш ўтказмангиз.

* * *

Кўб кишиларни кўрурсизки, мактабда ўқийдурган вақтларида ўйинга алдануб, ҳеч бир нарса билолмай қолганларидан қўлларини ҳасрат ила ташлаб: “Оҳ! Яна қайтадан ёш бўлсам ниҳоятда ихлос ила ўқир эдим!” деб ўкинурлар, ҳеч фойда бермас.

* * *

Ўқишларингизни битируб, шаҳодатномаларингизни олуб, чиқғонингиздан сўнгра ўзингиздан улкан, кичик ёки баробар одамлар ила аралашурсиз. Шу вақтларда дунё ва охиратлик ишларингизни тузатмакка энг улуғ ёрдамчингиз ёшликларингизда топган илм ва маорифингиз бўлар. Илм ва маориф кераклиги тўғрисида сўзлаган сўзларни хаёлий, бир сафсата деб билмангиз. Бунга оят ва ҳадисдан далиллар кўбдир. Аллоҳ Таолий: “Билган кишилар ила билмаган кишилар баробарму?” деди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Илм Хитойда бўлса ҳам излангиз!”, “дунё ва охиратнинг яхшилиги илм ила; иймонлиги, нодонлиги ва омилиги илм ила; хотин ва эр мусулмонларга илм ва маориф изланг; фарздир” дейдилар. Ҳазрат Али розиаллоҳ: “Кишининг илми қанча оз бўлса, қадр ва даражаси шунча оз бўлур” дебдирлар.

* * *

Пайғамбар алайҳиссалом: “Ақл кўнгилда бўлган бир нурдирки, бунинг ила ҳақдан ботил ва ноҳақлик айрилур” дейдилар. Ва баъзи файласуфлар: “Ақл жоннинг тириклигига ва жон таннинг тириклигига сабабдир” демишдирлар.

* * *

Бир кун ҳазрат Жаброил, ҳазрат Одамнинг қошларига келуб: “Эй Одам! Сизга уч нарса келтурдим, бирини ихтиёр қилингиз” дедилар. Ҳазрат Одам: “онлар нималардир?” деб сўрадилар. Ҳазрат Жаброил: “ақл, ҳаё ва дин” деб жавоб бердилар.

Ҳазрат Одам ақлни ҳавойиладилар. Сўнгра ҳазрат Жаброил ҳаё ила диннинг олдига бордилар. Ва онларга: “Ҳазрат Одам ақлни ҳавойиладилар, сиз икковингиз қайтарсиз” дедилар. Ҳаё ила дин: биз иккимиз ақл ила бирга турмакка буюрилганмиз, деб унамадилар. Мана чироғларим: мундан билинадирки, ақл қанча тарбия топуб юқориланса, дин ва ҳаё ҳам шунча қут топар экан. Унута кўрмангиз!

* * *

 Сиз ёз кунлари чумолини кўргандирсиз: ўзлари ниҳоятда кичкина ва қутсиз жонзот бўлсалар ҳам, ҳаракатлари соясида ўзларидан минг маротаба ортуғроқ ва улуғ тоғлардек уялар солурлар. Ўзлари бир йилгина яшасалар ҳам, неча йилларга етадурган озиқ йиғадирлар.

Сиз албатта чумолилардан улуғроқ, ақллироқ ва қутлироқсиз. Аллоҳ таоло сизга эҳсон қилғон ғараз ақлларингиз саъй ва ғайрат қилуб, ҳар хил илм олмакка ёшлик вақтларингизда киришингиз. Жаноби Ҳақ: “инсонга ўз саъй ва ҳаракати ила топган нарсасидан бошқа ҳеч нарса йўқдир” демишлар.

* * *

Муаллим ва устозингизни ҳар вақт улуғлаб турмакингиз керакдир. Чунки: у билмаган нарсаларингизни билдирур. Руҳингиз “жонингиз”ни тарбия қилур. Нодонлик қайғусидан чиқаруб, илм ва фозил зийнати ила зийнатлар. Ўргатуб англатур. Ўзингиз ва фойдаланадурган йўлларни кўрсатур. Ўзингизга фойда ва зарарлик нарсаларни билуб, киши бўлмакингизга сабаб бўладурган нарсаларни кўнгил ва хотирангизга солур.

* * *

Муаллимингиздан адаб, юмшоқлик, ширин сўзлик ила ўйлаб ва фикрлаб ўзингиз фаҳмламай қолган сабоқларингизни сўрангиз, лекин: баҳслашуб, жанжаллашуб ўтирмангиз. Билмайдиган нарсаларингиз яхшилаб ўйлаб қарасангиз, мақтовли ишларга қизиқтирган бўлса, ҳаммаси ила амал қилингиз. Устоз ҳам отадек бўлур. Оталар ўғилларига ёмонликни хоҳларму? Албатта хоҳламас.

* * *

Бир неча кишилар бир болани кўрдиларким, отасини сўкуб, ниҳоятда хафа қилуб турубдур. Бу кишилар боланинг қилган ишидан, нодонлик ва ақлсизлигидан ажабга қолдилар. Отаси буларга қараб “боламнинг бу ишига ҳайрон қолмангиз. Чунки мен ҳам ёшлик вақтимда отамга шундоқ ёмонликлар кўрсатуб ранжитган эдим, қариганимдан кейин менга ҳам Аллоҳ таоло болаларимдан кўрсатди” деди. Мақоллар: гул эккан киши гул терар, тикон эккан киши тикон терар. Буғдой сочган киши арпа ўрмас.

* * *

Чироғларим! Ватанингизни ўз ҳаққи ила суймагингиз ниҳоятда керакдир. Ўз ҳаққи ила суймак ватандошларингиз бўлган бошқа миллатлар ила илм ва ҳузурда, роҳат ва машаққатларда деҳқончилик, савдогарчилик, фабрикачилик, заводчилик илмларини ўқумакда ва буларга махсус икки-уч қабатлик синф-синфга айрилган улуғ мударрис ва мактаблар солмакда баробар бўлмакингиз ила бўлур. Агар мундоғ бўлмасангиз тирикчиликда қаттиғликлар ва машаққатлар кўрурсиз. Ўз ватанингиз ўзингизга ёмон кўринур. Бошқа ўзингиздан ҳам хомроқ ва ақлсизроқ, ҳозирги замоннинг ҳолларидан бохабар қозоқларни алдаб, бой бўлмак учун жонингиздан азиз бўлган ватанингизни, қариндош ва уруғларингизни ташлаб, Қозоғистонга чиқуб кетарсиз. Ватанни суймак бу эмасдир.

* * *

Ҳар киши улуғ даража ва юқори мартабаларга етишур, тўғрилик ила етишур. Жаноб Ҳақ бандаларига “Эй, шундайин ёмон қутурган кишилар иллатдан қўрқингиз ва тўғрилар ила бўлингиз” демишдир. Суюкли ўғлонларим! Шундай бўладурғон бўлса, тўғриликни ўзингизга керак одат қилуб олингиз. Тўғриликдан бошингизга ўлим келса ҳечам ойрилмангиз.

* * *

Бир миллатнинг орасиндаги айб ва ҳукм сўрмакдаги камчилик ва келушилмагон одатлар, қоп ила мехни ёшурганда учи чиқуб қолуб, кўрунуб турган каби очиқ ва зоҳир бўлуб тургон бир ҳақиқатдир.

* * *

Қадимда қавми нажиб деб юритилгон гўзал (унвон) олғон турк боласи, бугун жувонбозлик мубталоси, миллат балоси бўлади. Қишлоқ, қишлоқларда, меҳмонхоналарда бачча ўйнатмак, шаҳарларда базм қилмак бу жумладандир. Энди бу ишлар жаҳолатдан келур десак, кўпдин энди толиби илмларга ҳам сароят этганлиги маълумдир.

* * *

Янгигина туғилғон, янгигина дунёға келгон болаларни бешукға солмасдан ва қулоқлариға азони Муҳаммадий чоқирмасдан аввал гўдакнинг латиқ қулоқчалариға энг аввал чилдирма садоси, ашула нидоси эшитилур. Бундан-да жаҳолат, бундан-да ваҳшат ва ҳайвоният бутун оламда бу кунғача сибқат қилғон эмас.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.