16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

Қаршида “ақлли чорраҳа” тизими қачон жорий қилинади?

Жаҳон тажрибасидан маълумки, сунъий интеллект технологияларига асосланган «ақлли чорраҳа» тизими йўл-транспорт жабҳасидаги кўплаб муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш имконини беради.

Зеро, бундай тизимнинг жорий қилиниши авариялар ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишлари сонининг камайиши, ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлиги даражасининг эса ошишига олиб келади. Шу билан бирга транспорт воситаларининг ўртача ҳаракатланиш тезлиги ҳам ошиб, йўлларнинг ўтказувчанлик хусусияти, улардан фойдаланиш самарадорлиги юксалади. Автомашиналарнинг чорраҳаларда тўхтаб қолиш ҳолатлари камаяди, натижада вақт ва ёнилғи тежалишига эришилади, қолаверса, атроф-муҳитга чиқинди газлар ташламалари ҳам қисқаради.

Қарши шаҳридаги чорраҳаларда ҳам «ақлли чорраҳа» тизимининг ҳаётга татбиқ этилиши учун келгуси ойда вилоят марказида лойиҳаолди ўрганиш ишларини амалга ошириш ва янги тизим жорий этиладиган чорраҳалар рўйхатини тасдиқлаш режалаштирилган. Зарур техник воситаларни сотиб олиш ва ўрнатиш учун йилнинг охиригача вақт берилган бўлиб, «Ақлли чорраҳа» тизимини босқичма-босқич жорий қилиш муддати этиб 2025-2026 йиллар белгиланган.

Айни пайтда жорий йилнинг ноябрь ва келгуси йилнинг январь ойлари оралиғида ҳудуддаги барча қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш ва жойлаштириш майдонларида «Жарима майдончаси» ахборот тизими жорий этилиши керак. Бунинг учун шу йил ноябрда вилоятдаги барча транспорт воситаларини сақлаш ва жойлаштириш майдонларини хатловдан ўтказиш, декабрда ахборот тизимига барча шаҳар ва туманларда тегишли хизмат кўрсатувчи юридик шахсларни улаш ҳамда 2026 йилнинг бошида бу тизимни транспорт воситаларини сақлаш ва жойлаштириш хизматини кўрсатувчи юридик шахслар фаолиятига жорий қилиш талаб этилмоқда.