Ҳеч нарсага таянмай бир оёқда 30 сония тура олиш қобилияти 60 ва ундан катта ёшли кишиларда жисмоний саломатлиги яхши эканлигини кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати комплекс ёндашув бўлими директори Селина Лим Metro манбасига берган интервьюсида маълум қилган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, организм қаригани сари мувозанатни ҳис қилиш қобилияти биринчилардан бўлиб заифлашади.
«65 ёшдан кейин кўп одамлар мувозанатини ҳатто бир неча сония тутиб туришга ҳам қийналиб қолади ва бу йиқилиш хавфи юқорилиги, дадилликнинг йўқолиши ва ўлимнинг ортиши билан боғлиқ», деган эксперт.
Мутахассис синов учун қўлларни белга қўйиб, бир оёқда туришни таклиф этган. Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати маълумотларига кўра, 18 ёшдан 39 ёшгача бўлган кишилар шундай ҳолатда ўртача 43 сония, 40-49 ёшлилар 40 сония, 50-59 ёшлилар 37 сония тура олади. 60-69 ёшларда бу кўрсаткич 30 сониягача, 70-79 ёшларда 18 сониягача, 80 ёшдан кейин эса 5 сониягача пасаяди.
Селина Лимнинг тушунтиришича, бунда бардошлилик мушаклар кучи, асаб тизими ҳолати ва умумий жисмоний фаоллик даражасига боғлиқ. Агар мувозанатни ёшга мутаносиб яхши тутиб тура олмасангиз бу жисмоний ҳолатингизга кўпроқ эътибор қаратиш учун сабаб бўлади.

