16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Эр-хотин кутилмаган ҳақиқатдан ҳайратга тушди

Тайванда олти йилдан буён бирга яшаб келаётган эр-хотиннинг кутилмаганда ўзаро қон-қариндош эканлиги маълум бўлди, деб ёзади ETtoday манбаси.  

Бир неча кун аввал эр яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганини текшираётиб, она томонидан бобоси ва хотинининг момоси қачонлардир ўгай ака-сингил бўлганини аниқлаган. Шу тарзда жуфтлик авлод ошган ака-сингил, яъни «ён шажара бўйича олтинчи даражадаги қариндошлар» бўлиб чиққан.

Хабар қилинишича, улар бундан роппа-роса олти йил аввал никоҳдан ўтишиб, ўтган давр мобайнида қариндошлик алоқаларидан бехабар ҳолда бирга яшашган. Бу ҳақдаги янгилик эса улар учун кутилмаган бўлган. Тайван фуқаролик кодексининг 983-моддасига кўра, олтинчи даражагача бўлган қариндошлар ўртасидаги никоҳ қатъиян тақиқланади ва бундай иттифоқлар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Ҳолат аён бўлгач, эр судга мурожаат қилиб, никоҳни юридик кучга эга эмас деб топишни сўраган. Унинг сўзларига кўра, очилган ҳақиқат уни ҳайратга туширган ва қонунни бузишни истамай, расман ажрашишга қарор қилган. Хотини ҳам даъвога қаршилик қилмай, қарор юзасидан эътироз билдирмаган.