16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Саломатлик

Энг муҳими – эрта ташхис

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали мутахассислари томонидан октябрь ойида 35–55 ёш оралиғидаги 63 минг 920 нафардан ортиқ хотин-қиз скрининг текширувлардан ўтказилиб, натижада уларнинг 185 нафарида саратон касаллиги аниқланган. Умуман, филиал фаолиятида жорий йилнинг ўтган даври давомида 1648 нафар янги онкологик бемор аниқланган бўлса, уларнинг 313 нафари сут бези, 80 нафари бачадон бўйни саратони билан касалланган. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида бўлиб ўтган брифингда маълумот берилди.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 370 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, шулардан 190 минг нафари ушбу касаллик оқибатида вафот этади. Таъкидланишича, Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони энг кўп учрайдиган саратон касалликлари орасида иккинчи ўринда.

Вилоятда фаолият юритаётган мобил скрининг лабораторияси ёрдамида узоқ ҳудудларда яшовчи аёллар ҳам бепул текширувларга қамраб олиниши натижасида эрта ташхис ҳолатлари сони ортди, оғир шакллар камайди.

Шоҳиста БОЗОРОВА