Сараланган сатрлар
Ёзувчи Эркин Аъзам асарлари асосида кўплаб бадиий фильмлар суратга олинганидан бохабарсиз. “Чантриморе”, “Паризод” фильмлари ўзбек киносида алоҳида ўрин тутса, “Пиёда”, “Дилхирож” кинолари халқаро миқёсда эътироф этилиб, Германия, Франция телеканаллари орқали эфирга узатилган. Ёзувчининг “Эркак” асари асосида суратга олинган бадиий фильм “Киношок” фестивалида “Энг яхши сценарий” номинациясида ғолиб деб топилган. “Забаржад” фильми эса Везул кинофестивалида бош соврин – Гран-прига лойиқ кўрилган. “Сув ёқалаб” бадиий фильми ҳам халқаро кино мутахассисларининг эътирофларига сазовор бўлган.
Ёзувчининг шу пайтгача ягона романи бўлмиш “Шовқин”да айнан киночилар ҳаёти ҳақида сўз боради. Собиқ тузум даврида маънавий таназзулга юз тутган миллат кечмиши ҳақидаги фикр-мулоҳазалар китобхонни бефарқ қолдирмайди. Бугун тақдим этилаётган лавҳалар шу романдан.
* * *
Мана, неча йил бўлдики, мансаб курсисига маҳкам ёпишиб олгансан, арзирли бирор нима ёзганинг йўқ. Сен энди фақат ўзгаларга маслаҳат берасан, ақл ўргатасан, ёзув-чизув ҳам, бошқаси ҳам назарингда пашшадек майда, кераксиз бир машғулотга ўхшаб қолган. Бари мана бу арбоблик савлатига, шу савлатни берган майда-чуйдаларга алмаштирилди, қурбон берилди. Бирмунча иккиланишлар, ўртанишлар билан, лекин айрибош этилгани ҳақиқат. Негаки ишни ўзингиз бажаргандан кўра, унга ҳайбаракаллачилик қилмоқ, бошчилик қилмоқ осон, ҳам мароқли. Бу эса шундай ширин, шундай мазали бир нишолдаки, ялайтуриб ҳар қандай қаламни синдириб отгингиз келади.
* * *
Ўшанда оташин инқилобчи бизнинг Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган, тоғдек бўлиб донгдор “оқ олтин ижодкорлари” билан тушган катта-кичик суратлари газеталарни тўлдириб юборган. Мирзо Рамазон, комсомолдан етишиб чиққан жайдари бир романтик эмасми, айни ўша кезларда туғилган тўнғичига, давр билан ҳамқадам бўлмоқ илинжида, ҳовлиқиб ана ўша серсоқолнинг отини қўйган. Келажакда бир кун фарзанди бундан норози бўлишини хаёлига ҳам келтирмагандир. Фиделлар, Анжелаю Робертинолар замони экан-да, Валяхон! Бугун энди бирови зўравон диктатор сифатида ном таратган; “Анжела Девисга озодлик берилсин!” дея ҳимоясига бутун шўролар мамлакати оёққа турган яна бири эса аслида аёл киши эмас экан, ҳозир у ўзига ўхшаш жингалаксоч занжихонимга уйланиб, коммунистик ғояларга қарши курашиб ётганмиш; “Жама-айка-а!” ҳайқириғи билан чиқиб бутун дунёни ўзига жўр қилган “итальян булбули”нинг ҳақиқий жинси борасида ҳам турли мишмишлар юради: эмишки, у ҳам “туси”ни “мовий”га айлантириб, “эрга текканмиш”, эри ўзидан шу қадар ёш эканки, бир замонлар “Жамайка” деган оламга машҳур қўшиқ бўлганини ҳам эшитмаган…
* * *
Бўрини йўқласанг боши кўринармиш, тулкини эсласанг туёғи кўринибди, қуённи қувласанг – қулоғи…
* * *
Ҳеч кимга, ҳеч нарсага “тегиб кетмайдиган” беозоргина, қувноққина бир томоша. Кейин билса, ана шунақаси кўпроқ ёқар экан одамларга.
* * *
Дунёда ҳар қандай дарду балонинг давоси бор. Фақат биз уни билмаймиз, тополмаймиз-да.
* * *
Бу аломат чол билан ҳам муносабатимиз шундай кечди деса бўлади. У шўрлик нимадир демоқ илинжида оғиз жуфтлагани заҳоти энсам қотади, дарҳол зарбани тайёрлайман. У мудом муросаю мудофаада, биз эса янги – очиқлик, ростгўйлик замони вакили сифатида унинг кечаги – тарих тўрвасидан тушиб қолган қарашларига қарши ҳар қачон ҳужумда, ҳар қачон ғолиб!
Дунёда ахир одобу андиша, раҳм-шафқат деган гаплар ҳам бор-ку, мусулмон! Зуваласи ўша замонда қорилгани, суяги ўша замонда қотиб, фикр-қарашлари ҳам ўшанга мосланиб қолгани учун фақатгина ўзи айбдор эмасдир ахир!
* * *
– Ўзбекнинг ўзи-чи? Қони аралашиб кетса, ўзбек деганимиз нима бўлади, домла?!
– Ўзбек? – Чол бир дам довдираб турди. Афтидан, масаланинг бу томонини дуруст ўйлаб кўрмаган, ҳар кун чайнаб юргани анови матнда бундай саволларга жавоб йўқ эди. Лекин гапнинг ўзича ўнғайроқ бир нишабини топди касофат: – Ҳа, қайтага яхши эмасми? Қон янгиланади, яшаради, миллатнинг қиёфаси ҳам кўр-камлашади, ис-теъдоди ортади. Тўғрими га-пим?
– Тўғри эмас! Яхши ҳам эмас! – дедим қоним қайнаб. – Менга унақа миллатнинг ҳам, бировдан садақага олинадиган қиёфаю истеъдоднинг ҳам даркори йўқ! Миллат эмиш! Агар сиз айтгандек бўлса, миллат дегани қоладими дунёда?!
* * *
Ўлгудек шовинист эди у, гап-сўзларидан – ўрис миллатчиси! Айниқса, кечаги “ошкоралик” кунлари худо берди унга. Мажлисларда чайқала-чайқала минбарга чиқиб олиб, “оға” миллат вакили сифатида, ўша миллат номидан дағдағали нутқлар ирод этади, ўзбеклар даврасида ёлғиз бўлса, “чўчқахўр махлуқлар” дея зўр бериб миллатдошларини, хусусан, бирга ишлайдиган ҳамкасбларини қоралай кетади. Хуллас, бетайин, бедаво бир бало!
Бироқ ҳамма, ўша мажлис-маросимларда сўз улашадиган катта-кичик раҳбарларгача ундан қўрқади, у билан ҳисоблашмоққа мажбур! Шундай қилмай кўрсин-чи! Сиёсий сафсатабозликни нақд чўққисига олиб чиқади. Афтидан, унинг бу каби кори бади кимгадир керак, кимдир биров шундан манфаатдор, унга ҳатто йўл-йўриқ ҳам кўрсатиб туради.
* * *
Гап орасида ўзимнинг дардимдан сўз очган эдим, у дарҳол муолажа курсисига ўтқазиб, қулоқларим устида кафтларини ликиллата кетди. “Исияптими? Бирор нима сезяпсизми?” деб сўрайди дам-бадам. “Ҳа-а, бор”, деб қўяман шундоқ номи кетган табиб ҳам уч-тўрт кунлик улфатимнинг кўнглига бориб. Ҳолбуки, ҳар қандай кафтни ҳам бир муддат тутиб турсангиз, чаккангиз исигандек, ҳатто қизигандек бўлади; “кафт” билан “тафт” бекорга қофиядош эмас.
* * *
Одам бир ишга қаттиқ ёпишса, кутилган натижа чиқмаслигига кўзи етиб турса ҳам, чиқадиганга ўхшайверар экан.
* * *
Шу кетишда аранг индини етиб бордим, марҳумнинг кичик маъракаси куни. Худди отам тирилиб келгандек, ҳамма уввос солиб менга ёпишди. Энам ўтирган хонага бошлаб кирдилар. Амма-холаю қариндош-уруғ, қўни-қўшни аёллар. Бари галма-гал бўйнимга осилиб йиғи қилди. Шунда кўрдим Паризод опани – аямизни. У ҳам бўйнимдан қучоқлаб кўкрагимга бош қўйдию алланечук ҳидлагандекми бўлди. Кейин кўзлари ёшовсираганча бир четда мунғайиб қараб турди. Мотамсаро. Дафъатан хаёлимга келди: шундан бошқа қиёфада кўрмаган эканман уни. Қарибди. Эсиз умр, бенаво ўтган умр!
* * *
Дунё бунча тор! Тасодифи бунча кўп! Тоғ тоғ билан учрашса ҳам ҳайрон бўлманг экан.
* * *
Фарҳод Тошкентда бир табибга учрагани, табиб ўзи ғилайроқ экани-ю, чилдирмасимон аллақандай ёғоч гардишга солиб ҳар ён айлантира-айлантира бошининг бичимини тўғриламоқчи бўлганларини кула-кула гапириб берди. Ҳар сўзида “Ўзлари ғилай! Зўр бўлсанг, аввал кўзингни тўғрилаб ол!” деб қўяди.
* * *
Одам бўлгандан кейин шундай бир дард ҳам керак-да: бу дунёнинг, ўткинчи умрнинг қадрини, ғаниматлигини эслатиб-эслатиб турадиган! Қаранг, ҳаёт ўзи ғала-ғовур шовқинга тўла-ку, тўғрими? Гап энди шунга кўмилиб қолмасликда, кўнгилни шундан озода асрай олишда. Кимки бу талотўпнинг ичидан кўнглига мос бир оҳангни топа билса, ана ўша одам ютади, ана ўшанинг армони камроқ бўлади. Кўнгилни ўйланг, кўнгилни авайланг, иним. Кўнгил – ўзингизники, қолган шовқин-сурон эса дунёга тан. Ахир, қулоқ жонивор фақат беҳуда шовқин-суронни эшитмоққа берилмагандир!
* * *
Санъат иши азалдан бир-бирига қарама-қарши икки тоифанинг ўртасида талаш бўлиб келган: истеъдодли билан истеъдодсизнинг, чинакам заргар билан қаллобнинг. Тўғрими? Аммо ўша қаллоб деганимиз ҳам ҳеч қачон ўзини бировдан кам чоғламайди: у ҳам инсон, тирик жон, унинг-да ҳаётда кўзлаган мақсаду манфаатлари бор, шу йўлда курашади ва табиийки, буни адолат жабҳасидаги муқаррар муҳораба деб билади. Худо жами жонзотни жуфт яратгани тўғрисидаги эски ҳақиқатни такрорлаб бошларингни қотириш ниятим йўқ – санъат ҳодисаси табиатан ана шундай ўзаро кураш, ана шундай зиддиятларсиз яшаёлмаслигини таъкидламоқчиман, холос.
* * *
Тўғри, бугун энди бошқа одамсан (азалдан ҳам ўзи шундай бошқача бўлмоқни, бошқача яшамоқни орзу қилардинг!), лекин ўтган кунларингдан ўша-ўша саҳифаларни юлиб ташлаш чораси бормикан? Шундай қилмоқ керакми ўзи? Унда бир тутамгина умрдан нимаси қолади?..
Қизиқ, баъзан ҳаётингизнинг қораламаси оралаб – хомаки бир ҳаётда яшаб тургандек бўласиз. Гўёки теварак-атрофингиздаги одамлар ҳам, воқеа-ҳодисалар ҳам ўткинчи, омонат, уларни яна бир карра, яъни расмонасига кўрмоқ, бошдан кечирмоқ ҳали олдинда кутаётган каби шошиб, бепарво юраверасиз. Ҳолбуки, буларнинг ҳар бири бетакрор, бор ҳаётингиз – мана шу, умр деганлари – шу, тамом! Тақдир йўлларидан яккаш ўзингиз ўйлагандек, орзу қилгандек топ-тоза, бирон гард юқтирмай ўтиб бўлмас экан. Гоҳо етти ухлаб тушингизга кирмаган гирдоб ё мағзаваларга йўлиқасиз, аммо уларни четлаб-айланиб эмас, айнан кечиб ўтмоққа маҳкумсиз! Шунда, ана шунда!.. Демак, гап бу муқаррар хас-хашагу лойқа-қуйқадан имкон қадар фориғланиб боришдагина қолар экан. Лекин буниси ҳам осон эмас-да, аксар қутулмоқнинг иложи йўқ-да: барибир кечаги кунларингиз таъқиб этаверади.
БЕКЗОД тайёрлади.

