16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Агар йил охиригача ёмғир ёғмаса…

Эрон пойтахт Теҳрон аҳолисини эвакуация қилишга олиб келиши мумкин бўлган мисли кўрилмаган қурғоқчиликка дуч келмоқда. Бу ҳақда Франциянинг Le Monde газетаси ёзган.  

Жорий йилнинг кузида мамлакатнинг қарийб ярми – 31 та вилоятдан 15 тасида ҳозирча ёмғир ёғмаган. Ёғингарчилик ҳеч қачон кузатилмаган даражада кам, охирги юз йилдаги энг кам миқдорга яқинлашган. Мамлакат ҳукумати сув танқислиги туфайли тунги вақтларда таъминотни ўчириб қўйиш тартибини жорий этган.

Эроннинг йириклиги бўйича иккинчи шаҳри Машҳадда ҳудудни сув билан таъминлайдиган тўртта тўғондаги захиралар 3 фоизгача тушган. Мамлакат президенти Масуд Пезешкиённинг сўзларига кўра, агар йил охиригача ёмғир ёғмаса,  эҳтимол, Теҳрон аҳолисини хавфсиз жойларга кўчиришга тўғри келади, дейилади мақолада.