16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Иқтисодиёт

Китоб туманида саноатлашган интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш бўйича 65 та лойиҳа амалга оширилади

Озиқ-овқат хавфсизлиги

Китоб туманида 2025-2026 йилларда иқтисодий самарасиз ҳамда эскирган боғ ва токзорлар ўрнида ҳамда тоғолди ва қир-адирликлар, лалмикор ер майдонларида  янгидан саноатлашган интенсив мевали боғ ва токзорлар барпо этишга  61,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш режалаштирилган.

Туман ҳокимининг жорий йил  17 ноябрдаги фармойиши билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ, жорий йил кузда ва келгуси йил давомида  1 минг 208 гектар майдонда интенсив усулда янги боғ ва токзорлар яратиш назарда тутилган, бунинг учун лойиҳа ташаббускорлари томонидан қарийб 23 миллиард сўм ўз маблағлари ва 38,5 миллиард сўмдан зиёд банк кредитлари сарфланади. Шу тариқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш баробарида туман экспорт салоҳиятини ошириш ва юқори даромадли иш ўринлари ташкил этиш ҳам мўлжалланмоқда.

Масалан, «Bog‘izar Varganza» масъулияти чекланган жамияти мулкдорлари Сурум маҳалласи ҳудудидаги мавжуд гилос боғини кенгайтиришга ўз маблағи ҳисобидан 1,2 миллиард сўмни ажратишга қарор қилишган бир пайтда, «Nazarova Zaynab Nazarovna» фермер хўжалиги аъзолари 1 миллиард сўм ўз маблағи ва 200 миллион сўм банк кредитини Самарқанд маҳалласида янги бодом боғини барпо этишга йўналтиришмоқчи. Шунингдек, «Lochintirnoq» ва «Ergash bobo nabirasi Muzaffar» фермер хўжаликларининг ҳар бири Жилисув маҳалласи ҳудудидаги 8 гектар майдонда янги токзор ташкил этиш ва ушбу  лойиҳаларга 700 миллион сўмдан маблағ сарфлашни  режа қилишган. «Xolmurodov Shuxrat Eshmurodovich» фермер хўжалиги эса Қатлос маҳалласида лимон етиштириш бизнесини кенгайтириш йўлида ўз маблағидан 500 миллион сўм ажратиб, банкдан 3 миллиард сўм кредит жалб қилишни мўлжаллаяпти.

Умуман олганда, Китоб туманида интенсив усулда боғ ва токзорлар барпо қилиш йўналиши бўйича икки йил ичида 30 га яқин маҳалла ҳудудида 65 та лойиҳанинг амалга оширилиши ва аграр соҳанинг айнан шу секторида 400 га яқин янги иш ўрни яратилиши прогноз қилинмоқда.