16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

1 ДЕКАБРДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 декабрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан

Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда сейсмология соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

содир бўлиши мумкин бўлган зилзилаларнинг минтақавий акселерограммалар базаси; республика ҳудудларини илмий таҳлил асосида сейсмик хавф даражаси бўйича таснифлашни назарда тутувчи умумий сейсмик ва батафсил районлаштириш хариталари; туман ва шаҳарлар марказларининг макросейсмик баллардаги ва чўққи тезланишдаги микроҳудудлаштириш хариталари; республикадаги мавжуд фаол тектоник ёриқлар харитасини рақамлаштирган ҳолда ягона тизим асосида Онлайн сейсмологик платформа ишга туширилади.

Онлайн сейсмологик платформа «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига интеграция қилиниб, ундаги сейсмологик кўрсаткичлар бўйича сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган бино ва иншоотлар лойиҳалаштирилади ҳамда мазкур кўрсаткичлар шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.

***

Тадбиркорлик субъектларини янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида:

«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан қўшимча равишда кафолат ёки кафиллик қуйидаги шартларда тақдим этилади:

 йирик тадбиркорлик субъектларига 10 миллиард сўмгача, бироқ кредит, лизинг, банк кафолати ва аккредитивларнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда;

Компаниянинг кузатув кенгаши қарори билан белгиланган тартибда ўрта ва йирик тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва «яшил» иқтисодиёт йўналишидаги йирик лойиҳаларига уларнинг айланмасидан келиб чиқиб, 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган миқдорда;

аввал кафилликдан ижобий фойдаланган ва яхши кредит тарихига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига амалда белгиланган кафиллик миқдорини 1,5 бараваргача оширган ҳолда;

гаров таъминоти бўйича юзага келган тақчилликни бартараф этиш учун барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига белгиланган миқдорлар доирасида ажратилган кредит, лизинг, банк кафолати ва аккредитивларга.

***

Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

идоралараро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини тақдим қилиш талаби; никоҳдан суд қарори асосида ажратилганда никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома  ёзувини шакллантириш учун ФҲДЁ органлари томонидан никоҳдан ажратилган шахслардан суд қарорининг талаб қилиниши; чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларнинг турар жойи, ўқиш жойи, иш жойи ва лавозимидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни тегишли мудофаа органларига тақдим қилиш мажбурияти; автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасида автомототранспорт воситаси мулкдорининг манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинади.

***

Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади.

***

Қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш орқали самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

Агропорталда қишлоқ хўжалиги ерларини иккиламчи ижарага бериш юзасидан: иккиламчи ижарага бериладиган ерларни белгилаш, ижара шартномасини тузиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва тўловларни амалга ошириш; иккиламчи ижарага бериладиган ерларда маҳсулот етиштиришга кредитлар олиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш хизматлари жорий қилинади.

***

Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида:

божхона ҳудудида ёки ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимларида божхона юк декларацияларини соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш имконини берувчи «Толлинг операциялари» модули амалиётга жорий этилади.

***

Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ

Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

«истеъмолчи – тадбиркор – нодавлат нотижорат ташкилотлари – давлат органлари» тизими жорий этилади. Бунда: истеъмолчиларнинг барча мурожаатлари Рақобат қўмитасида ишга тушириладиган «Истеъмолчи мурожаати» ахборот тизими орқали қабул қилинади ва барча босқичларда мониторинг қилиб бориш тизими йўлга қўйилади;

«Истеъмолчи мурожаати» ахборот тизимини Солиқ қўмитасининг ягона ахборот тизимига интеграция қилиш орқали барча тадбиркорлик субъектларига истеъмолчилардан мурожаатлар келиб тушгани ҳақида хабар юбориш тизими йўлга қўйилади;

истеъмолчининг «Истеъмолчи мурожаати» ахборот тизими орқали рўйхатга олинган мурожаати, биринчи навбатда, тадбиркор томонидан Рақобат қўмитаси назорати остида 10 кун ичида кўриб чиқилади, истеъмолчи мурожаати ижобий ҳал этилмаган тақдирда, мурожаатчининг танловига кўра Қўмитага ёки нодавлат нотижорат ташкилотларига ўрганиб чиқиш учун юборилади.

***

Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:

нодавлат нотижорат ташкилотларига «Рақамли ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали белгиланган тартибда электрон идоралараро ҳамкорликни амалга оширишга рухсат берилади.

***

Нотариат институтини янада ривожлантириш   ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

нотариал хизматлар кўрсатишда, республика ҳудудида нотариал тасдиқланган никоҳ шартномалари нусхасини «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимига мажбурий юклаш тартибини жорий этиш орқали, уларнинг аслини нотариуслар томонидан талаб қилиш; нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни қайд этилган аудио ва видеоёзув файлларини электрон қурилмаларда сақлаш талаблари бекор қилинади.

***

Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

нодавлат суд экспертларига якка тартибда суд-экспертлик бюроси шаклида фаолият юритиш ҳуқуқи берилади.

***

2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида:

атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизими маълумотлари базаларининг жамоатчилик учун очиқлиги таъминланади ҳамда уларда ҳар йили «Яшил макон» умуммиллий  лойиҳаси доирасида экиладиган дарахт ва кўчатлар ҳақида (манзили, парваришлаш учун масъул  шахслар, кўчат тури ва бошқалар);

давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш мақсадида тақдим этилган аризалар ҳақида (мурожаатчилар, дарахтлар сони, тури ва манзили) ва дарахтни кесиш бўйича ўтказиладиган жамоатчилик эшитуви ҳақида (санаси, вақти, манзили ва натижалари);

сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олиш бўйича жорий қилинган мораторий тартибини бузган шахслар ҳақида;

мўлжалланаётган ва (ёки) режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолиятининг ҳамда  бошқа фаолиятнинг атроф-муҳитга эҳтимол тутилган таъсири масалаларини аҳоли ва жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган жамоатчилик эшитувлари натижалари ҳақида;

стратегик экологик баҳолаш объектлари, жумладан, шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари, давлат дастурларининг, концепцияларининг, ишлаб чиқариш кучларини, иқтисодий ва ижтимоий соҳа тармоқларини жойлаштириш ҳамда ривожлантириш схемаларининг лойиҳалари юзасидан жамоатчилик эшитуви натижалари ҳақида;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ўтказилган рейдлар, текширувлар, мониторинглар натижасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар ҳақида;

ҳудудларга қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун бириктирилган санитар-тозалаш корхоналари (корхона номи, раҳбари ва унинг ўринбосари фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг телефон рақамлари, диспетчерлик хизмати ва мурожаатларни қабул қилиш хизмати маълумотлари, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш режа-графиклари) ҳақида;

чиқиндиларни қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш ва ёқиш орқали муқобил энергия ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар ҳақида (корхона номи, фаолият тури, телефон рақамлари, иккиламчи хомашё, сараланган чиқиндиларни қабул қилиш масканлари манзиллари) маълумотлар жойлаштириб борилади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан

Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаштириш амалиётини йўлга қўяди.

***

Туризм соҳасини рақамлаштириш ва туристик хизматларни ягона платформага бирлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:

сайёҳларга жойлаштириш воситаларини онлайн банд қилиш ва сайёҳлар томонидан баҳолаш; республикадаги туроператорлар ва турагентлар хизматлари, шу жумладан, сайёҳларга гид, гид-таржимон, йўриқчи-йўл бошловчи, экскурсия етакчилари хизматларидан фойдаланиш; йўналишсиз такси ва автотранспорт воситалари ижараси хизматларидан фойдаланиш; автобус, авиа ва темир йўл чипталари, маданий мерос объектлари, музейлар ва бошқа диққатга сазовор жойларга кириш чипталарини харид қилиш; халқаро ва миллий тўлов тизимлари орқали туристик хизматлар учун тўловларни амалга ошириш; туризм соҳасига оид статистик ҳисоботларни юритиш ва реал вақт режимида таҳлил қилиш имконини берувчи платформа тўлиқ ишга туширилиши таъминланади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.