16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

МЕҲР КЎРСАТИБ, ҚАДР ТОПИШ ФУРСАТИ

Бугун  – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни

Мамлакатда ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни кенг миқёсда нишонланади. Шу куни  ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олиниб, совғалар улашилади ва ижтимоий-иқтисодий томондан қўллаб-қувватланади.Турли хайрия акциялари ва байрам тадбирлар ўтказилади.

Шундан хайрия тадбирларидан бири вилоят ҳокимлиги вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидландики, юртимизда Президент бошчилигида барча фуқаролар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга бир хил имкониятлар амал қиладиган жамиятни барпо этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир инсон у қайси соҳа вакили, ким бўлиши ёки жисмоний имкониятидан қатъий назар шахсан давлат раҳбарининг эътиборида эканлигини ҳис қилиб турибди. Бунинг самараси ўлароқ ушбу тоифадаги аҳолининг ўзларини ёлғиз ҳис этмаслиги, зарур билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, барча соҳа ва тармоқларда фаол иштирок этиши учун керакли имкониятлар яратилди.

Тадбир доирасида бир қатор имконияти чекланган фуқароларга эсдалик совғалари топширилди.

Хайрия акциясида иштирок этган вилоятимиздаги барча корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ногиронлиги бўлган шахслар томонидан қўл меҳнати билан тайёрланган турли дизайндаги маҳсулотларни харид қилишди.

– Бундай маҳсулотлар нафақат бадиий қиймати, балки меҳр ва меҳнат билан ясалгани учун ҳам алоҳида қадрлидир, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири Қарши шаҳридаги 26-давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Дилафрўз Қурбонова. – Биз болалар учун турли хилдаги миллий ўйинчоқларни харид қилдик. Бу каби акцияларнинг тез-тез ўтказилиши ногиронлиги бўлган фуқароларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, ижтимоий фаоллиги ва иқтисодий мустақиллигига қўшимча туртки беради.

30 ноябрдан 30 декабрга қадар давом этаётган «Меҳр-мурувват ойлиги» доирасида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Шоҳиста БОЗОРОВА