8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Шавкат МИРЗИЁЕВ:
Конституциямиз мамлакатимизда миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ислоҳотларимизнинг ортга қайтмас тус олишини таъминлашда доимо ишончли кафолат бўлиб келган ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади.
Шу маънода, халқимизнинг ҳуқуқий тафаккури, хоҳиш-иродасининг ёрқин тимсоли ва амалий ифодаси бўлган Асосий Қонунимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
«Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият» деган тушунча мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларда, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида ўз аксини топаётганига бевосита гувоҳмиз. Хўш, бу борада кейинги йилларда қандай ўзгаришлар юз берди ва уларнинг моҳияти нимадан иборат?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Лола Саодатова билан суҳбат шу мавзуда кечди.
– Бугун инсон ҳуқуқлари ҳимояси нафақат бир давлат, балки халқаро миқёсдаги нормага айланди. Суҳбатимизни айни йўналишдаги қонун ҳужжатлари ва уларнинг аҳамиятига тўхталишдан бошласак.
– Маълумки, инсоният тарихининг илк ёхуд давлатчиликнинг ибтидоий кўринишлари шакллана бошлаган даврларданоқ вазият тақозоси ила маълум қонун-қоидалар юзага келган.
Энг қадимий қонунлардан бири – Шарқ ҳуқуқининг қимматли ёдгорлиги «Хаммурапи қонуни», зардуштийларнинг милоддан аввалги IX-IV асрларда ёзилган муқаддас китоби «Авесто», Юнонистондаги «Солон демократияси» (милоддан аввалги VI аср) юқорида айтиб ўтилган қонун-қоидаларнинг энг машҳурлари ва қадимгиларидир. Бундан ташқари, қонун ва қоида мақомини олган Низомулмулкнинг «Сиёсатнома»си, Ярослав Мудрийнинг «Рус ҳақиқати», Чингизхоннинг «Ясо»си ҳам ўз даври тартиботларини ўзида жамлаган.
Алоҳида эътироф этиш керакки, давлат, уни бошқариш ва юксалтириш борасидаги тавсиялар ҳолида шакллантирилган қоидалардан иборат, ўз даврининг конституциявий қўлланмаси шаксиз «Темур тузуклари»дир.
Жамият ривожланган сари қонунлар ҳам янада мукаммаллашиб бориши табиий. Айниқса, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, 1948 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилиниши бу борада жуда катта аҳамиятга эга бўлди. «Барча одамлар эркин, қадр-қиммат ва ҳуқуқларда тенг бўлиб туғиладилар. Улар оқил ва виждон соҳибидирлар ва бир-бирларига биродарларча муомала қилиши зарур», дейилади декларация бандларида.
Ватанимиз мустақилликка эришган илк кунларданоқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш давлат олдидаги энг олий мақсад қилиб қўйилди. Буни давлатимиз қўшилган биринчи халқаро ҳужжат айнан Инсон хуқуқлари умумжаҳон декларацияси эканлиги билан изоҳлашимиз мумкин. 1995 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти ташкил этилди.
Бугунги кунга қадар давлатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг тегишли идораларига миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳуқуқларига тааллуқли конституциявий нормалар уч баравар кўпайди ва 50 дан ортиқ моддани ташкил этди. Бош қомусимизда инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилларига содиқлик мустаҳкамланган.
Шу билан бирга, биринчи марта халқаро миқёсда тан олинган ҳуқуқшунослик институтлари – «Миранда қоидаси» ва «Хабеас корпус», шунингдек, бепул юридик ёрдам кўрсатишни назарда тутадиган «Pro bono» институти ҳам конституциявий мақомга эга бўлди.
– Сўнгги йилларда мазкур институтлар ҳақида кўп гапирилаяпти. Хўш, улар қай даражада ишлайди ўзи?
– «Миранда қоидаси» шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушланиш асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши, давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг ўзбошимчалигидан ҳимоялайди. Ўз ҳуқуқини билган инсонларга қарши терговда зўравонлик ёки қонунга хилоф ишлар қилиш эҳтимоли кескин камаяди.
«Миранда қоидаси» илк бор АҚШ суд амалиётида пайдо бўлиб, кейинчалик халқаро ҳуқуқ нормаси сифатида барча ривожланган давлатларда фойдаланилган. Қоиданинг мазмунига эътибор берсак, сукут сақлаш, ҳуқуқий ҳимоя учун адвокат хизматидан фойдаланиш ва бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан огоҳлантирилиш маъносини англатади.
Шунингдек, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш мақсадида «Хабеас корпус» институти кенгайтирилиб, тергов устидан суд назорати янада кучайтирилди. Жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди.
Шу ўринда, фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бевосита ва онлайн режимда маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш орқали бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳам фаолиятини эътироф этиш керак.
Умуман олганда, янги таҳрирдаги Конституциямиз нормалари «Инсон қадри учун» деган ягона эзгу ғоя асосида тубдан қайта ишлаб чиқилганини кўриш мумкин. Демак, Бош қомусимиз инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати бўладиган, инсон улуғланадиган ҳуқуқий ҳужжат, десак муболаға бўлмайди
– «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги янги Қонун моҳияти ва аҳамияти нимадан иборат?
– Ўттиз йилдан ошиқ вақт мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти ваколатлари, иш услублари, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш миллий тизимидаги ўрни ва роли такомиллашиб борди.
Охирги йилларда Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида туб ислоҳотларнинг амалга оширилиши Омбудсман институтига ҳам катта масъулият юклади. Мазкур ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда унинг фаолият йўналишлари ҳам такомиллашиб бормоқда.
2024 йил 15 ноябрда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги янги Қонун қабул қилинди. Қонун билан Омбудсманнинг ваколатлари кенгайтирилди. Хусусан, Омбудсман:
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;
ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг амалда рўёбга чиқарилишини ўрганиш ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
ички ишлар органлари тизимига кирадиган маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассасаларда, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг гарнизони ҳамда қўшин гауптвахталарида, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида, тергов ҳибсхоналарида, жазони ижро этиш муассасаларида, интизомий қисмларда, мажбурий даволаш муассасаларида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолларининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш;
аҳоли ўртасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги халқаро ҳамда миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби вазифалар белгиланди.
Қонунга биноан Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни ўз ичига олган махсус маърузалар тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумларнинг Омбудсманга мурожаат қилишлари учун у ерларда «Омбудсман қутиси» ўрнатилди. Бу эса уларнинг муассаса раҳбариятисиз тўғридан-тўғри Омбудсманга мурожаат қилишига имкон яратди.
Омбудсман давлат органлари ва идораларига фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома киритиши белгилаб қўйилди.
Келгусида ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти парламент назорати институти сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган барча ваколат ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга йўналтиради.
Б.САЙФИЕВ суҳбатлашди.

