16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Ҳокимият расмийлари ўзларини йиллаб ҳақорат қилган мурожаатчини судга берди

Япониянинг Михама шаҳри расмийлари уларни беш йил давомида ҳақорат қилиб келган эркакни судга берди, деб ёзади Sora News манбаси.

Воқеа 2020 йилда 60 ёшдан ошган эркак шаҳар ҳокимиятига, айтилишича, идора ваколати доирасига кирмайдиган масалада мурожаат қилганидан бошланган. Масъуллар мурожаатчига унинг муаммоси ечими борасида ёрдам бера олмасликларини хушмуомалалик билан тушунтиришган. Фуқаро айнан нима хоҳлагани эса ҳозирча номаълум.

Кейинига эркак телефон қўнғироқлари, хатлар ва ўз ташрифи билан шаҳар маъмуриятини том маънода қўрқувга солган. Айрим ҳолатларда у соатлаб ҳокимият вакилларининг вақтини олган, тинимсиз сўкиниб, тортишган ва бақирганча эътирозларини билдирган. Мурожаатчи охирги етти ойда идоранинг деярли барча бўлимларига 800 мартадан ортиқ қўнғироқларни амалга оширган ва хатлар юборган. 

Вазият издан чиққанини тушунган расмийлар бундай мурожаатчиларга таъсир ўтказишнинг қонуний йўлини топишга интилиб, ҳокимиятга фуқародан бўлаётган ҳаддан ошиқ шикоятлар агар идоранинг нормал ишлашига халал берса, уни судга тортиш имконини берувчи қарор қабул қилишган. 

Охир-оқибат шаҳар расмийлари тажовузкор мурожаатчидан ходимларнинг у билан мулоқот учун сарфлаган вақти учун тўланган иш ҳақига тенг миқдорда – 25 минг доллар талаб қилишмоқда экан.