Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги вилоят филиали ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида Қашқадарё вилоятидаги барча бошқарма ва ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлимларида фаолият юритиб келаётган давлат фуқаролик хизматчилари ўртасида «Энг фаол китобхон туман (шаҳар) ташкилоти ходими» танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад давлат фуқаролик хизматчилари ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, китобхон давлат хизматчилари сафини кенгайтириш ва мутолаа маданиятини ошириш, уларда миллий ва ахлоқий тарбияни, бой маданий меросимизга бўлган ҳурматни янада ривожлантиришдан иборатдир.
Қайд этиш жоиз, бир муддат аввал давлат фуқаролик хизматчилари ўқиши керак бўлган асарлар рўйхати эълон қилинди. Хусусан, Абдулла Қодирий қаламига мансуб «Меҳробдан чаён», Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романлари, Эрнест Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз» қиссаси, Жек Лондоннинг «Ҳаётга муҳаббат» ва Абдуқаюм Йўлдошевнинг шов-шувларга сабаб бўлган «Пуанкаре» ҳикояларини эътибор билан ўқиб, пухта тайёрланган иштирокчилар якуний босқич йўлланмасини қўлга киритишди.
Вилоят босқичи иштирокчилари «Бадиий асарлар билимдони» ҳамда «Тезкор савол-жавоб» шартлари асосида ўз билимларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Миришкор тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходими Ақмамат Ҳайитов қўлга киритди.
Танлов ғолибларига диплом, китоблар ва эсдалик совғалари топширилди.
БЕКЗОД

