Венесуэла президенти Николас Мадуро АҚШ етакчиси Дональд Трампдан «истеъфога чиқиш тўғрисидаги битим» доирасида 200 миллион долларни ўзида сақлаб қолиш ва сиёсий бошпана тақдим этишни сўради. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар берган.
«Манбаларга кўра, Николас Мадуро АҚШ президенти билан истеъфо ва қочиш тўғрисидаги келишув доирасида шахсий бойлигидан 200 миллион долларни сақлаб қолиш, ўз атрофидаги амалдорларни афв этиш ва дўст мамлакатлардан бошпана тақдим этишни сўраган», дейилади нашр хабарида.
Бир неча кун аввал Дональд Трамп Венесуэла осмонидаги ҳаво кенгликлари авиакомпаниялар, гиёҳванд моддалар савдогарлари ва одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар учун ёпилгани ҳақида эълон қилганди. Ушбу баёнот Кариб ҳавзасида Америка ҳарбий кучлари кўпайиши фонида янграган.
The Washington Post газетаси АҚШ самолётлари Венесуэла атрофидаги ҳудудларда доимий навбатчилик қилаётганини ёзган. Мамлакат оммавий ахборот воситалари бир неча бор тез орада ҳужумга ўтилиши мумкинлигини эълон қилган.

