16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Немис миграция сиёсати сабаб бошпана сўровчилар камайди

Чегара назорати жорий этилиши, оилани бирлаштириш дастури тўхтатиб турилиши, фуқаролик олишнинг тезлаштирилган имкониятлари бекор қилиниши, шунингдек, депортациялар сони кўпайиши ортидан ўтган йили Германияда бошпана беришни сўраб берилган бирламчи аризалар сони ярмидан кўпроққа қисқарди. Бу ҳақда федерал ички ишлар вазирлиги маълум қилган.

Идора расмийларининг қайд этишича, 2025 йилда ГФР ҳудудида қочқин мақомини олишни сўраб, 113 минг 236 та бирламчи ариза топширилган. Таққослаш учун: 2024 йилда вазирлик 229 минг 751 та, 2023 йилда эса 329 минг 120 та ариза қабул қилган. Демак, ўтган йилда бундай аризалар сони 51 фоизга, икки йил ичида эса 66 фоизга камайган.

Ички ишлар вазири Александер Добриндт бу ўзгаришларни канцлер Фридрих Мерц раҳбарлигидаги федерал ҳукумат олиб бораётган немис миграция сиёсатидаги ислоҳотлар билан боғлайди.

«Биз миграция жараёнларида тартибни аниқ ва изчил ўрнатяпмиз. Бошпана олиш ҳуқуқи бўлмаганлар келмаслиги керак. Жиноятчига айланганлар эса кетиши шарт», деган у.

Жорий йилда Германия ҳукумати аввал хавфсиз эмас деб ҳисобланган Сурия ва Афғонистонга депортацияларни давом эттиришни режалаштираётгани айтилади.