Бугун мамлакатимизда стратегик аҳамиятга эга бўлган кенг кўламли давлат тадбири – Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бошланди.
Рўйхатга олишдан мақсад нима?
Юртимизда мустақиллик даврида илк бор ташкил қилинган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири, Президентнинг 2025 йил 19 сентябрдаги тегишли фармонида белгиланганидек, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш учун 38 миллион аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида ўтказилмоқда ва бу жараёнда Европа статистиклари конференциясининг 2020 йилдаги тавсияларига таянилмоқда.
Шу билан бирга, рўйхатга олиш натижасида 26 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг фойдаланиш ҳолатини ўрганиб, чорва моллари ва паррандалар сонини аниқлаш орқали қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган йиллик 25,6 триллион сўм, жумладан, 2,2 триллион сўм бюджет маблағлари самарали сарфланишини, соҳадаги хизматлар ҳажмини аниқлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур маълумотлар тўпламини яратиш режалаштирилган. Айни пайтда ушбу муҳим тадбир давомида аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг ўсиш тенденцияларини ҳудудлар кесимида аниқ ҳисоб-китоб қилган ҳолда ижтимоий соҳа объектларини кенгайтиришга йўналтирилаётган йиллик 25,2 триллион сўм маблағнинг манзилли сарфланишини таъминлаб, республиканинг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлиги ва маҳаллалар кесимида аҳолининг турли тавсифлари тўғрисида ягона статистик услубиёт асосида халқаро даражада таққослаш мумкин бўлган маълумотларни шакллантириш ва шу орқали мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ва халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш ҳам мақсад қилинган.
Ҳукуматнинг ўтган йил 7 октябрдаги қарори билан тасдиқланган низомда эса рўйхатга олиш тадбирининг Ўзбекистон Республикаси аҳолиси тўғрисидаги маълумотларни олиш, аҳоли сони ва таркибини жорий ҳисоб-китоб қилиш, меҳнат ресурсларининг жойлашуви ва фойдаланилишини ўрганиш, ҳудудларда қишлоқ хўжалигининг таркибий ҳолатини баҳолаш, қишлоқ хўжалиги фаолиятига хизмат қилувчи инфратузилмани ривожлантириш, ресурслардан самарали фойдаланиш, рўйхатга олишнинг якуний маълумотлари таҳлили натижасида қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар ишлаб чиқиш ва пировардида ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда индикатив режалаштириш, шунингдек, илмий тадқиқотлар ўтказиш мақсадида ташкил этилиши кўрсатиб ўтилган.
Биринчи босқичда – census.stat.uz порталида онлайн, иккинчи босқичда – яшаш манзили ёки рўйхатга олиш участкасида
Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган тадбир умумий ҳисобда 45 кун, яъни шу йил 15 январь – 28 февраль кунлари давом этади.
Мазкур жараённинг биринчи босқичида – 15-31 январь кунлари рўйхатга олиш интернет тармоғи орқали амалга оширилади. Бунда респондентлар census.stat.uz портали орқали ўзлари ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтишлари мумкин. Ташкил этилган мобил гуруҳлар ва рўйхатга олувчи (яъни «маҳалла еттилиги» тизимида ишловчи) ходимлар эса ўзларига бириктирилган ҳудудда жойлашган йирик корхона ҳамда ташкилотларга ташриф буюрган ҳолда, уларда ишловчиларни электрон рўйхатдан ўтишларига амалий ёрдам кўрсатишади.
1-3 февраль кунлари интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхати шакллантирилиб, ҳудудий статистика органлари ва рўйхатга олиш участкаларига етказилади.
4-28 февраль кунлари, яъни муҳим тадбирнинг иккинчи босқичида рўйхатга олувчилар («маҳалла еттилиги» тизимида ишловчи, махсус дастурий таъминот ўрнатилган планшетларга эга ходимлар) респондентларни уларнинг яшаш (вақтинча бўлиш) манзилида ёки маҳалла фуқаролари йиғини биноларида жойлашган стационар участкаларда рўйхатга олишади.
Фермер хўжаликлари, юридик шахс ташкил этган деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар, ҳокимлик захирасидаги ер майдонлари (асосий фаолият тури қишлоқ хўжалиги бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларига эга ташкилотларни қўшган ҳолда) жорий йилнинг 15 январидан 28 февралига қадар рўйхатга олишнинг тўлиқ даврида интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтадилар.
Сўров чоғида қандай саволлар берилади?
Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш дастури ўз ичига асосий демографик кўрсаткичлар, аҳолининг механик ҳаракати ва миграцияси, миллий хусусиятлари ва фуқаролиги, таълим даражаси ва бандлиги, уй хўжалиги аъзоларининг иқтисодий ҳолати, болалар сони ва турар жой хусусиятларига тегишли саволлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига вақтинча келган чет эл фуқаролари тўғрисидаги шахсга оид маълумотларни тўплаш бўйича саволлар ҳамда аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан ва қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш чоғида бериладиган саволларни олади. Мазкур дастур асосида рўйхатга олиш саволномаси шакллари ишлаб чиқилган бўлиб, улар «Яшаш учун фойдаланиладиган турар жой хусусиятлари, ушбу турар жойда яшовчи уй хўжалиги аъзолари рўйхати»,»Шахсга доир саволнома», «Ўзбекистон Республикасига вақтинча келган чет эл фуқаролари учун саволнома», «Аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан шахсга доир маълумотларни йиғиш бўйича саволнома», «Жисмоний шахслар учун қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича саволнома» ва «Юридик шахслар учун қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича саволнома»дан иборат.
Дарвоқе, аҳолининг айрим тоифалари (масалан, «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшовчи ногиронлар ва боқувчиси йўқ қариялар, болалар маҳаллаларида истиқомат қилаётган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, чақирув асосида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ва контракт бўйича ҳарбий хизматга жалб этилган ҳарбий хизматчилар, ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, қамоқхоналар, тергов ҳибсхонаси (изоляторлар) ва ахлоқ тузатиш муассасаларида сақланаётган шахслар, турли даволаш муассасаларида доимий яшовчи фуқаролар, диний муассасаларда яшайдиган ёки таҳсил оладиган респондентлар ва бошқалар)ни рўйхатга олиш бўйича ишлар тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан ташкил этилади.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнида сўров давлат тилида ўтказилади. Шу билан бирга давлат тилини билмайдиган респондентлар она тилида ёки эркин равишда танланган мулоқот тилида сўровдан ўтказилиши мумкин. Бунда рўйхатга олувчи ходимлар ушбу ҳудудда яшовчи ёки шу ҳудуднинг аҳолиси билан эркин мулоқот қила оладиган шахслар орасидан танланади. Рўйхатга олувчи ходим респондент гаплашадиган тилни билмаса, сўровни ўтказишга рўйхатга олиш участкаси бошлиғи ёки унинг ўринбосари билан келишилган ҳолда шу тилни биладиган шахслар жалб этилади.
Фаол иштирокчиларни рағбатлантириш режалаштирилган
Масъулларнинг таъкидлашича, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг белгиланган муддатларда ва сифатли ўтказилиши кўп жиҳатдан унинг биринчи босқичида фуқароларнинг фаоллик билан census.stat.uz порталида рўйхатдан ўтишига боғлиқдир. Шу боис 15-31 январь кунлари онлайн рўйхатдан ўтган фуқаролар Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни ташкил этиш бўйича республика комиссияси ишчи органи этиб белгиланган Миллий статистика қўмитаси томонидан тасодифий тарзда танланиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишади.
Бундан ташқари, онлайн рўйхатдан ўтишда фаол иштирок этган фуқаролар учун маҳаллий ҳокимликлар ҳам турли хил совғалар беришни режалаштирмоқда. Масалан, вилоятимиз ҳокимлиги томонидан сўровномани сифатли ва биринчи бўлиб онлайн тарзда якунлаган маҳаллалар учун махсус рағбатлантириш тизими жорий этилган бўлиб, бундай маҳаллалар ҳудудида 1 километр ички йўлни таъмирлаш ёки қуриш, электр таъминотини яхшилаш учун трансформатор ўрнатиш, пиёдалар учун қулай йўлакчалар барпо этиш ва ёшлар учун мини стадион ташкил этиш назарда тутилган. Шу тариқа муҳим тадбирда фаол иштирок этиб, онлайн рўйхатдан ўтган инсонлар мамлакатимизда ҳар бир фуқаро ва ҳар бир хўжалик ҳақида аниқ маълумотлар тўплаш ва келгусидаги режаларни белгилаш учун замин яратиш баробарида ўзи яшайдиган маҳалланинг янада ривожланиши ва фаровон бўлишига ҳам муносиб ҳисса қўшиши мумкин.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

